Бугун эса ушбу тарихий ҳудуд замонавий Ўзбекистон иқтисодиётининг янги ўсиш нуқталаридан бирига айланиб бормоқда. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг Хоразмда тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти мамлакатимизда соҳани қўллаб-қувватлаш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудудлар иқтисодий салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва бизнес учун қулай шароитларни кенгайтиришга қаратилган изчил сиёсатнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.

Мамлакатимизда замонавий фикрлайдиган, ўз бизнесини кенгайтириш учун янгиликка интилаётган янги авлод тадбиркорлари шаклланмоқда. Бу эса юртимизнинг эртанги куни ва тараққиёти учун жуда катта куч ва ишончдир”, деди давлатимиз раҳбари тадбиркорлар билан учрашувда.

Мазкур мулоқотга олий таълим тизими нуқтаи назаридан қараганда, унинг аҳамияти янада кенгроқ намоён бўлади. Чунки бугунги иқтисодий тараққиётнинг асосий омили нафақат инвестиция, кредит ёки янги корхоналар, балки билимли, замонавий касб ва кўникмаларга эга, инновацион фикрлайдиган инсон капиталидир. Демак, тадбиркорликнинг янги босқичи таълим тизимида ҳам шунга монанд юксалишни тақозо этмоқда.

Сўнгги йилларда тадбиркорликни ривожлантириш борасида катта натижаларга эришилди. Президентимиз нутқида қайд этилган 84 та қонун, 861 та фармон ва қарор, 450 триллион сўмлик кредит портфели ҳамда 650 триллион сўмлик солиқ ва божхона имтиёзлари мамлакатимизда бизнес юритиш шароитлари сезиларли даражада ўзгарганини кўрсатади. Аммо бу рақамларнинг ортида яна бир муҳим ҳақиқат бор: ҳар бир янги корхона, лойиҳа ва иш ўринлари учун малакали мутахассислар зарур.

Демак, тадбиркор “бизнесни бошлаш” босқичидан “капитални кўпайтириш” босқичига ўтаётган бир пайтда таълим тизими ҳам ўз битирувчиларини ўзлаштирган билимларини амалиётда қўллай оладиган, муаммони тезкор ҳал қилиш кўникмасига эга ва янги қиймат яратадиган кадрлар сифатида тайёрлаши керак. Бу жиҳатдан олий таълим муассасалари олдида турган вазифа, биринчи навбатда, илм-фан, ишлаб чиқариш ва тадбиркорлик ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашдир.

Фарғона давлат университетида амалга оширилаётган ишлар бунга яққол мисол бўла олади. 2026 йилда олийгоҳни 6890 нафар талаба тамомлади. 2026 йил март ойи­да битирувчиларни барвақт иш билан таъминлаш бўйича “йўл харитаси” ва вақтинча ишсиз битирувчилар билан ишлашга қаратилган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Келажакка қадам” дастури орқали 2025 йилда 334 та лойиҳага 8 миллиард 64 миллион сўм ажратилиб, 352 нафар битирувчининг бандлиги таъминланган. 2026 йил бошидан эса 286 та лойиҳа учун 5 миллиард 563 миллион сўм маблағ ажратилиб, 286 нафар битирувчи ишга жойлаштирилган.

Яна бир йўналиш 2025 йил 7-8 октябрь кунлари ўтказилган Ўзбекистон — Беларусь II таълим форуми доирасида университетнинг илмий-амалий лойиҳалари, хусусан, аграр йўналишдаги ишланмалар хорижий делегация томонидан юқори баҳоланди. Университетнинг БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан ҳамкорликда ташкил этилган “ақлли” деҳқончилик иссиқхонаси ресурсларни тежаш, рақамли бошқарув ва замонавий агротехнологияларни амалиётга жорий этишнинг муҳим намунасидир. Автоматлаштирилган тизим асосида 8000 туп бод­ринг етиштирилаётгани илмий ишланманинг амалий самарадорлигини кўрсатади.

Асаларичилик коворкинг марказида асал­ари оилаларини кўпайтириш, наслли она арилар етиштириш ва табиий асал ишлаб чиқариш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам таълим билан тадбиркорликнинг уйғунлашаётганидан далолат. Бундан таш­қари, университетда ташкил этилган бешта коворкинг марказининг умумий қиймати 1 миллиард 170 миллион сўмни ташкил этади. Ушбу марказлар анорчилик, узумчилик, чорвачилик, асаларичилик ҳамда таржима фаолияти йўналишларини қамраб олган. Муҳими, бу масканларда профессор-ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва талабалар биргаликда ишламоқда. Натижада назарий билим амалий тажриба билан бойиб, илмий ғоялар реал лойиҳаларга айланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон — Беларусь III ҳудудлараро форумида Фарғона ва Гомель вилоятлари ўртасида имзоланган янги “йўл харитаси” ҳам иқтисодий ҳамкорликнинг инсон ҳаёти билан боғлиқ жиҳатларини кўрсатиб берди. Фарғонанинг Бешариқ ва Фарғона туманларида беларуслик инвес­торлар иштирокида умумий қиймати 23 миллион долларлик икки лойиҳа амалга оширилиши, натижада 150 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилгани шунчаки статистик кўрсаткич эмас. Бу 150 та оиланинг даромад манбаи, барқарор иш жойи ва эртанги кунга ишончи деганидир.

Янги лойиҳаларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, шок усулида музлатиш ва замонавий қадоқлашга ихтисослашгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Икки корхонанинг йилига жами 15 минг тонна маҳсулотни қайта ишлаши қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хомашё сифатида сотишдан тайёр ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтиш имконини беради.

Бундай жараёнда эса замонавий технологияни биладиган агроном, муҳандис, технолог, логист, маркетолог ва бошқа ­кўплаб мутахассисларга эҳтиёж ортиши табиий. Шундай экан, инвестиция ва таълим бир-биридан ажралган тушунчалар эмас. Янги корхонага киритилган инвестиция эртами-кечми кадрларга бўлган талабни юзага чиқаради. Кадрлар эса таълим тизимида тайёрланади.

Фарғона қуритилган меваларининг Беларусдаги “Smakata” савдо тармоғи орқали экспорт қилиниши ҳам ана шу занжирнинг яна бир бўғинидир. Экспорт ҳажмини 3 миллион долларга етказиш режалари маҳаллий маҳсулотларнинг халқаро бозордаги имкониятларини кенгайтиради. Аммо халқаро бозорга чиқиш учун фақат сифатли маҳсулотнинг ўзи етарли эмас. Хорижий тил, халқаро стандартлар, сертификатлаштириш, ­маркетинг, логистика ва халқаро савдо қои­даларини яхши биладиган мутахассислар ҳам зарур. Бундан чиқди экспорт сиёсатининг кенгайиши олийгоҳлар олдига ҳам янги вазифаларни қўймоқда.

Президентимизнинг тадбиркорлар билан мулоқотида сунъий интеллектга алоҳида эътибор қаратилгани замонавий иқтисо­диётнинг қайси томонга қараб ривожланаётганини кўрсатади. “10 минг корхона учун — сунъий интеллект ҳамкор” дастури доирасидаги имкониятлар, АI жорий этиш харажатларининг бир қисмини компенсация қилиш, суперкомпьютер имкониятларидан фойдаланиш ва илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш каби чора-тадбирлар сунъий интеллектнинг иқтисодиётдаги ролини кес­кин оширади. Бу жараён университетлар учун ҳам жуда катта чақириқдир.

Бугунги университет бир вақтнинг ўзида икки вазифани бажариши керак. Биринчидан, сунъий интеллект бўйича малакали мутахассисларни тайёрлаши, иккинчидан, турли соҳа мутахассисларига ўз касбида АI воситаларидан самарали фойдаланишни ўргатиши лозим. Чунки келажак иқтисодиётида агроном, иқтисодчи, юрист, таржимон, муҳандис, педагог, шифокор ва бошқа кўплаб мутахассислар ўз фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланишга мажбур бўлади. Шу нуқтаи назардан, таълим дастурларини замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш, талабаларни реал лойиҳаларга жалб қилиш ва профессор-ўқитувчиларнинг рақамли компетенцияларини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Фарғона давлат университетида сўнгги йилларда инновацион лойиҳалар ва стартап­ларни қўллаб-қувватлашга катта эътибор берилаётгани ҳам шу эҳтиёжга жавобдир. 2025-2026 ўқув йилида университетда 200 дан ортиқ учрашув, давра суҳбати ва амалий тренинглар ўтказилди. Йирик стартап ва идеатон танловларда 300 дан зиёд талаба иштирок этди. “Eko-innovation – 2025”, “Hult Prize”, “Ideaton” каби танловларда экология, қайта тикланувчи энергия, сунъий интеллект, таълим технологиялари ва бошқа йўналишларда лойиҳалар илгари сурилди. “Smart Bin”, “Manussript AI”, “Edu Games”, “ENERGIZE X” каби лойиҳаларнинг шаклланиши эса талабаларда инновацион фикр­лаш ва тадбиркорлик кўникмалари ривож­ланаётганини кўрсатади.

Келгусида стартапларни грантлар асосида молиялаштиришни кенгайтириш, “Университет 3.0” концепцияси доирасида B2S платформасини яратиш, халқаро акселераторларга чиқиш ва ҳар бир факультетда илмий-инновацион лабораториялар ташкил этиш каби режалар бу йўналишдаги ишларни янада кучайтиришни талаб қилмоқда.

Чиндан ҳам давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган “Biznes start”, “Biznes lift”, “Biznes yuksalish” каби дастурлар тадбиркорликнинг турли босқичларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Бу ташаб­буслар ёшлар учун ҳам катта имкониятлар яратади. Бироқ ундан самарали фойдаланиш учун молиявий саводхонлик, бизнес-режа тузиш, маркетинг, рақамли технологиялар, ҳуқуқий билим ва бош­қарув кўникмалари зарур.

Шу сабабли университетларда тадбиркорлик таълимини фақат назарий фан сифатида эмас, балки амалий фаолият билан боғланган тизим сифатида ривожлантириш зарур. Талабалар ўқиш давридаёқ лойиҳа тузиши, уни ҳимоя қилиши, бозорни ўрганиши, бизнес модель ишлаб чиқиши ва ўз ғоясини инвестор олдида тақдим эта олиши керак. “Бонд саноат зоналари” доирасида R&D марказлари ва лабораторияларнинг ташкил этилиши ҳам олий таълим учун янги имкониятларни очади. Университетларнинг илмий салоҳиятини ишлаб чиқариш билан боғлаш, олим ва тадбиркорни бир лойиҳа атрофида бирлаштириш замонавий иқтисодиётнинг муҳим талабидир.

Президентимиз нутқидаги олий таълимга қаратилган энг муҳим топшириқлардан бири университетларнинг куннинг иккинчи ярмида ҳам фаол ишлаши, ёшларни замонавий касбларга ўргатишидир. Бу топшириқ олийгоҳларнинг мавжуд инфратузилмасидан самарали фойдаланиш масаласини кун тартибига олиб чиқади.

Аудиториялар, лабораториялар, компьютер хоналари, кутубхоналар ва бошқа инфратузилмалар куннинг иккинчи ярмида ҳам ёшларнинг касбий тайёргарлиги учун хизмат қилиши мумкин. Мазкур ёндашув университетни фақат диплом берувчи муассасадан касб, кўникма, инновация ва тадбиркорлик марказига айлантириш имконини беради. Айниқса, “яшил” энергетика, агрономия, электротехника, қурилиш, АТ, сунъий интеллект каби замонавий йўналишларда қисқа муддатли амалий курсларни йўлга қўйиш ёшларнинг меҳнат бозорига тезроқ кириб боришига ёрдам беради.

Бир миллион ёшни замонавий касбларга ўргатишдек катта мақсаднинг амалга ошиши учун олий таълим, техникумлар, тадбиркорлик субъектлари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарур. Ушбу жараёнда хорижий тажриба ҳам муҳим. Хусусан, “ACWA” компаниясининг айрим ҳудудларда техникумларни жиҳозлаб, ёшларни замонавий касбларга ўргатаётгани таълим ва бизнес ҳамкорлигининг амалий моделини намоён этади. Демак, инвестор фақат корхона қуриб, маҳсулот ишлаб чиқариб қолмасдан, ўзи учун зарур кадрларни тайёрлаш жараёнида ҳам иштирок этиши муҳим.

Шу билан бирга, бугунги иқтисодий сиё­сатда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос салоҳиятидан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса ҳудудлардаги олий таълим муассасаларининг ҳам ўз минтақаси эҳтиёжларига янада яқинлашишини талаб қилади. Фарғона водийсида тўқимачилик, машинасозлик ва қишлоқ хўжалиги ривожланаётган экан, бу йўналишларга мос муҳандис, технолог, автоматлаштириш мутахассиси, агроном ва бошқа кадрларни тайёрлаш зарур.

Бир сўз билан айтганда, бугун университет олдида турган асосий вазифа билим бериш билан кифояланмасдан, билимни ­амалиётга, ғояни лойиҳага, лойиҳани бизнесга, бизнесни эса янги иш ўринлари ва ижтимоий фаровонликка айлантира оладиган авлодни тарбиялашдир.

Зеро, иқтисодиётнинг келажаги корхоналар сони билангина эмас, балки шу корхоналарда ишлайдиган инсонларнинг билим ва салоҳияти билан белгиланади. Шундай экан, университетлар янги мақомга — касб, илм-фан, инновация ва тадбиркорлик маркази мақомига кўтарилиши бугунги куннинг табиий талаби бўлиб бормоқда. Энг муҳими, бу инсон капиталига таянадиган янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шартидир.

Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори