Давлатимиз мадҳиясидаги ушбу мисралар Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш сари дадил қадам ташлаётган янги Ўзбекистоннинг бугунги ижтимоий-маънавий қиёфасини ўзида тўлиқ акс эттиради.

Дарҳақиқат, юртимизда эришилаётган оламшумул ютуқлар, “инсон қадри учун, инсон бахти учун” деган улуғвор тамойилни қарор топтириш йўлидаги улкан ислоҳотлар туфайли “қудрати жўш урган” халқимиз ақлий ва маънавий салоҳиятининг бугунги амалий натижалари том маънода дунёни ҳайратга солмоқда. Ватанимиз тарих учун жуда қисқа бўлган даврда қўлга киритаётган зафарлари ва кўзлаётган марралари билан оламни “маҳлиё айламоқда”.

Яқинда БААнинг Дубай шаҳрида ўтказилган, қитъамизнинг 35 давлатидан келган 1500 дан зиёд спортчи иштирок этган V Ёшлар параосиё ўйинларида юртдошларимиз қўлга киритган тарихий ғалаба ҳам халқимизнинг “улуғ қудрати”ни яна бир бор намойиш этди. Ёшларимиз Ўзбекистон паралимпия ҳаракати тарихида янги саҳифа очди — 99 олтин, 57 кумуш, 41 бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида Осиё қитъасида тенгсиз эканини исботлади.

Чексиз фахр берадиган жиҳат шуки, мазкур турнир давомида Ўзбекистон мадҳияси қарийб 100 марта янгради!

Футбол бўйича миллий терма жамоамиз тарихда илк бор жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди. Талабаларимиз Халқаро ёзги универсиада ўйинларида 116 давлат орасида илк бор кучли 15 таликка кирди, Марказий Осиёда биринчи бўлди.

Шахматчимиз Жавоҳир Синдоров 19 ёшида жаҳон кубоги соҳиби бўлганида кўксимиз тоғдек кўтарилди!

Ватанимиз фарзандларининг бундай буюк зафарлари бугун чиндан ҳам “улуғ халқ қудрати жўш ураётгани” ва халқимиз “оламни маҳлиё айлаётгани”нинг ёрқин далилидир.

Давлатимиз раҳбари мустақиллигимизнинг 34 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ёшларга мурожаат қилиб, фахру ғуруримизга лойиқ ўғил-қизларимиз тимсолида бўлғуси хоразмийлар, берунийлар, ибн синоларни кўришини таъкидлаган эди.

“Бугунги ёшларимизнинг овози, ғоя ва ташаббуслари, куч-ғайрати барча соҳа ва тармоқларга чуқур кириб бормоқда. Улар халқимизнинг неча йиллик орзу-армонларини реал ҳақиқатга айлантирмоқда”, деди Президентимиз.

Ҳозир дунёдаги энг етакчи олийгоҳларда 2000 дан зиёд талабамиз таҳсил олмоқда. Ўтган йили юртимиз ёшлари нуфузли 500 таликдан жой олган олийгоҳларга ўқишга кириш бўйича Марказий Осиёда пешқадам бўлди.

2025 йилда юртимиз ўқувчилари томонидан фан олимпиадалари тарихида янги натижа қайд этилди: 29 та халқаро фан олимпиадасида жами 210 та медаль қўлга киритилди. Хусусан, ўқувчиларимиз 40 олтин, 78 кумуш, 92 та бронза медалга эга чиқди. Бу халқимиз буюк салоҳиятининг намойиши эмасми?!

Шу ўринда қиёслаш учун рақамларни келтириб ўтайлик.

  • 2019 йилда — 30 та,
  • 2020 йилда — 25 та, 2021 йилда — 45 та,
  • 2022 йилда — 41 та, 2023 йилда — 96 та,
  • 2024 йилда — 128 та медаль қўлга киритилган эди.

Юртимиз ўқувчи қизлари илк марта Европа қизлар математика олимпиадаларида қатнашди ҳамда 1 кумуш, 2 бронза медаль соҳиби бўлди. Бу натижалар шунчаки рақамлар эмас. Улар аждодларимизнинг узоқ йиллик орзу-армонлари, халқимизнинг бунёдкор руҳини ўзида ифодалайди. Бундай оламшумул ютуқлар янги Ўзбекистонда олтин авлод камолга етаётгани ҳамда мамлакатимиз кўзлаётган улкан марралар реал ва ҳаётий заминга эга экани ҳақида бутун дунёга жар солмоқда.

Халқни уйғотаётган ўзгаришлар

Ҳар бир кунимиз, ҳаётимизда содир бўлаётган янгиланишлар янги Ўзбекистон ғояси амалда қудратли ҳаракатга айланганини бот-бот исбот этаётир. Қаерга қараманг, тарихий воқеаларга гувоҳ бўласиз. Ҳар бир кунимизда унум, ўсиш бор!

Бу оламда ҳеч бир ҳодиса ёки натижа ўз-ўзидан юзага чиқмайди. Ҳар бир юксалишнинг ортида тинимсиз меҳнат, улуғвор ғоялар ва хайрли ташаббуслар мужассам. Шу маънода, бугун ёшларимиз қўлга киритаётган салмоқли зафарларни кейинги 8-9 йилда мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси десак асло хато бўлмайди. Тизимли ва муқаррар тус олган бу ислоҳотлар миллатимизни руҳан уйғотмоқда, жамиятимизга бунёдкор ғояларни олиб кирмоқда ва шу тариқа одамларни ҳаракатга келтирмоқда. Энг муҳими, узоқни ўйлаб, изчил олиб борилаётган бу саъй-ҳаракатлар халқимизнинг маънавий ва ақлий салоҳиятини юзага чиқаряпти.

Ёшларимизнинг халқаро спорт майдонларидаги шонли ютуқларига Ўзбекистонни чинакам спорт мамлакатига айлантириш мақсадида кўрилаётган тизимли чора-тадбирларнинг амалий натижаси сифатида қараш лозим. Истиқболли ўғил-қизларимизга атаб Тошкентда барпо этилган улкан Олимпия шаҳарчаси, юртимиз тарихида биринчи марта ташкил этилган, замонавий таълим ва билим берадиган Футбол академияси янги истеъдодлар ва янги чемпионлар учун рамзий маънода бешик бўлиши шубҳасиз!

“Президент олимпиадаси” ўйинларига асос солинганининг ўзи катта воқеа! Мазкур мусобақанинг саралаш босқичларига 100 мингдан зиёд ўғил-қиз жалб қилингани ва якуний турнирда 3000 га яқин спортчи иштирок этгани Ўзбекистон спорти ноёб тизим бўлиб шаклланганини яққол кўрсатиб берди. Қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, илк бор ўтказилган ва қизғин курашларга бой бўлган “Президент олимпиадаси” ёшларимиз қалбига олимпиада руҳи, олимпиада ғояларини олиб кирди ҳамда уларнинг жаҳон ареналари сари дадил боришида катта тажриба ва маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади.

Таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳам жуда залворли. Сўнгги саккиз йилда хусусий сектор билан бирга боғчалардаги ўринлар 2,5 миллионга, қамров 78 фоизга етказилди. Янги мактаблар барпо этилгани ва мавжудлари кенгайтирилгани ҳисобига қўшимча 1 миллион ўқувчи ўрни очилди.

Шу даврда олий таълимдаги қамров 9 фоиздан 42 фоизга етказилгани тизимда юз берган кескин бурилишнинг амалий маҳсулидир. Олий ўқув юртлари талабаларининг 53 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани ҳам алоҳида эътиборга молик. Олийгоҳларда таълим олаётган хотин-қизлар ҳам маънан, ҳам ақлан етукликка эришиб, келгусида жамиятимиздан муносиб ўрин топиши ва маърифатли она бўлиб ҳар жиҳатдан баркамол авлодни тарбиялашга ҳисса қўшиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.

Таълимдаги янгиланишларнинг дастлабки куртаклари ҳаётимизда бўй кўрсатмоқда. Мактабларимизда бу йилдан бошлаб ижобий натижага эришилди, яъни республикадаги 3 та умумтаълим муассасаси битирувчилари олий ўқув юртларига кириш бўйича 100 фоизлик натижага эришди. Қоракўл туманидаги мактаб-интернат, Навоий шаҳридаги 1-ихтисослашган мактаб-интернат, Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабининг бу ютуғи таълимдаги туб янгиланишларнинг меваси.

Жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, таълим тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар кўлами кенг ва улар моҳиятан миллий ғурур ҳамда эркин тафаккурга эга, ўзини юрт тақдирига дахлдор деб биладиган баркамол шахсларни тарбиялашга қаратилган. Ислоҳотларнинг амалий ­самараси ёшларимизнинг теран тафаккури, ақлий етуклиги ва маънавий камолотида намоён бўлаётгани ғоят қувонарли.

Бебаҳо бойлик

Янги Ўзбекистонда истеъдод эгаларини рағбатлантириш ва уларга кенг йўл очиш ёшларга оид давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Мамлакатимиз тараққиётининг сўнгги йиллардаги архитектурасини таҳлил қилсангиз, ёш авлод ресурсини ривожлантириш ва юзага чиқариш масаласига ҳар қачонгидан устувор ўрин берилаётганига амин бўласиз. Чиндан ҳам ёшлар — янги Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси!

Инсон қобилиятини ривожлантириш кўп жиҳатдан ижтимоий муҳитга ва тарбияга боғлиқ. Юртимизда камолга етаётган ҳар бир иқтидор эгасини аниқлаш ва ютуқларга руҳлантириш учун эскирган, анъанавий ­қолиплардан воз кечиш, янгича ёндашув ва тизимли ислоҳотлар лозим эди. Жамиятга янги ғоялар, чақириқлар керак эди.

2019 йилда Президентимиз ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича

5 та муҳим ташаббусни илгари сурди. Ўтган қисқа муддатда салмоқли саъй-ҳаракатлар бажарилди. Шу мақсадда кўплаб дастурлар қабул қилинди.

Ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр кабиларга қизиқишини ошириш бўйича 840 та маданият маркази, 219 та “Баркамол авлод” болалар мактаби, 10 минг 182 та умумтаълим мактабида 93 минг 385 та тўгарак фаолияти йўлга қўйилди ва уларга 12 миллион 400 минг ўғил-қиз қамраб олинди.

Истеъдодли ёшларни барвақт аниқлаш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган кўплаб халқаро ва республика кўрик-танловларининг мунтазам ўтказиб келинаётгани, ёшлар учун “Келажак бунёдкори”, “Мард ўғлон” ва Зулфия номидаги давлат мукофотларининг таъсис этилгани ҳам навқирон авлод вакиллари учун янги имкониятлар эшигини очмоқда. Мисол учун, маданият ва санъат йўналишида ташкил этилган лойиҳа ва танловларга жами 3,2 миллион ёш жалб қилинган.

Маҳалладан иқтидорли ёшларни саралаш, истеъдодини намойиш этишига шароит яратиш мақсадида 26 та танлов ва мусобақадан иборат 5 босқичли (маҳалла — сектор — туман — вилоят — республика) “Беш ташаббус олимпиадаси” ўтказилиб, 13 миллиондан ортиқ ёш жалб этилди.

Ёшларнинг замонавий билимлар ва ахборот технологияларига қизиқишини ошириш масаласи ҳам давлатнинг доимий эътиборида. 2025 йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 325 минг йигит-қиз ўқитилди. Шунингдек, ёшлар ­стартапларини қўллаб-қувватлаш бўйича венчур сармоя маблағи 1 миллиард долларга етказилиши ва мактабларда ўқувчилар учун “моҳирлик ва бизнес соати” киритилиб, уларнинг ғоясини стартапга айлантиришга 100 миллиард сўм грант йўналтирилиши белгиланди.

Йигит-қизлар орасида китобхонликни ривожлантириш мақсадида анъанавий ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон” республика танлови ўқувчилар орасида оммалашиб, катта ҳаракатга айланди. Бу танлов 5 миллиондан зиёд ёшни қамраб олди. Шу кунгача мазкур танловнинг 23 ғолиби Президент совғаси — автомашиналар совриндори бўлди. Бу ҳаракатнинг жамиятдаги ижобий акс садоси сифатида китобга меҳр қўйиб, мутолаани кундалик ҳаёт тарзига айлантирган, “Ёш китобхон” танловида ғолиб бўлиб, ота-онасига автомашина совға қилиш ўй-хаёлида интилаётган ўқувчилар сафига ҳар йили минглаб янги иқтидорлар қўшилмоқда.

Ўзбекистон янги истеъдод эгаларини кашф этиш ва рағбатлантириш масаласида ресурс ва маблағни аямаяпти. Жорий йилда халқаро фан олимпиадалари ғолиблари, уларнинг устозларини тақдирлаш учун давлат бюджетидан жами 12 миллиард 424 миллион сўмга яқин маблағ ажратилгани бунинг ёрқин исботи. Таққослаш учун: 2019 йилда бу мақсадга 780 миллион сўм йўналтирилган эди ва бу йилги маблағ қарийб 17,5 баробар кўп.

Давлат томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож ёшларга ҳам тизимли кўмак берилмоқда. Ўтган даврда бу қатламни қўллаб-қувватлашга доир ташкилий-ҳуқуқий кафолатлар яратилди. “Ёшлар дафтари” тизими йўлга қўйилиши натижасида эҳтиёжманд ва кўмакка муҳтож ҳамда ишсиз 591 минг ёш ижтимоий қўллаб-қувватлаш рўйхатига киритилди. Ҳудудларда тадбиркорликни кенгайтириш ҳисобига 76 минг хотин-қиз иш билан таъминланди. Шунингдек, 16 минг хотин-қиз касб-ҳунарга ўргатилди. Биргина “Ҳамроҳлик дастури”га мувофиқ, ота-она меҳридан маҳрум бўлган 11 минг бола таълим, касб-ҳунар, спорт тизимига қамраб олинди.

Шу рақамларнинг ўзиёқ, юртимизда бегона одам ҳам, бегона бола ҳам йўқ деган тамойилнинг амалий ифодасини кўрсатади.

Жаҳондаги ноёб модель

Истеъдод туғма бўлади, лекин уни тарбиялаш, сайқаллаш лозим. Бунинг учун унга алоҳида эътибор зарур. Энг муҳими, иқтидор эгаси бу ғамхўрликни ўз ҳаётида ҳис қилиши керак. Агар ниҳолга ўз вақтида меҳр берилмаса, у ўсишдан тўхтайди, қовжирайди.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда иқтидорли ёшлар билан ишлашнинг ягона ва самарали тизимига асос солинди. Шу мақсадда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 9 сентябрдаги фармонига асосан Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди. Юртимизда ижод мактаблари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари ва Президент мактаблари каби янги моделдаги мактаблар пайдо бўлди. Бундай таълим модели жаҳондаги ноёб ҳодиса.

Бу тизим давлатимиз раҳбарининг ижод аҳлига, адабиётга, ёшлар тақдирига доимий ғамхўрлиги ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатининг маҳсули десак, асло хато бўлмайди. Янги Ўзбекистоннинг тарихини яратаётган олтин авлоднинг камолотида бу тизим муҳим ўрин тутмоқда.

Ҳозир мазкур тизимда 228 та мактаб фаолият юритмоқда. Республика бўйлаб 182 та туман ва шаҳарда ташкил этилган ­мактабларга 78 мингга яқин ўқувчи қамраб олинган ва уларга 9000 педагог таълим-тарбия бериб келмоқда. Бу йилдан тизимда ўқувчиларни нуфузли олий таълим муассасаларига мақсадли тайёрлашга қаратилган “Президент иқтидорли фарзандлари” ташаббусини қўллаб-қувватлаш бўйича миллий дастур йўлга қўйилди.

Иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш, ўқитиш ва тарбиялаш, ёш истеъдодларни янада қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда янгича ёндашувга асосланган ушбу тизимнинг муҳим ўрнини, келинг, ижод мактаблари мисолида таҳлил қилайлик.

Ижод мактаблари бадиий адабиёт ва ижоднинг бошқа турларига қизиқадиган иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш орқали интеллектуал салоҳияти ва ижодий истеъдодини янада ривожлантиришга мўлжалланган давлат умумий ўрта таълим муассасасидир. Айни вақтда ҳудудларда Абдулла Қодирий, Исҳоқхон Ибрат, Огаҳий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Ибройим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф каби миллатимиз ойдинлари номидаги ижод мактаблари ишламоқда. Уларда 1928 нафар ўқувчи, яъни шунча иқтидор эгаси ўқимоқда.

Улардаги таълим жараёни Ёзувчилар уюшмасининг ҳудудий бўлинмалари билан яқин ҳамкорликда ташкил этилади. Уюшма аъзолари мунтазам равишда ижод мактабларида ўқувчиларнинг ижодий истеъдодини ривожлантиришга қаратилган машғулотлар ўтади.

Шунингдек, 2024 йилдан буён ижод мактабларида таҳсил олаётган ўқувчиларнинг анъанавий “Зомин” ёш ижодкорлар семинарида иштирок этиши тажрибаси йўлга қўйилган. Унда ғолиб бўлганларнинг “Менинг биринчи китобим” лойиҳаси доирасида биринчи ва иккинчи китоблари шу кунгача 10 минг ададда чоп этилган. Бундан ташқари, ижод мактаблари ўқувчиларининг ижод намуналарини бирлаштирган “Ижод боғидан гулдаста” тўпламининг

6 та сони нашр этилди. Жорий йилдан ижод мактаблари ўқувчилари иштирокида жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ­аудио шаклига келтириш йўлга қўйилиб, ҳозир бу каби аудиокитоблар сони 55 тани ташкил этмоқда.

Ижод мактабларида замонавий билим тенденцияларига ҳам алоҳида ўрин берилмоқда. Хусусан, Абдулла Орипов ва Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабларининг ўқув дастури халқаро IB талабларига тўлиқ мослаштирилди.

Бу мактабларда ўқувчиларнинг иқтидори таълим давридаёқ сайқалланмоқда. Сўнгги 6 йилда ижод мактаблари битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 57 фоиз ўсиб, бугун 100 фоизни ташкил этмоқда. Жорий йилда маҳаллий олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактаби битирувчилари ўртача 178,4 балл кўрсаткич билан республикада иккинчи, Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби 175 балл билан учинчи, Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби 174,3 балл билан тўртинчи, Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактаби эса 168,9 балл тўплаб, тўққизинчи ўринни эгаллаб, етакчи 10 та мактаб рўйхатига кирди.

Жорий йилда Эркин Воҳидов ҳамда Ҳалима Худойбердиева номидаги ижод мактабларини тамомлаган битирувчилар дунё рейтингида илғор 200 таликка кирувчи нуфузли хорижий олийгоҳларга ўқишга қабул қилинди.

Бугун Ўзбекистон эришаётган оламшумул ютуқлар тасодифий эмас. Ватанимизда “улуғ халқ қудрати”ни жўш урдириб, минглаб истеъдод эгаларини майдонга олиб чиқаётган кенг кўламли, пухта ўйланган, изчил ва аниқ манзилли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Янги Ўзбекистоннинг оламни маҳлиё айлаётган улкан зафарлари Президентимизнинг халқимизни қачондир ёки эртага эмас, айнан бугун бахтли қилиш истагидаги оқилона сиёсатининг жаҳоний акс садоси десак, хато бўлмайди. Бу сиёсатнинг меваси бўлиб кашф этилган, чинакамига қадр топаётган ва сафлари тобора кенгайиб бораётган истеъдодли ёшлар — Ватанимизнинг олтин авлодидир! Ғуруримиз тимсоли бўлган бу авлоднинг овози жаҳон саҳналарида тобора баландроқ янграмоқда ва улар ўз ақлий салоҳияти, маънавий камолоти билан янги Ўзбекистоннинг шонли тарихини яратмоқда.

Шуҳрат ОРИФ,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси, шоир