Айни кунларда шаҳарда бир нечта китоб дўконлари тармоғи ишга туширилиб, фаолият кўрсатмоқда. Ёш тадбиркор ижтимоий тармоқларда ўз саҳифасини очиб, онлайн китоб савдоларини йўлга қўйган.

Сардор доимо изланишда, янгиликлар яратиш йўлида тиним билмайди. Китоб савдоси билан шуғулланиш осон иш эмас. Тарғибот, реклама бунда катта аҳамиятга эга. У анчадан буён кўчма китоб дўкони ташкил этишни ўйлаб юрарди. Бу мақсадда интернет орқали ривожланган давлатларнинг тажрибасини ўрганди ва янги лойиҳани ишлаб чиқди. Маҳаллий усталар ёрдамида сайёр китоб дўкони велосипедга мослаштирилди. Унинг айтишича, барча ҳаражатлари билан ихчам, ҳар томонлама қулай бўлган дўкон ўн миллион сўмга тушган. Айни кунларда велосипедда ҳаракатланаётган сайёр китоб тармоғи Фарғона шаҳрининг аҳоли гавжум жойларида юриб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда, деб ёзади Фарғона вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

—Бундай велосипедга мослашган дўконларимизни яна ҳам кўпайтирмоқчимиз, самараси яхши бўляпти, – дейди тадбиркор. – Чунки аҳолида китобхонликка бўлган қизиқиш ортмоқда. Харидорларга маъқул хизматни йўлга қўйиш борасида яна янги лойиҳаларимиз бор.