Бу жиҳатлар, айниқса, бугунги кунимизда ғоят муҳим ва ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Чунки давлатлараро ва минтақалараро манфаатлар тўқнашуви авж олган, инсониятнинг барқарор тараққиётига таҳдид кучайган бир шароитда ҳар қандай давлат замон талаблари ва эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда стратегик мақсадга эга бўлмоғи лозим. Бу борада Янги Ўзбекистон ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда илмий ва амалий жиҳатдан асосланган ўз тараққиёт стратегиясига эгалиги билан алоҳида ажралиб туради.
Стратегик ривожланиш қанчалик муҳимлигини бугун барчамиз яхши англаб етдик. Негаки, ўтган беш йиллик тажрибаси буни яққол намоён этди. Узоқни кўзлаб амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларни ҳар биримиз ўз ҳаётимизда сеза бошладик.
Бу йўлда эришган ҳақиқатларимиз ҳам кўп бўлди. Биринчи ҳақиқат шуки, давлат халқ манфаатлари учун хизмат қила бошлади. Шу тариқа узоқ йиллар бир томон манфаати кўзлаб келинган тамойиллар ўзгариб кетди.
Янги Ўзбекистон ислоҳотлари одамлар ҳаётини фаровонлаштириш учун йўналтирилди. Бу иккинчи ҳақиқатни — фуқаролар ўз фикрини, орзу-умидлари, мақсад ва режаларини очиқ айтиш имконини рўёбга чиқарди. Пировардида, эркин ривожланиш ҳодисаси содир бўлди. Эркин ривожланиш, деганда биз конституциявий ҳуқуқларимиздан тўлиқ фойдаланаётганимиз, қонунчилик сиёсатида фуқаролар иштироки таъминланаётгани, давлат бошқарувида очиқ-ойдинлик йўли танлангани, ҳар бир ислоҳот аввалида оддий одамлар фикри эшитилаётгани ва улар инобатга олинаётганини тушунамиз, албатта.
Учинчи ҳақиқат маънавий юксалиш йўли танланганида акс этди. Зеро, маънавий юксаклик сари интилган халқ иродасини ҳеч бир куч синдира олмаслиги тарихий исботини топган ҳақиқатдир. Шу маънода, юртимизда янги маънавий муҳит пайдо бўлдики, у биз кўзлаган мақсаду муддаоларга эришишнинг ишончли йўли сифатида бўй кўрсатмоқда.
Хуллас, кейинги йилларда топган ва эришган ҳақиқатларимиз ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Шу каби ўнлаб ҳақиқатлар силсиласида жамланган ягона мақсад бор: у ҳақда бугун алоҳида фикр юритишни жоиз билдик.
Агар эътибор берсак, ривожланиш йўлига чиқиб олган, тараққиётга жуда катта эҳтиёж сезаётган, мақсади одамлар дунёқараши ва онгида туб бурилиш ясаш бўлган Ўзбекистондай мамлакатда тараққиёт стратегияси заруратга айланди.
Гап шу ҳақда борар экан, Президентимиз таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистон орзуси амалиётга, реал воқеликка айланаётганига қайта ва қайта ишонч ҳосил қиламиз. Дарвоқе, орамизда ҳали ишонч ҳақиқати ҳам бор. Ишонч, бу — мўъжиза. Шу ўринда Сингапурни “учинчи дунё”дан “биринчи дунё”га олиб чиққан XX аср иккинчи ярмининг буюк сиёсий арбоби Ли Куан Юнинг бир гапи ёдга тушади. “Агар Сингапур эришган муваффақиятни бир сўз билан таърифлашим лозим бўлганда, бу сўзни “Ишонч” деган бўлардим”, дейди у. Бу ҳақиқат бизни халқимиз орзу қилган янги жамиятни барпо этиш сари илҳомлантириб туради.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий етакчи сифатидаги ноёб фазилати ана шу ерда кўзга яққол ташланади. Унда ўта қатъиятлилик, талабчанлик, ҳар бир соҳа ва йўналишни бутун кўламидан тортиб икирчикиригача чуқур ўрганиб, уларни ривожлантириш орқали ялпи жамият тараққиётини таъминлаш мақсади устуворлик қилади. У бевосита аҳолининг кундалик турмуши, эҳтиёжлари, ташвиш ва изтиробларидан келиб чиқиб, уларнинг ҳаёт фаровонлигини таъминлашни назарда тутиб, ялпи Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқди.
Дарҳақиқат, сиёсатда қатъий интизом, юксак талабчанлик, бошлаган ишни охиригача етказиш муҳим фазилат ҳисобланади. Ҳар бир вазифа, лавозим эгаси ўз мажбуриятини тўлақонли, юксак талаблар даражасида бажарса, умумий тараққиёт тўла таъминланади. Қаерда бошбошдоқлик, хўжакўрсинлик, ваъдабозлик бўлса, бошқарувга ёлғон аралашса, ўша ерда парокандалик юзага келади, ривожланиш тўхтайди, одамларда ишонч камаяди.
Давлатимиз раҳбари ана шу масалага алоҳида эътибор беради, жойларда юради. Вилоят ва туманларда, шаҳар ва қишлоқларда оддий одамлар яшайдиган хонадонларга кириб боради. Бундай тасодифий ташриф Президент учун зарурий эҳтиёж. Унинг иш услуби, муаммоларнинг ечимини топиш усули, халқ қалбига ва руҳиятига яқинлашиш истаги замонавий давлат раҳбарининг юксак фазилатига айланади.
Айтиш мумкинки, Амир Темур салтанати жаҳон давлатчилигининг рамзига айланган эди. Бундай юксак бошқарув механизми, шаклланган ва самарали давлат тизимини ҳозиргача дунё кўргани йўқ. Буни машҳур араб олими Ибн Халдун ҳам алоҳида таъкидлаган. Амир Темур ўзининг тузукларида “Салтанатнинг бир фоизини қилич билан, тўқсон тўққиз фоизини машварат билан бошқардим”, деган.
Ҳозирги замон цивилизацияси ва жаҳон давлатчилик тажрибаси нуқтаи назаридан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳақида гап борганида, Соҳибқироннинг юқоридаги донишмандона гаплари беихтиёр эсга тушади. Айни ўшандай бошқарув шакли Янги Ўзбекистонда жорий этилаётганига гувоҳ бўламиз.
Масалан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳар йили Ўзбекистон парламентига Мурожаатномаси ва тез-тез йиғилишлар ўтказаётгани темурона машваратнинг замонавий шакли. Президентнинг жиддий қарорларга келиши, замон талабларига дош беролмаётган раҳбар кадрларни алмаштириб туриши, ёш, кучли, иқтидорли, замонавий билимларга эга бўлган кадрларга ишонч билан қараши темурона бир қатъият ва талабчанликнинг ўзгинаси, дейишимиз мумкин.
Айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси мамлакатимиз ва халқимиз тарихининг ўзига хос янги даврини бошлаб беради. Тараққиёт бутун моҳияти билан ялпи жамият ривожланишининг, фуқаролар онги ва тафаккури тубдан ўзгариши, миллат интеллектуал салоҳияти реал воқеликка айланиши сингари қадриятлар жамулжами ҳисобланади.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳақида гап борар экан, энг аввало, ана шу тарихий ва ижтимоий ҳодисага айланаётган стратегик мақсаднинг асослари, илдизлари, унинг моҳияти ва кўлами хусусида фикр юритишга тўғри келади. Зотан, миллат ва давлат тақдирини, унинг буюк яратувчилик қудратини ўзида ифода этган, ғоят маҳобатли стратегик мақсад тасодифан дунёга келган эмас. Жумладан, бир неча цивилизациявий ҳодисаларга гувоҳ бўлган, инсоният ҳаётига маданият олиб кирган, жаҳон тараққиётига мисли кўрилмаган ҳисса қўшган ўзбек халқининг тарихий тараққиёт босқичлари, унинг динамикаси, эволюцияси муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Давлатчилик тарихи жаҳон давлатчилиги ибтидоси билан тенгдош бўлган Туронзамин халқлари ўзининг буюк яратувчилик, бунёдкорлик имконияти, ақлий салоҳияти, тафаккур кенгликлари билан замонавий цивилизация шароитида ҳам ўзининг юксак маънавий-ахлоқий, маърифий-маданий имкониятларини намоён қилмоқда. Бу — биринчидан.
Иккинчидан, Янги Ўзбекистон даври ўзининг бутун кўлами, мазмуни ва моҳияти билан бутунлай янги типдаги ҳаёт, назарий-фундаментал ва амалий жиҳатдан янгиланган давлатчилик асосларининг юзага келиши, бошқарув тизимида очиқлик муҳити пайдо бўлиши ва унинг реал воқеликка айланиши билан боғлиқ.
Учинчидан, бутунлай янги тафаккурдаги инсоннинг шаклланиши, ҳаётга муносабатларнинг жиддий равишда ўзгариши, эркин ва озод фуқаролик жамиятини барпо этиш мақсади билан боғлиқ.
Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистонда очиқ жамият қуриш ва давлат бошқарувини эркинлаштириш борасида бутунлай янгича тамойил — халқчиллик ва ошкоралик асосидаги давлат бошқаруви тамойили жорий этилди. Президент билан фуқаро, давлат билан жамият ўртасидаги “хитой девори” олиб ташланди. Одамлар тўғридан-тўғри давлат идоралари ва раҳбарлари билан мулоқот қилиш, ўз фикр ва мулоҳазаларини тўғридан-тўғри билдириш имкониятига эга бўлди. Натижада юртдошларимиз кайфияти ўзгарди, тафаккури янгиланди, мақсадлар ва интилишлари реал асосларга эга бўлди. Муаммоларни ҳал этишда умумий сафарбарлик, ялпи ҳамжиҳатлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳурмат қилиш каби соф инсоний фазилатлар чуқурлашди. Фақат шугина эмас, ушбу фазилатлар миллий қадриятга айланди. Жамиятда ялпи барқарорлик, фикрий ва ҳиссий ҳамжиҳатлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва ҳурмат қилиш тамойили қарор топди.
Бир қарашда биз ҳаммамиз ҳам олдинги, фуқаролик паспорти маълумотларига қараганда ўша-ўша одамлармиз.
Лекин ақлий салоҳият, интеллектуал имконият, онгимиз ва тафаккуримиздаги ўзгаришлар, орзулар ва мақсадларимиздаги эзгулик туйғулари ҳар биримизнинг бутунлай янги типдаги фуқарога айланганимиздан далолат беради. Бу давлатимизнинг энг катта ютуғи, дейишимиз мумкин.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш ғояси устуворлик қилади. Улуғ бобокалонимиз Абу Наср Форобий “Инсоннинг моҳияти ақлда, ақлнинг моҳияти хатти-ҳаракатда билинади”, деган эди.
Дарҳақиқат, инсоннинг қадру қимматини, инсонийлик даражасини белгилайдиган ягона ва бирдан-бир ўлчов ақлдир. Ақлнинг эса ранги, ҳажми, оғирлиги, кенглиги ё торлиги йўқ. Уни ўлчайдиган мезон инсоннинг хаттиҳаракатида. Бизнинг ҳар биримиз ўз феъл-атворимиз доирасида, атрофдагиларга муносабатимиз, хатти-ҳаракатларимиз, мақсад-интилишларимиз орқали ақлимизнинг қай даражадалигини намоён этамиз.
Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида инсон қадрини юксалтириш орқали эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, халқпарвар давлат барпо этиш ғояси илгари сурилар экан, энг аввало, инсон ўзини ўзи қадриятга айлантириш орқали ялпи жамият қадриятий жиҳатларини такомиллаштиришни тақозо этади.
Давлатнинг ягона ва бирдан-бир манбаи халқ. Якка тартибдаги ҳар бир инсоннинг ўзини ўзи қадрият даражасига олиб чиқиши, ақлий салоҳиятини ривожлантириши, ўзини ўзи англаши, бошқариши, эзгуликлар сари йўналтириши, иллатларини камайтириб, фазилатларини кўпайтиришга интилиши орқали қудратли давлатни барпо этиш имконияти туғилади. Бу эса ялпи жамиятда барчанинг умуммиллий ҳамжиҳатлик, умуммиллий сафарбарлик фазилатларига таянади.
Тараққиёт стратегиясида Президент Шавкат Мирзиёев адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва муҳим шартига айлантиришни зарурат деб билади. Маълумки, инсоният тарихида одамлар ҳамиша адолатга эҳтиёж сезган, унга интилиб яшаган. Бироқ адолатсизлик ҳамиша мавжуд бўлган, чунки адолат тамойилларини бузадиган, натижада инсон ҳақҳуқуқларининг поймол бўлишига олиб келадиган иллатларни ҳам инсоннинг ўзи яратади.
Инсон мавжудот сифатида ҳамиша ўзига ўзи муаммо яратиб, шу муаммолар гирдобида яшайдиган жонзот ҳисобланади. Ана шундай шароитда жамиятда адолат устуворлигини таъминлайдиган ягона мезон қонунчилик ҳисобланади. Қонунлари мукаммал бўлган ва ушбу қонунлар тўла қувват билан ишлайдиган жамиятда табиий равишда адолат ўрнатилади.
Давлатимиз раҳбари бу масалада бот-бот гапиради. Инсон ҳақ-ҳуқуқларини тўла кафолатлаш, қонунчиликни бутун чоралар билан мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, мустақил ва одил суд тизимини вужудга келтириш масалаларини долзарб қилиб кўтармоқда.
Инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат ҳақида гап борар экан, Амир Темурга яна бир бор мурожаат қилишимизга тўғри келмоқда. “Мамлакатимнинг бу бурчагидан нариги бурчагигача бир ўспирин бола бир лаган тиллани бошига қўйиб пиёда ўтиб кетса биров қўл чўзмайдиган салтанат қурдим”, дейди бобомиз. Мана сизга инсон ҳуқуқлари тўла кафолатланган, ижтимоий адолат ҳукмрон бўлган, қонун устуворлиги аниқ кўзга ташланадиган жамият. У пайтда қонунчилик, парламент деган тушунчалар йўқ эди. Лекин инсон ҳуқуқлари ва ижтимоий адолат таъминланган.
Президентимиз худди ана шундай қудратли давлат, кучли ижтимоий адолат қарор топган жамият қурмоқчи.
Давлатимиз раҳбарининг бошқарув тамойилида адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш муҳим ўрин тутади. Айтиш мумкинки, ҳозирги жаҳон цивилизациявий шароитида давлатларнинг қудрати кучли ижтимоий сиёсати билан ҳам ўлчанади.
Фуқароларнинг фаровон турмуш тарзини ташкил этиш давлат ижтимоий сиёсатининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Соғлиқни сақлаш тизимини бутун чоралар билан ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини янада чуқурлаштириш, жисмоний тарбия ва спортни ҳар бир оилада қарор топтириш жамият ижтимоий кайфиятини белгилайдиган муҳим омил ҳисобланади. Ҳар бир маҳалла ўз ҳудудида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш орқали ялпи жамият маънавийруҳий кўтаринкилигини таъминлайдиган муҳим омил ҳисобланади. Аҳоли турар жойларида жисмоний тарбия билан шуғулланишни ташкил этиш анъанага айланиб қолди. Бир қарашда оддий кўринадиган ушбу ҳодиса бутун моҳияти билан янги типдаги инсонни вужудга келтириш каби ғоят залварли маънавий-руҳий ҳодиса эканлигини англаш қийин эмас.
Узлуксиз таълимнинг барча бўғинларини тубдан ислоҳ қилиш жараёни давом этмоқда. Янги Ўзбекистоннинг бутунлай янги мазмундаги фуқароларини шакллантириш бевосита мактабгача таълим муассасаларидан бошланади. Мурғаккина фарзандларимизнинг маънавий-руҳий ва жисмоний соғлом ўсиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Мактабгача ёшдаги болаларимизнинг 60 фоиздан кўпроғи болалар боғчаларига жалб этилмоқда. Бу кейинги беш йилда шу соҳада амалга оширилган энг катта ютуқларимиздан ҳисобланади.
Умумтаълим мактабларида ишлаётган ўқитувчиларнинг моддий ва маънавий манфаатдорлиги кескин оширилди. Ўқитувчининг обрўсини, шаънини оширишда давлатнинг ўзи раҳнамолик қилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчи, мураббий, муаллим сўзларининг нақадар улуғворлигини, мўътабарлигини, жамики тараққиётимизнинг асосида ўқитувчи туришини алоҳида таъкидламоқда.
Миллий фанимиз тараққиёти, албатта, ялпи ривожланишнинг муҳим омили ҳисобланади. Бу борада олий таълим сифати ва самарадорлигини юксалтириш, илмий-тадқиқот институтларида фундаментал кашфиётларни, илмий янгиликларни амалга ошириш ва ҳаётга жорий этиш имкониятлари кенгаймоқда.
Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида алоҳида ўрин тутади. Дарҳақиқат, маънавият ҳар қандай тараққиётнинг сарчашмаси. Маънавият — олам ва одам халоскори. Маънавий қашшоқлик, ахлоқсизлик кучайган пайтда инсон ўз моҳиятини йўқотади. Одам шаклидаги бошқа жонзотга айланади. Унинг ягона ва бирдан-бир қадрияти маънавиятда намоён бўлади.
Инсониятнинг ҳозирги тараққиёт босқичида, ахлоқсизлик хуруж қилаётган бир пайтда Ўзбекистон ва унинг халқини буюк мақсадларга, порлоқ келажакка даъват этаётган қудратли куч маънавият бўлиб қолди.
Давлат эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида маънавий янгиланишларга ҳомийлик қилмоқда. Баркамол инсон тарбияси, Ўзбекистоннинг янги, кучли, қудратли янги фуқаросини вужудга келтириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Ялпи маърифатли жамият қуриш ғояси илгари сурилмоқда.
Бу, бир томондан, миллий хавфсизлигимиз асоси бўлса, иккинчи томондан, тараққиётимиз пойдеворидир.
Қолаверса, кўп миллатли халқимизни ўзаро бағрикенглик, ҳамжиҳатлик муҳитида бир мақсад сари интилиш йўлида маънавий-руҳий озиқлантириб турадиган ҳаётбахш ғоядир.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳар бир фуқаро тақдири, бугунию истиқболи билан боғлиқ бўлган, давлат ички ва ташқи сиёсатининг қудрати ҳамда самарадорлигини таъминлайдиган сиёсий воқеликка айланди.
Уни бутун жамият ва, ҳатто, жаҳон ҳамжамияти ҳам тўла эътироф этмоқда.
Оқил САЛИМОВ, академик