Икки кун давом этган тадбир минглаб талабалар, битирувчилар, абитуриентлар, иш берувчилар, инвесторлар ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларини бир майдонга жамлади.
Кўргазма Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий банки, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Тадбирнинг асосий мақсади ёшларни муносиб иш ўринларига йўналтириш, уларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, меҳнат бозори талаблари билан таништириш ва тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантиришдан иборат бўлди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда 800 дан ортиқ иш берувчи ташкилот ва қарийб 10 минг нафар талаба, битирувчи ва ёшлар иштирок этди. Кўргазмада 10 мингга яқин бўш иш ўрни, амалиёт дастурлари, семинар-тренинглар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва молиявий қўллаб-қувватлаш дастурлари бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Фарҳод Аҳроровнинг таъкидлашича, Talaba Expo республика бўйлаб амалга оширилаётган кенг кўламли лойиҳанинг бир қисми ҳисобланади.
— Асосий мақсад — ёшларни муносиб ва юқори ҳақ тўланадиган иш ўринларига йўналтириш, иш берувчилар билан тўғридан-тўғри учраштириш ҳамда келажакда зарур бўладиган кўникмалар ҳақида маълумот беришдир”, — деди Фарҳод Аҳроров.
Унинг сўзларига кўра, тадбир нафақат иш топиш, балки меҳнат бозорида талаб юқори бўлган компетенцияларни аниқлаш ва ёшларни ўз устида ишлашга рағбатлантириш вазифасини ҳам бажаради.
Шунингдек, вазирлик томонидан яратилган Karyera.uz рақамли платформаси орқали иш берувчилар ўз эҳтиёжлари ва талаб қилинадиган компетенцияларни жойлаштиради. Талабалар эса ушбу платформадан фойдаланиб, сунъий интеллект ёрдамида ўз касбий ривожланиш йўналишларини аниқлаш ва малакасини мунтазам ошириб бориш имкониятига эга бўлади.
Кўргазмада нафақат Тошкент шаҳрида таҳсил олаётган талабалар, балки республиканинг турли ҳудудларидан келган ёшлар ҳам фаол иштирок этди. Улар орасида иш излаётган, амалиёт ўташни режалаштираётган ҳамда келажакдаги касбий фаолияти учун муҳим алоқалар ўрнатишни мақсад қилган талабалар кўпчиликни ташкил этди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Хумоюн Райимовнинг айтишича, тадбир давомида кўплаб компаниялар ва банклар билан танишиш имконияти бўлган. У иш берувчиларнинг талаблари, керакли кўникмалар ва мавжуд вакансиялар ҳақида муҳим маълумотлар олганини билдириб, бундай учрашувлар меҳнат бозорини яқиндан ўрганиш ва ўз устида ишлаш учун катта мотивация беришини таъкидлади.
— “Бундай тадбирлар жуда фойдали. Одатда иш берувчиларнинг талабларини билиш ёки турли компаниялар ҳақида маълумот топиш қийин бўлади. Бу ерда эса ҳамма ташкилотлар бир жойга жамланган. Юзма-юз мулоқот қилиш, саволлар бериш ва аниқ маълумот олиш анча қулай. Интернетда ҳар хил маълумотлар учрайди, бу ерда эса тўғридан-тўғри компания вакилларидан керакли жавобларни олиш мумкин”, — дейди у.
Шунингдек, Хумоюн маълумотлар таҳлили йўналишига қизиқишини ва кўплаб дастурларини ўрганаётгани ҳамда талабалик даврида ярим ставкали иш топишни мақсад қилганини айтди. Талабанинг фикрича, бундай эксполар ёшлар учун катта имконият яратади.
Яна бир талаба Амонбек Ҳамидов ҳам тадбирдан олган таассуротлари билан ўртоқлашди. У турли компания ва банклар томонидан тақдим этилган вакансиялар билан танишганини, айниқса молиявий таҳлил ва банк соҳаси бўйича таклифлар эътиборини тортганини қайд этди. Талабанинг фикрича, бундай тадбирлар ёшларга меҳнат бозори имкониятларини яқиндан ўрганиш ва келажакдаги касбий йўналишини аниқ белгилашга ёрдам беради.
Тошкент иқтисодиёт ва педагогика университети битирувчиси Фазилат Асқарова эса кўргазмага айнан ўз мутахассислиги бўйича иш топиш мақсадида келганини билдирди. У бир нечта ташкилот вакиллари билан суҳбатлашиб, маълумотларини қолдирганини айтди. Айниқса, суғурта соҳасидаги компаниялар билан бўлган учрашувлар фойдали бўлганини таъкидлади. Унинг фикрича, бундай меҳнат ярмаркалари иш излаётган ёшлар учун катта имконият яратади ва уларни иш берувчилар билан бевосита боғлайди.
TalabaExpo–2026 доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Иштирокчиларга бизнес фаолиятини бошлаш, стартап лойиҳаларини амалга ошириш ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари юзасидан амалий тавсиялар берилди. Хусусан, “Келажак тадбиркорлиги” дастури доирасида олий таълим муассасалари битирувчиларининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзли кредитлар ва бошқа имкониятлар тақдим этилди.
Мутахассислар таъкидлашича, TalabaExpo каби лойиҳалар таълим тизими ва меҳнат бозори ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ёшларнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда уларни муносиб иш билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бундай тадбирлар орқали талабалар ва битирувчилар нафақат иш топиш, балки замонавий меҳнат бозори талаб қилаётган билим ва кўникмаларни ўзлаштириш имкониятига ҳам эга бўлмоқда.
TalabaExpo–2026 кўргазмаси минглаб ёшлар учун янги иш ўринлари, амалиёт дастурлари, тадбиркорлик ташаббуслари ва карьера имкониятларини тақдим этган йирик платформага айланди. Икки кун давом этган тадбир ёшлар, таълим муассасалари ва иш берувчилар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаб, кўплаб ёш йигит-қизларнинг келажакдаги касбий фаолияти учун муҳим қадам бўлиб хизмат қилди.
Зулхумор Акбарова