Сенаторлар ялпи мажлис кун тартиби доирасида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотини эшитди. Ушбу масала юзасидан ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов маъруза қилди.
Қайд этилганидек, Ташқи ишлар вазирлиги ўз фаолиятини миллий манфаатларимиздан келиб чиқиб, дунёнинг етакчи давлатлари билан муносабатларни ривожлантириш, ҳамкор мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, давлатимиз раҳбари ташаббусларини халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида илгари суришга ҳамда минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга йўналтириб келмоқда.
2021 йилда 150 га яқин олий даражадаги ташриф, учрашув, онлайн ва телефон мулоқотлар ташкиллаштирилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8 маротаба хорижий мамлакатларга (Марказий Осиё давлатлари, Туркия, Россия ҳамда Кореяга) амалий ва ишчи ташрифлари амалга оширилди.
Давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланганлиги боис, ўтган йилда 100 дан ортиқ олий ва юқори даражадаги тадбирлар амалга оширилди ва қатор салмоқли вазифалар бажарилди.
Муҳокама чоғида Афғонистондаги вазият бўйича Ўзбекистоннинг сиёсати ва ташаббусларига халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳо берилгани алоҳида таъкидланди.
Сенат ялпи мажлиси давом этмоқда.