Тараққиёт нафақат илғор ғояларни, балки эскириб қолган тартиблар, бюрократик ғов ва тўсиқлардан ўз вақтида воз кечишни ҳам тақозо қилади. Бу борада халқаро тажрибада “тартибга солиш гильотинаси” усулидан фойдаланиб келинади. Даставвал, мазкур тамоил иқтисодий ўсишдаги тўсиқларни бартараф этиш ва инвестицияларни жалб қилиш мақсадида 1980 йилда Швецияда ишлаб чиқилган. Унинг асосий моҳияти қисқа муддатларда амалдаги норматив-ҳуқуқий базани хатловдан ўтказиш ва қонунчиликка ёки бир-бирига зид бўлган, ўз ахамиятини йўқотган, амалда ортиқча харажатлар талаб қиладиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бекор қилишга қаратилган эди.
Айни кезда Жанубий Корея, Хорватия, Сербия, Буюк Британия, Мексика, Вьетнам, Миср, Кения каби давлатлар қонунчилигида бу услуб амал қилиб келяпти. Бу жараён қисқа муддатда ўтказилса-да, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг сезиларли даражада ошишига ва қўшимча иш ўринлари яратилишига ҳисса қўшади.
Бунга амалий мисол тариқасида Жанубий Корея амалиётини келтириш мумкин. Давлат қарийб бир йил давомида 11 000 га яқин норматив-хуқуқий хужжатларни қайта кўриб чиқди ва уларнинг тенг ярмини бекор қилди. Натижада ЯИМ ҳажми 36 миллиард долларга ўсган бўлса, қўшимча 1 миллион иш ўрни яратилди.
Халқаро тажриба “Тартибга солиш гильотинаси” усулини қуйидаги кетма-кетликда амалга тадбиқ этиш самара келтиришини кўрсатиб келмоқда. Биринчидан, ҳукумат ёки ислоҳотларни амалга ошириш вазифаси юкланган бошқа идора унинг асосий мақсадларини белгилайди. Иккинчидан, ҳукуматнинг топшириғига биноан, масъул идора белгиланган муддатда норматив-ҳуқуқий хужжатлар рўйхатини шакллантиради. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунийлиги, долзарблиги ва бозор муносабатларига қанчалик мослиги юзасидан хатловдан ўтказилади. Учинчидан, хатловдан ўтказилган барча ҳужжатлар ягона реестрга жамланади. Таҳлилларга кўра, уларнинг талабларга зид деб топилгани ўз кучини йўқотган, деб хисобланади.
Бундан икки йил олдинги таҳлиллар Ўзбекистон миллий қонунчилик базасида 30 мингдан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлигини, уларнинг 5 фоизини қонунлар, қолган қисмини эса қонуности ҳужжатлари ташкил этилишини кўрсатди. Шундан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 сентябрдаги “Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони билан норма ижодкорлиги жараёнида амал қилиш лозим бўлган бир қатор принципал ўзгаришлар киритилди. Бинобарин, Адлия вазирлиги томонидан манфаатдор идоралар билан биргаликда ўтказилган хатлов 2,5 мингга яқин эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган, ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини, бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида зиддиятларни келтириб чиқараётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжудлиги аниқланган эди.
Фармонга биноан, 500 га яқин қарорлар эскирган, 106 таси қисман ўз кучини йўқотган деб топилди ва миллий қонунчилик тизимини ривожлантиришнинг муҳим йўналишлари илгари сурилди. Жумладан, эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган нормаларни кенг кўламда қайта кўриб чиқиб, уларни бекор қилишни таъминловчи "тартибга солиш гильотинаси" усули жорий этилиши белгиланди.
Ҳужжатда институционал ўзгаришлар назарда тутилиб, Адлия вазирлиги таркибида тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилди, барча давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларида бу йўналишда масъул ходимлар иш олиб бориши йўлга қўйилди.
Президентимизнинг мазкур фармонинг ижросини таъминлаш доирасида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 22 февралдаги қарори билан 1 887 та тартибга солиш юки эскирган ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётига зид бўлган ҳолатларни келтириб чиқараётган Ҳукумат қарорлари бекор қилинди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 30 апрелдаги “Миллий қонунчилик базасини комплекс тизимлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони билан 380 та ҳужат ўз аҳамиятини йўқотган, деб топилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Адлия вазирлиги томонидан Вазирлар Маҳкамаси қарорлари хатловдан ўтказилиб, унинг натижасида қўшимча равишда 482 та эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотганлиги учун бекор қилиш бўйича таклифлар тақдим этилди.
Ўтган йили ҳокимларнинг 4 343 та умуммажбурий бўлган қарорлари “Тартибга солиш гильотинаси” қўллаш асосида бекор қилинди. Бунинг натижасида, давлат ҳисобида турган маҳаллий умуммажбурий ҳужжатлар сони 70 фоизга камайди.
Умуман олганда, 2021 йилда адлия органлари томонидан ўтказилган мониторингларда 2500 дан ортиқ қонунчилик ҳужжатларига зид бўлган ҳокимлар қарорлари қабул қилинганлиги аниқланди. Киритилган таъсир чораларига асосан, уларнинг 2098 таси бекор қилинди.
Ана шу рақамлар ҳам кўрсатиб турибдики, “Тартибга солиш гильотинаси” тамойилининг жорий этилиши натижасида тадбиркорларга ғов бўлиб келаётган турли маъмурий чекловлар бартараф этиляпти, иқтисодиёт тармоқларида юқори самарадорликка эришиш жараёни ва бизнес юритиш муҳитининг яхшиланишига ҳисса қўшмоқда.
Зафар РАҲМОНОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими