Ноннинг азизлигини кўп таърифлаймизу, аммо нон ёпиладиган тандир ва уни ясайдиган тандирпаз усталар ҳақида кўпам ўйлаб кўрмаймиз. Бугунги мақоламиз вобкентлик тандир усталари ҳақида.

Бухоро вилоятининг Вобкент тумани сайёҳлик салоҳияти юқори ҳудудлардан. Бу гўша Бухоро шаҳридан 20 километр узоқликда, халқаро магистраль йўли бўйида жойлашган. 

Туман гиламдўзлари, мисгар-кандакорлари, сўзанадўз-каштадўзлари, қандолатчи-ҳолвапазлари, ганчкор, дурадгор, уста нақшинкорлари, косиб ва кулоллари билан донг таратган. Шу билан бирга, воҳада асрлар мобайнида шаклланиб келган кулоллик санъати, тандирсозлик алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда ҳам тандир халқимиз тарихининг, маданиятининг бир қисми сифатида эъзозланади.

Туман маҳаллаларидан бири Кулолчи деб номланади. Маҳалладаги деярли ҳар бир хонадонда кулол усталар яшайди. Ота мерос касбни давом эттириб келаётган Шавкат Фатуллаев ҳам тўртинчи авлод кулоллар оиласининг кенжа вакили.

Ҳозир йилига юзлаб тандир ясаётган уста Шавкат Фатуллаев нафақат маҳалланинг, балки вилоятнинг энг зўр тандирпазларидан.

— Ҳар қайси касб-корнинг ўзига яраша заҳмати бўлади. Эсимни танибманки, шу ҳунар ортидан, рўзғоримни тебратиб, орзу-ҳавасимизни кўриб келяпмиз, — дейди Шавкат Фатуллаев. — Бобом раҳматли «Ҳалол меҳнатга нима етсин, меҳнатдан келса бойлик, турмуш бўлар чиройлик», деган мақолни тандир ясаётиб қайта-қайта такрорларди. Энди олиб ўйлаб кўрсам, доно ўгит бежиз айтилмаган экан. Бир қараганда, бу баъзилар учун жуда оддий ва осон кўринади. Ҳа, энди лойни олиб, яхшилаб тепкилаб, тандир ясайвериш мумкинда, дегувчилар ҳам кўп. Аммо тандир ясаш алоҳида бир санъат. Бунинг учун шўрланмаган, алоҳида минералларга эга ширали гил тупроқ керак бўлади. Тупроғимиз шўр бўлгани учун ҳам лойга алоҳида ишлов берамиз.

Устанинг таъкидлашича, битта тандирни ясаш учун 6-8 соат вақт кетади. Сўнг уни сояда сақлаш, офтобда қуритиш учун 3-4 кун керак. Кулол бир дона катта тандир ясаш учун 200 килограмм гил тупроққа обдон ишлов беради.

Бир маромда бораётган тандирсозлик ишидан уста ҳар ой 6-7 миллион, йилига эса 70 миллион сўм соф даромад топади.

Кўриниб турибдики, устанинг оиласи тинч, дастурхони тўкин, рўзғори бадастир. Ҳалол меҳнати, соф пешона тери эвазига эл ичида обрўси ҳам баланд. Айни кунларда устанинг ва икки шогирдининг қўли қўлига тегмайди.

Фатуллаевлар оиласи биргина тандирсозлик билан чекланиб қолгани йўқ. Меҳнаткаш хонадон ҳовлисида зотдор қорамоллар парваришланмоқда. Биргина наслдор соғин сигирининг ўзи кунига 20 литр сут бераётган бўлса, боқиб гўштга топширилаётган новвосларидан ҳам яхшигина даромад кўради.

Дарҳақиқат, тадбиркорлик билан иш кўраётган инсон борки, бировдан кам бўлаётгани йўқ. Интилиб, изланиб, ҳалол меҳнат қилиб, пешона тери орқали ўз эзгу мақсадларига эришаётган инсонларнинг уйида ҳаловат, топганида эса барака бўлади.

Шуҳрат ШАРИПОВ,

журналист