Президентимиз фармонига биноан, “Келажак бунёдкори” медали билан мукофотланганим тўғрисидаги хабар нафақат менинг, балки олис Сўхдаги ёшлар, хотин-қизлар қалбига бир олам шодлик олиб кирди. Сабаби, оддий қишлоқ аёлининг меҳнати бу қадар эътироф этилгани, қадрланганининг ўзи катта гап. Аввало, давлатимиз раҳбарининг алоҳида эътибори туфайли туманимизда аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида қилинаётган ишлар, яратилаётган шароит ва имкониятлар ҳақида ҳар қанча гапирсак ҳам камлик қилади.
Обод маҳаллалар, замонавий мактаб ва мактабгача таълим муассасалари қуриш, таъмирлаш, тиббий хизмат сифатини ошириш, инфратузилмани яхшилаш борасидаги улуғвор саъй-ҳаракатлар туманимиз ҳаёт тарзида ўзига хос ўзгариш ва янгиланишлар ясаяпти. Бунёдкорлик ва янгиланишларни ҳудудимизда яшаётган ҳар бир киши ўз турмуш тарзи, ҳаёти мисолида ҳис қиляпти. Кўлами кенг ислоҳотлар менинг ҳаётимда ҳам ўчмас из қолдиряпти.
Биз яшайдиган Девайрон қишлоғи туман марказидан 15 чақирим олисда жойлашган. Ҳудудимизда битта эски мактабгача таълим муассасаси бўлгани учун 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълимнинг бошланғич бўғинига қамраб олишда ўзига яраша қийинчиликлар бор эди. Шунинг учун аксарият болалар уйда ўтирарди. Фарғона давлат университетида инглиз тили мутахассислиги бўйича ўқиб, 2018 йили қишлоғимиздаги 17-мактабда иш бошладим.
Президентимизнинг 2020 йил 8 августдаги “2020-2021 йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекси жтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини яхшилаш, моддий-техник базасини ривожлантириш ишларига алоҳида эътибор қаратилгани мени руҳлантирди. Оила аъзоларим билан маслаҳатлашиб, “Happy kids academy” нодавлат мактабгача таълим ташкилотини очдим. Бунинг учун 30 миллион сўм имтиёзли кредит олдим.
Ўттиз бола таълимнинг бошланғич бўғинига жалб этилди, тўртта янги иш ўрни яратилди. Муассасамизда инглиз, рус тиллари ҳам ўргатилади. Ҳозир фаолиятимизни янада кенгайтириш мақсадида қўшимча бино қуряпмиз. Натижада яна 50 кичкинтойни мактабгача таълимга жалб этиш ва қўшимча 8 та иш ўрни очиш имконияти пайдо бўлади. Қувонарлиси, берилган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланиб ишлаётган ташаббускор ёшлар сафи кундан-кунга кенгаймоқда.
Ўтган қисқа даврда туманимизда 40 та янги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фаолияти йўлга қўйилгани олис туманда болаларга чуқур таълим-тарбия бериш йўлидаги ислоҳотларнинг бўй-бастини кўрсатиб турибди. Мен ўз мақсадларимни амалга оширяпман. Бу камтарона меҳнатим Президентимиз томонидан юксак баҳоланиб, “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланганимдан руҳландим, куч-қувват олдим. Бу янги марра, мақсадлар сари даъват этмоқда.