Шиддат билан ривожланаётган бугунги замонамизда ҳар бир мамлакат келажаги, хусусан, барча соҳа ва лойиҳалар муваффақияти билимли ёшларга боғлиқ. Шу боис, давлатимиз раҳбари Президентлик фаолиятининг илк кунларидан бошлаб инсон капиталини ривожлантириш, узлуксиз таълим тизимининг ҳар бир босқичида сифат кўрсаткичини янада яхшилаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар замирида Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришдек буюк вазифалар стратегик мақсад қилиб қўйилган.
2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида тўртинчи устувор йўналиш айнан таълим соҳасига қаратилгани мамлакатимизни ривожланишнинг янги босқичига олиб чиқиш, юқори салоҳиятли кадрлар авлодини шакллантириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттиришга хизмат қилади. Шунингдек, 28 январь куни Президентимиз раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам соҳани ислоҳ қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Педагоглар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилади
Йиғилишда олий маълумотли педагог кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш учун Тошкент шаҳридаги 5 та ҳамда ҳудудлардаги 17 та олий таълим муассасасининг педагогика факультетларини доимий тарзда мактабларга бириктириш зарурлиги таъкидланди. Бу жараёнда 1-курсданоқ талабалар дарс вақтининг тўрт куни олий таълим муассасасида, икки куни бевосита мактабларда ўтиши зарурлиги белгиланди.
Шу ўринда савол туғилади: бу ташаббус мактаб таълимини ривожлантиришда қандай натижа беради? Давлатимиз раҳбарининг топшириғига биноан бир йилдан ортиқ вақт мобайнида таълим тизими самарадорлиги бўйича дунёга намуна бўлиб келаётган Финляндия тажрибасини ўрганганимизда кўрдикки, ушбу мамлакатда педагогикага ихтисослашган университетлар талабаларининг педагогика мактабларида амалиёт ўташи шарт қилиб қўйилган. Ҳар бир талаба тажрибали ўқитувчига бириктирилади ва университет қошидаги мактабда ўқувчиларга билим бериш орқали амалиёт ўтайди.
Мазкур жараён талабаларнинг ўз касбига меҳри ва қизиқишини ошириш билан бирга, уларга назарий билимларини амалиётда қўллаш имкониятини ҳам беради. Шунингдек, ушбу мамлакат вакиллари билан ўтган мулоқотларимиз мобайнида ҳам эришилаётган натижалар педагоглар тайёрлаш тизими билан бевосита боғлиқ экани кўп бор таъкидланди. Ўтган йилнинг ноябрь ойида Хельсинки университети қошидаги Вики ўқитувчилар мактаби фаолияти билан танишганимизда бунга ўзимиз ҳам амин бўлдик.
Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, биздаги энг катта камчилик айнан педагоглар тайёрлайдиган олий таълим муассасаларининг мактаблардан ажралиб қолгани билан боғлиқ. Амалиётнинг аксарият қисми номига ташкил этилиши эса олийгоҳни битирган ёшларнинг мактаб муҳитига мослашувида турли муаммоларни келтириб чиқаради.
Айни шу нуқтаи назардан, олдимизда турган энг муҳим вазифа педагогикага ихтисослашган олий таълим муассасалари ва мактабларни бир вужуд сифатида бирлаштириш ҳамда синфхоналарни талабалар учун ҳақиқий машқ майдонига айлантиришдан иборат. Бунда эса, албатта, устоз-шогирд тизимини самарали ташкил этиш мақсадга мувофиқ.
Ўқувчилар имтиҳонга эмас, ҳаётга тайёрланади
Йиғилишда Президентимиз томонидан мактаблардаги таълим сифати ва мазмунига ҳам кескин баҳо берилди. Хусусан, амалдаги таълим стандартлари, ўқув дастурлари фақат назарий билим беришга йўналтирилгани, бу эса ўқувчиларни мантиқий фикрлаш, амалий кўникмаларини ҳаётий вазиятларда қўллаш, айни кундаги тизим ўқувчиларни ҳаётга эмас, имтиҳонга тайёрлаётгани таъкидланди.
Дарҳақиқат, ривожланган давлатларда ўқувчиларни, аввало, ҳаётга тайёрлашга, олган билимини реал вазиятларда қўллай олишига алоҳида эътибор қаратилади. Нуфузли ташкилотлар томонидан ўтказиладиган халқаро тадқиқотларда ҳам айнан ушбу жиҳат алоҳида аҳамиятга эга. Ўзбекистон шу йилнинг апрель-май ойларида илк маротаба халқаро PISA дастури тадқиқотларида иштирок этади. Ушбу тадқиқотларда 15 ёшли мактаб ўқувчиларининг олган билимини реал ҳаётий вазиятларда қўллай олиши синалади.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти томонидан ташкил этиладиган ушбу халқаро тадқиқот дастури умумий ўрта таълим тизимига оид таҳлилий ва қиёсий ахборотларни, шунингдек, мамлакатлар таълим сиёсатига оид қарорларни қабул қилишда муҳим маълумотларни тақдим этади. Мазкур тадқиқот натижалари дунё бўйича йирик инвесторлар учун мамлакатда мавжуд инсон капитали ҳақидаги қимматли маълумот ҳисобланади. Бугунги кунда таълим тизими ривожланган давлатлар, хусусан, Финляндия тажрибасини ўрганган ҳолда, янги ўқув дастурлари тайёрланиб, таълим муассасаларида тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Мазкур синов хулосаларидан келиб чиқиб, ўқув дастурлари янада такомиллаштириб борилади.
Албатта, дарсликларни янгилаш, уларни чоп этиш катта маблағ талаб қилади. Давлатимиз раҳбари томонидан бу муҳим масалани етарли даражада молиялаштириш бўйича ҳам топшириқлар берилган. Жорий йилда ушбу йўналишга 605 миллиард сўм ажратилмоқда. Бу рақам аввалги йилларга қараганда тўрт баробар кўп. Ушбу маблағдан самарали фойдаланиб, шу йилнинг ўзида 4 та синфнинг фан дарслик лари ҳамда барча синфларнинг инглиз, рус, немис тиллари ҳамда IT фанлар бўйича ўқув дарслик лари тўлиқ янгиланади.
Ҳокимлар учун мактабга эътибор қаратиш беш йиллиги бошланди
Давлатимиз раҳбари барча даражадаги ҳокимларга мурожаат қилиб, “ҳокимларнинг мактабга эътибор қилиш беш йиллиги” бошланганини таъкидлади. Шунингдек, туман, вилоят ва республика даражасида Мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилиши, Республика кенгашига шахсан Президент раҳбарлик қилиши, туман ва вилоят кенгашларига эса ҳокимлар бош бўлиши маълум қилинди.
Ушбу ташаббусни ҳам мамлакатимизда таълим соҳасини ривожлантириш йўлида қўйилган жиддий қадам сифатида баҳолашимиз мумкин. Сабаби, ҳар бир ҳудуднинг ривожланиши ҳамда инновацияларнинг амалга оширилишида илғор фикрлайдиган, билимли ёшлар жуда муҳим аҳамиятга эга. Финляндия, Жанубий Корея, Япония каби давлатларга хизмат сафаримиз давомида ҳам маҳаллий ҳокимликлар таълим бошқарувида муҳим роль ўйнашига гувоҳ бўлганмиз.
Ёшларнинг тараққиёт локомотиви эканини ҳисобга олган ҳолда, таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ҳам таълим ҳокимдан бошлаб барча даражадаги раҳбарлар ҳамда кенг жамоатчилик эътибор марказида бўлмас экан, улкан ўзгаришларни амалга ошириш имконияти пасайиб бораверади. Зеро, энг юқори нуқтадан бошланган ўзгариш энг қуйи нуқтада акс-садо бериши барчамиз тенг даражада амалга оширадиган саъй-ҳаракатларга боғлиқ. Шунинг учун ҳам инспекция томонидан аниқланган камчилик ва муаммоларни, аввало, ҳокимларга тақдим этиш, уларнинг эътиборини қаратишга ҳаракат қиламиз.
Вазиятни биргина Сирдарё вилояти мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, икки йил аввал Президентимиз ушбу вилоятни таълимни ривожлантириш бўйича намунавий ҳудудга айлантириш бўйича топшириқ берган эди. Сирдарё икки йил аввал мактаблар рейтингида 12-ўринда турган бўлса, ўтган йили 9-ўринга кўтарилди. Бунда маҳаллий ҳокимликларнинг эътибори ва меҳнати ҳам катта бўлди. Президентимиз топшириғига асосан, ўтган йили мамлакатимизда илк маротаба барча мактаблар рейтинги эълон қилинди.
Рейтинг мезонларини белгилашда халқаро тажриба ҳамда маҳаллий устувор масалаларга алоҳида эътибор берилиб, барча мактаблар тўрт йўналишда, саккизта индикатор асосида баҳоланди. Рейтингни аниқлашда ҳокимликларнинг маҳаллий бюджетдан мактаб таълимини ривожлантириш учун энг кўп ва энг кам маблағ ажратгани ҳам ҳисобга олинди. Унинг натижаларига кўра, барча даражадаги ҳокимлар фаолиятига баҳо берилди.
Камида 10 та ОТМ нуфузли халқаро рейтингларга киради
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан миллий олий таълим муассасаларида сифатни ошириш, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш орқали юртимиздаги камида 10 та ОТМнинг халқаро рейтинглардан ўрин олишини таъминлаш вазифаси белгиланди. Сўнгги тўрт йил мобайнида илғор хорижий тажрибадан фойдаланган ҳолда, мамлакатимизда ҳам олий таълим муассасалари миллий рейтинги эълон қилиб келинмоқда.
Мазкур жараёнда асосий эътибор ОТМлардаги илмий салоҳиятнинг қай даражада ўсишига қаратилмоқда. Хусусан, 2021 йилда эълон қилинган миллий рейтинг натижаларига кўра, сўнгги уч йилда олий таълим муассасаларидаги илмий салоҳият ўртача 4,2 фоиз ошди. Фан доктори (DSc) илмий даражаси ёки профессор унвонига эга ўқитувчилар сони 2477 нафарга, фан номзоди (PhD) илмий даражаси ёки доцент унвонига эга педагоглар сони 8710 нафарга етди. Дунёнинг нуфузли 1000 талик рўйхатига кирувчи ОТМларнинг PhD ёки DSc илмий даражасини олган профессор-ўқитувчилар сони 450 нафар бўлди.
Бироқ бу натижалар мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаши учун етарли эмас. Шунинг учун Хитой, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар таж рибасини ўрганган ҳолда, миллий олий таълим муассасаларининг халқаро рейтингдан ўрин олишига кўмаклашишга қаратилган “Олий таълимда юксалиш — 2030” лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Нодавлат таълим ташкилотлари сони янада оширилади
Дунё тажрибасида таълим сифатини оширишга хизмат қиладиган энг асосий омиллардан бири таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳити мавжудлиги, уларнинг ҳар жиҳатдан мустақиллиги ҳисобланади. Соғлом рақобат таълим сифати, маданиятини шакллантирувчи, ўзини ўзи ривожлантиришга муҳит яратувчи салмоқли кучдир. Қолаверса, хусусий сектор халқимизнинг бу борадаги эҳтиёжини ҳам қондирмоқда.
Бундан ташқари, синалган халқаро стандартлар асосида таълим бериш, илғор ўқув технологиялари ва ресурслари соҳага айнан нодавлат таълим ташкилотлари орқали фаол кириб келмоқда. Шунинг учун ҳам Президентимиз томонидан Тараққиёт стратегиясида нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга шароит ва имкониятларни кенгайтириш орқали уларнинг улушини 2026 йилга 8 фоиз, жумладан, 2022 йилда 3 фоиз ошириш вазифаси белгиланди.
ўпгина хорижий мамлакатларда бўлганимизда ёки бошқа давлатларнинг таълим соҳаси вакиллари билан тажриба алмашганимизда айнан хусусий секторнинг таълим сифатини оширишда муҳим роль ўйнаётганини, ўз навбатида, бу давлатга катта иқтисодий фойда келтиришига амин бўлганмиз. Йиғилишда таъкидланганидек, таълимда бир- икки йилда катта ўзгариш қилиш имконсиз.
Бироқ бугунги ислоҳотларни кечикмасдан ва хато қилмасдан амалга ошириш жуда муҳим. Шу боис, мутасаддиларга Жаҳон банки, ЮНИСЕФ, Осиё тараққиёт банки каби нуфузли ташкилотлар ва молия институтлари билан бирга ишлаб, аниқ ҳисоб-китобларни қилган ҳолда йил якунига қадар Мактаб таълимини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш топширилди.
Шу асосда Мактаб таълимини ривожлантириш дастури қабул қилинади. Берилган топшириқлар ижросини самарали ташкил этиш учун алоҳида штаб тузилиши, унга барча вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари, тажрибали ва нуфузли педагоглар, фан ва жамоат арбоблари киритилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари мактаб таълими соҳасидаги ислоҳотлар, бугун муҳокама қилинган вазифалар катта масъулият талаб этадиган мураккаб жараён эканини таъкидлади. Ушбу ислоҳотлар замирида мамлакатимизнинг тақдири ва фарзандларимизнинг келажаги ётибди. Бу муҳим масалада хато қилишга ҳаққимиз йўқ.