Бухоро вилояти учун шундай имтиёз асосида хотин-қизларга 121 та ўрин берилган. Уларнинг 31 таси Бухоро давлат университетига ўқишга қабул қилинди.
 
Бухоро давлат университетида ушбу имтиёз асосида талабалик бахтига мушарраф бўлган хотин-қизлар билан учрашув бўлиб ўтди.
 
Учрашувда талаба бўлган қизларни университет ректори Обиджон Ҳамидов самимий табриклади. Талабалик бахтига муяссар бўлган қизларга совға ва бадиий китоблар тақдим этилди.
 
– Aвваламбор бизга яратилган бундай шароит ва имтиёзлар учун Президентимизга раҳмат, – дейди имтиёз билан талабалик бахтига эришган Нигина Музаффарова. – Мен учун Бухоро давлат университети талабаси бўлиш катта бахт. Келажакда юртимиз шарафини юксакларга кўтарадиган, халқимизга хизмат қиладиган муносиб фарзанд бўлишга астойдил ҳаракат қиламан. Ўқийман, изланаман юртбошим яратиб берган имкониятлардан оқилона фойдаланаман. Халқимга, юртимга керакли мутахассис бўлиб етишаман.
 
Тадбирда вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Феруза Ибрагимова ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Йўлдош Жумаев қатнашди.