Форум доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникациялари вазири Ш. Содиқов ҳамда Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети ректори Вадим Богушнинг учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашув аввалида, Ўзбекистон Республикаси АКТ вазири Ш.Содиқов томонидан бугунги кунда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ўзаро шериклик муносабатлари самарали ривожланиб бораётганлигини таъкидлади. АКТ соҳаси ҳозирги кунда устувор йўналишлар қаторига киради, шу муносабат билан икки мамлакат ҳамкорлигида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, Беларус Республикаси Президентининг 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва Беларусь давлат информатика ва радиоэлектроника университети билан ҳамкорликда юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган ҳамкорлик асосидаги факультет (ТАТУ-БДИРУ) ташкил этилган.
Бугунги кунда ҳамкорлик асосидаги факультетнинг биринчи курсида 361 нафар талаба, иккинчи курсда 484 талаба учта йўналиш яъни «Ахборот технологиялари дастурий таъминоти», «Дастурлаштириладиган мобил тизимлар» ва сунъий интеллект бўйича таълим оляптилар. Факультетда ўқитиш «2 + 2» модели асосида амалга оширилади: дастлабки 2 йиллик ўқиш ТАТУ ва унинг минтақавий филиалларида, кейинги 2 йил эса БДИРУда бўлиб ўтади. Талабалар ўқишни битиргандан сўнг, иккала университетнинг дипломига эга бўладилар.
Учрашув давомида икки университет ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш шу жумладан, бакалавр ва магистр даражалари бўйича янги мутахассисликларни очиш, ҳамда БДИРУ ўқитувчилари билан онлайн форматда сифатли дарслар ва кундузги маърузалар ўқитилишини йўлга қўйиш, Беларусь университетида ҳамкорлик асосидаги факультет ўқитувчиларининг амалиётини ташкил этиш, биргаликда тадқиқотлар олиб бориш масалалари муҳокама қилинди, деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.