Тафаккурнинг ёрқин шуъласи

Ҳеч нарса ва ҳеч ким китобнинг ўрнини боса олмайди. Зеро, китоблар кўнгилда энг соф туйғулар, фазилатларни пайдо қилади, инсон дунёқарашини бойитади, –дейди академик Наим Каримов. – Табиийки мазкур мавзуда сўз юритганда кутубхоналарнинг ўрни ва аҳамиятига урғу бермай илож йўқ. Менинг болалигим ўтган маҳалла ва унинг атрофида 4 та кутубхона бўлган. Кутубхоналарнинг биридан иккинчисига ўтиб, қайси бири бойроқ бўлса, ўша кутубхонага “лангар” ташлардик. Китоблари ҳар жиҳатдан ранг-баранг ва кўпи ”Турон” кутубхонаси эди. Жадидлар бу кутубхонани Эски шаҳарнинг шундоққина биқинида, одамлар  гавжум жойда барпо этган. Сотувчи ҳам, олувчи ҳам ”Турон” кутубхонасини сира четлаб ўтмасди. Миркарим Осимга ўхшаш уй шароити етарли бўлмаган адиблар ўша ерни “хилхона” билиб, дастлабки асарларини шу ерда ёзган. Бу менга ҳам катта сабоқ бўлган. Шунинг учун ҳам китоб ва кутубхона сўзларини одамзот ақлини чархлайдиган, ажралмас бир бутунлик деб ҳисоблайман.

Бешта муҳим ташаббус доирасида эзгу мақсадларни қамраб олган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқдаки, бу борада олиб борилаётган эзгу ишлар, ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш унинг истиқболли ва ойдин йўлларга чорловчи йирик лойиҳа эканини тасдиқлаб турибди...

Тўртинчи эзгу ғоя амалда

Тўртинчи ташаббус – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга қаратилган. Уни амалга оширишда табиийки, кутубхоналарнинг ўрни ва вазифаси катта.

Ҳозирда республикамизда 201 та ахборот-кутубхона маркази фаолият юритади. Улар фондига 17 миллионга яқин китоблар жамланган. 2020 йилда ахборот-кутубхона марказларига яна 150 минг 724 та китоб етказиб берилди.

Бугунги кунда мазкур кутубхоналарга 1 миллион 196 минг 233 нафар киши аъзо. Ташаббусларни амалга ошириш натижасида улар сони янада ортиб бораётир. Бу эса ёшларнинг ўз ҳаётини, турмуш тарзини китоб ва кутубхоналар билан чамбарчас боғлаётганидан дарак беради.

Мазкур ташаббус доирасида белгиланган вазифалар мунтазам амалга оширилмоқда. “Маърифат карвони” тадбирлари жараёнида чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларга бадиий, маърифий, илмий-оммабоп адабиётларнинг етказиб берилаётгани ҳам шулар жумласидан.

Жорий йилнинг апрель ойида пойтахтимизнинг Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган, “Ёш китобхон” республика кўрик-танлови энг яхши китобхонларни кашф этди. Улардан ибрат олиш ҳисси уйғонган болалар ва ўсмирлар кўнглида китоб мутолаасига меҳр инди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг ўринбосари Дилнозахон Каттаханова шундай фикр билдирди:

– Она-табиатни офтоб иситса, инсон қалбини китоб илитади, ёритади, деган фикр беъжизга айтилмаган. Ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш мақсадида сўнгги йилларда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” танлови 2017–2020 йиллар давомида 2 миллион 470 минг нафардан зиёд ёшни қамраб олди.  Бугунги кунга қадар танловнинг республика босқичида 164 нафар йигит-қиз иштирок этди ва шундан 8 нафар танлов ғолиблари Президент совғаси – “Спарк” автомашинаси совриндори бўлди. Шу йил танловнинг республика босқичида илк бор нишонланган “Китобхонлик ҳафталиги” ҳам 4-муҳим ташаббус доирасидаги янги лойиҳа бўлди.

Янг яхши китобхонлар муваффақиятлар қанотида

“Ёш китобхон” республика танлови нафақат энг зукко ва билимдон китобхонларни аниқловчи тадбир, балки, юксак савияда ўтказилган тафаккур  тантанаси сифатида таассурот қолдирди.

 Жорий йилда танловнинг Республика босқичида, 10–14 ёшлилар орасида биринчи ўринга Фарғона вилоятидан Муҳаммадфозил Исмоилов, 15–19 ёшлилар орасида Тошкент шаҳридан Мафтуна Умарова, 20–30 ёшлилар орасида эса андижонлик Фотима Мамталиева муносиб деб топилди ва   Президент совғаси билан тақдирланди.

Қувончимни, бахтиёрлигимни қандай ифодалашни билмайман. Қисқача айтсам, китоб ўқишни инсон учун муваффақият ва саодат эшигини очадиган тафаккур калити, дея таърифлаган бўлардим , – дейди “Ёш китобхон” танлови ғолибаси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг 2-босқич талабаси Мафтуна Умарова. – Бу танлов ўзимга бўлган ишончимни мустаҳкамлаш баробарида янада кўпроқ китоб мутоалаа қилишга, изланишга ундайди. Келажакда ҳам китоб мутоалааси, мутолаа маданиятини тарғиб этишда янада фаол бўлишга ҳаракат қиламан.

Ақл қалъаси…

Китоб ўқиш барчамизнинг маънавий оламимизни бойитади, сўзлашув маданиятимизни оширади, – дейди тарих фанлари доктори, профессор Абдуҳалил Маврулов. – Она тилимизга доим ҳурмат билан қарашимиз, эъзозлашимиз керак. Айрим ҳамюртларимизнинг бошқа тиллардаги сўзлар билан қориштириб гапиришдаги “хизмати” туфайли тилимиз бойлиги ғарибдек таассурот уйғотиши мумкин. Ваҳоланки, ўзбек тили дунёдаги энг бой тиллар қаторига киради. Тадқиқот маълумотларига кўра, Александр Пушкин бутун ижоди давомида жами 21мингдан зиёд  сўз қўллаган.  Шекспир асарлари тилида жами 20 мингдан ортиқ,  испан адиби Сервантес ижодида эса 18 мингта сўзни ҳисоблашгани ҳақида таъкидлар учрайди. Буюк бобомиз Алишер Навоий асарларида эса қўлланилган сўзларнинг сони 26000 дан ортиқ экан. Демак, она тилимиз бойлиги, ифода услуби жиҳатидан ҳам бошқа тиллардан кам эмас.

Мен фикримни Шарқда ахлоқ-одоб борасида буюк асарлар яратган Муҳаммад Жабалрудийнинг китоб ҳақида ёзиб қолдирган қуйидаги битиклари билан асосламоқчиман: 

Эй, азиз! Киши учун китобдан азизроқ ва ёқимлироқ суҳбатдош йўқдир. Китоб фасоҳат, балоғатда, латофатда тенги йўқ, мунофиқликдан ҳоли ҳамроҳдир. Ёлғизликда ва ғамли айёмларда мунис улфатдир. Унда на нифоқ бору, на гина. У шундай ҳамдамки, сўзларида ёлғон ва хато бўлмайди. Суҳбатидан эса кишига малоллик етмайди. У ўз дўстининг дилини оғритмайди. Юрагини эса сиқмайди. У шундай рафиқдирки, киши орқасидан ғийбат қилиб юрмайди. Унинг суҳбатидан сенга шундай файзли фойдалар етадики, бундай фойдани одамлардан топа олмайсан. Аксинча, аксар одамлар суҳбатидан кишига зарар етади. Китобдек дўст ичида барча илму ҳилм мужассамдирки, у кишиларни ўтмишдан ва келажакдан огоҳ қилиб туради. Шунинг учун ҳам “Китоб ақл қалъасидир...”

Дарҳақиқат, умр йўлларимизни ёритувчи сўнмас чироқ, ҳаётимизга мазмун бахш этувчи саодат манбаи, содиқ дўст саналмиш китобга ошно бўлиб яшашни кундалик ҳаётимизнинг асосий мезонига айлантиришимиз лозим. Чунки инсоннинг маънавий камолотини таъминлашда китобдан кучли ва қудратли восита йўқ.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,  

“Янги Ўзбекистон” мухбири.