Шунингдек, маҳалла аҳолисини иссиқ-совуғидан хабардор бўлгувчи, ижтимоий-маънавий томондан ҳам ёрдам кўрсатувчидир. Айниқса, сўнгги йилларда боласи касал оилаларнинг дори-дармонига, рўзғорида камчилик бўлганларнинг кам-кўстига ёрдам берувчи кўмакчига айланди. Оиласида муросасизлик келиб чиққанларга ҳам маҳалла масъулларининг ёрдам бераётгани унинг нуфузи, ҳаётимиздаги аҳамиятини оширишда муҳим омил бўлаётир. Буни одамларимиз тушуниб, англаб етмоқда.

Бугунги кунда маҳаллани обод қилиш, аҳоли билан яқиндан ишлаш бўйича тизимли ишлар қилинаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Президентимиз таъбири билан айтганда, “Маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса – бутун жамият ўзгаради”. Бугун маҳаллада ўзгаришлар катта. Шунга қарамай, бу йўналишда ишларни жадаллаштириш мақсадида 2022 йил “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб номланди. Бунда ҳам бир ҳикмат мужассам. Бу билан маҳаллаларимиз тубдан ўзгариши, халқ билан кўпроқ ҳамнафас бўлиши, ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштирилиши, аҳоли, айниқса, ёшларнинг дунёқараши ўзгариши зарурлиги назарда тутилмоқда. Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллигига бағишланган табригида атоқли давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчиллнинг “Яхши бўлиш учун – ўзгариш керак, яхшиларнинг яхшиси бўлиш учун эса янада кўпроқ ўзгариш керак”, деган сўзларини тилга олганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Давлат раҳбари яхши яшаш учун ҳамма ўзгариши кераклигини кўп бора таъкидлаётгани ҳам бугун уйғонмасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги қўшни давлатларда бўлаётган норозилик намойишларининг ўзи кўрсатмоқда. Бугунги кун сергак туришни, доим ҳушёр, уйғоқ ҳолда бўлиб, ёшлар, маънавият, маҳалланинг фаоллиги масалаларида янгича қараш ва замонавий инновацион усуллардан фойдаланишни тақозо этяпти.

2021 йилнинг 19 январида давлатимиз раҳбари ўтказган видеоселектор йиғилишидаги “Жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир” номли маърузаси маънавий соҳадаги ишларимизга дастуриламал бўлди. Унга кўра, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ҳолатларга барҳам бериш, ёшлар ўртасида хуқуқбузарликнинг барвақт олдини олиш мақсадида “Авлодлар учрашуви” лойиҳаси, “Бир зиёли — бир маҳаллага маънавий ҳомий”, “Бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойиллари асосида “маҳаллабай” ишлаш тизими яратилди. Уларга олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, ижодкор зиёлилар, ижтимоий фаол нуронийларни жалб қилинди. Айни пайтда ҳар бир олий таълим муассасаси томонидан “маҳаллабай” ишлаш тизими бўйича алоҳида “йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, ижроси таъминламоқда. Биргина мисол, Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла ёшлари ўртасида спортнинг барча турлари, чет тилларини ўргатишга қаратилган пулсиз тўгараклар, компьютер саводхонлигини ошириш бўйича бепул курслар ҳамда бошқа касблар бўйича ҳам ўқувлар ташкил этилди. Бундан ташқари, аҳоли орасида оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган психологик тренинглар ўтказилди. Ёши улуғ профессор-ўқитувчилар иштирокидаги маҳалла ёшлари билан учрашувларда зиёлиларнинг ёшларга ибрат қилиниши баробарида жамиятда нуронийларнинг ижтимоий фаоллиги ошишига ҳисса қўшишга ҳам эришилди.

 Бу каби мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин, аммо ютуқлар ўзимизники. Эндиликда маҳаллада маънавий-маърифий муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этишнинг аниқ ва самарали механизмларини яратиш зарур. Унда қуйидагилар алоҳида йўналиш сифатида белгиланишини ғоят муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Биринчидан, аҳоли, айниқса, ёшларни китобхонлик маданиятини шакллантириш йўналишида аҳоли ва ёшлар ўртасида китоб мутолаа қилиши ҳамда севиб ўқийдиган китобларини социологик сўровнома асосида ўрганиб, ҳар бир маҳалла биносининг ичида кутубхона ташкил этишни асосий вазифа қилиб белгилаш зарур. Шу билан бирга, аҳолини мутолаага қизиқтириш усулларини амалда жорий қилиш орқали аниқ ва манзилли ишларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Иккинчидан, ажрашиш арафасида турган ва эҳтимоли юқори бўлган оилалар билан алоҳида ишлашни йўлга қўйиш керак. Бу борада оилалар ёшига қараб, психологик тренингларни ташкил этиш зарур. Мазкур йўналишда дин соҳаси вакилларини ҳам кенг жалб этиш муҳим ҳисобланади.

Учинчидан, ички туризмни ривожлантириш йўналишида маҳалланинг маънавий-маърифий ишларида энг фаол бўлган аҳоли қатламини тарихий обида ва маънавий меросларимиз жойлашган ҳудудларга саёҳатини ташкил этиш зарур. Бу ўз маҳалласидан нарига чиқмаган юртдошларимизнинг руҳиятига ижобий таъсир қилади, албатта.

Тўртинчидан, маҳаллаларда миллий қадриятларни аҳоли, айниқса, ёшлар онгига сингдириш йўналишида тарғиботнинг энг таъсирчан усулларидан кенг фойдаланиш зарур. Зеро, ҳар бир миллат ўзининг тили, урф-одати, анъанаси, маданияти, тарихи билан миллат ҳисобланади. қандай етук, баркамол инсон бўламизки, ўзимизнинг миллий урф-одатимизни билмасак, унга риоя қилмасак, ундан ҳаётимизда, болаларимиз тарбиясида фойдаланмасак! Ўзининг миллий урф-одатини билмаган кишини баркамол одам деб бўлмайди.

Халқимизнинг умрбоқий анъаналарини ўзида мужассам этган миллий урф-одатларимиздан: саломлашиш, никоҳ, тўй, оила тутиш, фарзандни тарбиялаш, ота-онани ҳурмат қилиш, саломатликни сақлаш, илм олиш, кийим кийиш, нонни эъзозлаш, меҳмон кутиш, табиатни муҳофаза қилиш, миллий байрамлар ўтказиш, мотам маросимларини ўтказиш кабиларнинг ҳар бири буюк бир мактабдир.

Аждодларимиз қолдирган маънавият хазинасидан баҳра олиб, улардан ёшларимизни ҳам баҳраманд этиш, улар онгини маънан бойитиш маънавиятлиликнинг энг юксак кўринишидир. Ҳайриятки, биз анъаналаримиз, урф-одатларимизни кенг тарғиб қилиш имкониятига эга бўлган қутлуғ замонда яшаяпмиз. Уларнинг асл тарихини илмий асосда айтиб берадиган даврдамиз. Шундай экан, мазкур илмий мерос асосида маҳаллаларда миллий қадриятларимизни аҳоли, айниқса, ёшлар онгига кенг сингдириш тизимини яратиб, ушбу тизимни мунтазам ташкил этиб бориш зарур. Бунинг учун тарғиботнинг энг таъсирчан усуллари ва механизмларини жорий этиш керак бўлади. Бунинг натижасида ота-боболаримиздан бизга мерос қолган урф-одатлар ҳам оммалашади.

Маҳаллаларда миллий қадриятлар ва миллий урф-одатларни аҳоли, айниқса, ёшлар онгига сингдириш ҳамда мунтазам тарғиб этиш тизимини яратишда қуйидагиларга эътибор қаратиш зарур, деб ҳисоблаймиз:

Аввало, маҳалладаги мактабгача таълим муассасасига бормайдиган болалар эътибордан четда қолмаслиги керак. Улар билан боғчага борадиган болаларни бир даврага жамлаш, мақол, эртак, шеърлару, куй-қўшиқлар ижросини ташкил қилиш маълум маънода ўз натижасини беради. Боласида боғчага бориш истаги уйғонган ота-она қандай бўлмасин, бунинг имконини топишга ҳаракат қилиши мумкин. Ахир мактабгача таълим-тарбия – инсон тарбиясининг энг муҳим даврику... Шу маънода 2019 йил 3 майда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” лойиҳаси тайёрланиб, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланди. Мазкур концепция асосида оилада, шунингдек таълимнинг барча босқичларида фарзанд тарбиясининг узлуксизлигини таъминлаш тизими ишлаб чиқилди. Мақсад — бола туғилмасидан бошлаб то 25 ёшгача вақт давомида унинг маънавияти, ёшига мос кўникма ва малакалар, компетенцияларининг кутилаётган аниқ даражасини кафолатли таъминлашнинг илмий асосланган дастурий-методик таъминотини ташкил этиш.

Узлуксиз маънавий тарбия тизими оила, мактабгача, умумий ўрта таълим муассасаларида ёшларни босқичма-босқич, узлуксиз маънавий тарбиялаш натижадорлигини кафолатлашга қаратилган педагогик операциялар, воситалар, методлар занжиридир. Ушбу тизимда воситалар эмас, балки у ёки бу фазилат, ижтимоий малакани шакллантиришда кафолатланган натижага эришишнинг педагогик алгоритмлари режалаштирилиши назарда тутилган.

Президентимиз дунё минтақаларидаги қонли тўқнашув ва низоларга тўхталиб, юртимизда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, турли хавф-хатарларга қарши курашни кучайтиришимиз шартлигини, бу курашнинг оддий, ҳар биримиз амал қила оладиган йўлларини ҳам кўрсатиб берди. Яъни “... ҳар биримиз бу масалага бефарқ бўлмасдан, ўз боламизни, ўз уйимиз, ўз маҳалламизни ўзимиз асрайдиган бўлсак, мен ишонаман, бундай бало-қазолар ҳаётимиздан албатта йироқ бўлади”.

Демак, тарбия масаласи мунтазам кун тартибимизда туриши таъкидланмоқда. Умумтаълим мактабларида “Тарбия” фани жорий этилиши ҳам шундан, аслида. Мақсад ёшлар маънавиятини бойитиш, бузғунчи ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш, уларнинг онг ва хулқларини бунёдкор, эзгу ишларга йўналтиришдан иборатдир.

Чақалоқ учун икки нарса энг муҳим. Она сути ва алласи. Илгари қизларга ёшлик вақтларидан бошлаб алла айтиш ўргатилган. Эндиликда ҳам маҳалладаги мактаб ўқувчи-қизлари ўртасида “Алла” кўрик-танловларини ўтказиш зарур. Зеро, оналар қўшиғи — алла қадриятдир. Унинг сеҳри ҳақида кўплаб афсоналар, ривоятлар ёзилган. Қолаверса, алла бола учун маънавий озуқа ҳисобланади. Айниқса онаси томонидан айтилса...

Бугун болаларимизнинг қаҳрамони ким? Мультфильмлардаги ҳар хил хорижий образларми? Нега миллий эртакларимиз қаҳромонлари тарғиботи сустлашмоқда?

Маҳаллаларда “Бобожоним эртаклари”, “Бувижоним эртаклари” номли танловлар ўтказилса қандай яхши?... Улар бобо ва бувилар яшайдиган хонадонларда ташкил этилса-чи? Видеоролик қилиниб, давлат ва нодавлат телеканалларида намойиш этиб борилса борми? Оилаларда болаларга миллий эртаклар айтиш қадрияти қайта тикланишида бу жуда муҳим ўрин тутади. Қандай бўлмасин, эртаклардаги миллий қаҳрамонларимизни болаларимизнинг қаҳрамонларига айлантиришимиз керак.

Одатларимизга кўра, қизларимизни оилага тайёрлаш ишлари оналар ва бувижонлар томонидан амалга ошириб келинган. Бугунги кунда айрим оилаларимизда бу одат ҳам сустлашибб оряпти. Шу маънода маҳаллада “Оқила қиз” кўрик-танловини ўтказиш, “Қизлар давраси”ни ташкил этиш ҳам юксак тарбиявий таъсир касб этади. Уларда саломлашиш одоби, пазандалик, оила бюджетини тежаб ишлатиш кабиларга урғу берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу каби тавсиялар кўп. Аммо уни амалда жорий этиш биз, катталарнинг хоҳиш ва истагимиз, келажагимизга не чоғли эътиборлилигимизга боғлиқ.

Асрлар, йиллар ўтади. Авлодларимизнинг таълими, тарбияси, қадриятларимизни билиш даражаси, ҳар бир фарзанднинг тафаккурига жавобгарлик масаласи сизу бизнинг зиммамизда. Шуни унутмайлик! Бугун тарбия масаласи сеники ёки меники деб эмас, ҳаммамизники, шу миллатники, деган ҳолда ҳамкорликда ишлашни жорий этайлик. Янги Ўзбекистонни бунёд этишга муносиб ҳисса қўшган инсонларни келгуси авлодлар, албатта, фахру ғурур миннатдорлик билан эслайди.

 

Мунира ҚАҲҲОРОВА,

Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар

институти директори ўринбосари