Бугунги шиддатли давр олдимизга қўяётган кўплаб мураккаб вазифаларни ҳал этиш, эзгу мақсадларимизга эришиш, дунё миқёсида рақобатбардош бўлиш учун халқимизни, аввало, ёшларни илм-фан, маърифат ва маънавият, тараққиёт ютуқлари билан ошно этишда ўқитувчи ва мураббийларнинг ўрни беқиёс. Шу боис, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Президенти этиб сайланганидан кейин таълим тизимига, хусусан, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор, ўзгача меҳр билан ёндашмоқда.

Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасидаги ислоҳотлар марказига сифатли ўқитиш масаласи қўйилиб, мактаб таълимини тубдан янгилаш, уни янги босқичга кўтариш устувор вазифалардан этиб белгиланди. Шу йил 28 январь куни Президентимиз раислигида мактаб таълимини ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳада йиғилиб қолган муаммо ва камчиликлар санаб ўтилди, уларнинг ечими юзасидан таклиф ва тавсиялар берилди.

Хусусан, педагог кадрларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича аниқ топшириқ ва вазифаларни белгилай туриб, давлатимиз раҳбари: “Ҳозир белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш бўйича педагогика университети олдида қандай вазифалар турибди?” деб сўради. Топшириқлар ижросини таъминлаш бўйича жамоамиз олдида турган вазифаларни кучли ҳаяжон билан айтдим.

Сўзимни якунлагач, давлатимиз раҳбари мазкур университет педагогика олий ўқув юртлари учун таянч даргоҳ, умумтаълим мактаблари учун билимли, салоҳиятли ўқитувчи кадрлар тайёрлашда фаол бўлиши кераклигини таъкидлаб: “Университет фаолиятини такомиллаштириш, таълим сифатини ошириш бўйича қандай таклиф бўлса, киритинг”, деди. Эртаси куни университет жамоасини йиғиб, давлатимиз раҳбари берган топшириқларни сўзма-сўз етказдим.

Юксак эътибордан руҳланиб, олий таълим муассасамизда тўпланиб қолган муаммолар ечимига қаратилган қарор лойиҳасини тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тайёрлашга киришилди. Кўп ўтмай, 2022 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Президентининг “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги тарихий қарори қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Янги Ўзбекистон мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб етишади. Бунинг учун барча ҳудудларимизда, айниқса, қишлоқ жойларда мактаблар қуриш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор берамиз”, деб таъкидлади.

Ҳақиқатан ҳам, бу Президентимизнинг доимий эътиборида турган, кун тартибидан тушмайдиган масалага айланди. Шу йил 5 апрель куни давлатимиз раҳбари раислигида халқ таълими соҳасидаги ислоҳотлар натижадорлигининг таҳлили юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 852 та мактабда таълим сифати, муаллимлар салоҳияти ва ўқувчиларнинг олийгоҳларга кириш даражаси пастлиги аниқ рақамлар асосида келтириб ўтилди.

Мазкур ҳолат юзага келишининг асосий сабаби сифатида ўқитиш методикалари эскиргани, илғор хорижий тажрибаларга асосланган янги ўқитиш усуллари ишлаб чиқилмагани ва ўқитувчилар методик салоҳиятининг узлуксиз ошириб борилмагани алоҳида қайд этилди. Йиғилишда “Ўқитувчиларни янги методикаларга ўқитиш тизими Тошкент давлат педагогика университетидан бошланиши лозим”, деган ғоя илгари сурилди.

Видеоселекторларда қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан қисқа даврда кенг кўламли ишлар бажарилди. Ўзбекистон Президентининг 2022 йил 11 майдаги “2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети Халқ таълими вазирлиги тасарруфига ўтказилди ҳамда педагогика йўналиши бўйича ўқув дастурлар ишлаб чиқишда етакчи олий таълим муассасаси этиб белгиланди.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил  21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда янги авлод педагогларини тайёрлашда муҳим ҳуқуқий асос бўлади. Қарор ўта долзарб ва ўзаро боғлиқ учта вазифа: замонавий таълим дастурларини ишлаб чиқиш, юқори малакали профессионал кадрлар тайёрлашни янги босқичга кўтариш, педагогика соҳасида таълим, илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш масалаларини самарали ҳал этишни кўзда тутади.

Бир пайтлар педагогика йўналишидаги таянч университет асраб қолинган бўлса, энди ушбу қарор билан педагогик йўналишлар ва педагогик таълим муассасалари негизида мамлакатимизнинг турли вилоятларида 8 та давлат педагогика институти ҳамда 2 та давлат педагогика университети ташкил этилиши белгиланди. Бу мамлакатимизда педагогик таълимнинг янги, ҳақиқий ривожланиш даври бошланаётганини англатади.

Президентимизнинг “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шу йилдан бошлаб 2026 йилгача университет халқаро талабларга мувофиқ трансформация қилиниши белгиланди. Олий таълим муассасасини комплекс ривожлантириш дастури ва мақсадли кўрсаткичлар ҳам тасдиқланди. Комплекс ривожлантириш дастурида 6 та йўналишда 26 та яхлит вазифани бажариш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилди.

Университетнинг халқаро рейтингларга кириши, узлуксиз таълим тизими билан интеграциясини таъминлаш, хорижий мутахассисларни ўқув жараёнига жалб этиш, олийгоҳ ҳудудида 5000 ўринли бино ва иншоотлар қуриш ҳамда жиҳозлаш каби вазифалар шулар жумласидан. Шу ўринда ўтган уч ой давомида қарор ижросини таъминлаш юзасидан бажарилган ишлар ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Аввало, университетни 2022–2026 йилларда босқичма-босқич халқаро талаблар асосида трансформация қилиш ишлари учун масъул проректор лавозими жорий қилинди ва хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олган тажрибали мутахассис ишга тайинланди.

Университетда 2-курсни муваффақиятли тугатган талабалар ўртасида, ташқи баҳоловчиларни жалб қилган ҳолда, илғор миллий ва хорижий тажриба асосида тайёрланган мақсадли тайёрлов дастури бўйича ўқишга танлаб олинган йигит-қизларга оширилган миқдорда стипендия тайинлаш, уларни истиқболли кадрлар “олтин захира”сига номзод сифатида ҳисобга олиш ва хорижий етакчи олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттиришга жалб қилиш бўйича ўқув-меъёрий ва норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, тасдиқлаш учун вазирликка тақдим этилди.

Университет тузилмасида Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази, Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Абдулла Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллийтадқиқот институти, Республика таълим маркази ҳамда Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ва психологик-педагогик республика ташхис маркази, Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтининг малакали мутахассисларидан иборат педагогик таълим ва амалиёт бўлими фаолияти йўлга қўйилди.

Университетда педагогика, психология ва тарих ихтисосликлари бўйича диссертациялар ҳимоясини ўтказиш бўйича 3 та илмий кенгаш фаолияти такомиллаштирилди. 2022 йилнинг ўтган тўққиз ойида университет изланувчилари 85 та диссертация ёқлади. Натижада илмий салоҳият йил бошидаги 38 фоиздан 50 фоизга ошди. Олий таълим муассасамизда бугун 55 нафар фан доктори ва 326 нафар фан номзоди илмий-педагогик фаолият юритмоқда. Бу йил Тошкент давлат педагогика университети барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда олий таълим муассасалари таъсирини баҳоловчи THE Impact Rankings халқаро рейтингига киришга муваффақ бўлди.

Сўнгги йилларда қабул квоталари ошиши, оширилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар сони кўплиги ҳамда ўқишини хориждан кўчириб келаётган талабалар ҳисобига ўқув аудиториялари ва талабалар турар жойларига ўткир эҳтиёж ҳосил бўлган. Айни пайтда давлат-хусусий шериклик асосида минг ўринли талабалар турар жойини барпо этиш бўйича ишлар бажарилмоқда. Университет маблағлари ҳисобидан шу йилнинг  10 октябрида 400 ўринли талабалар турар жойи, 1 ноябрда эса икки минг ўринли ўқув биносини қуриш бошланади. Университет талабалари шароитлардан унумли фойдаланиб, кўплаб ютуқларни қўлга киритмоқда.

Хусусан, 2022 йилда бир талаба Ўзбекистон Президенти стипендияси ҳамда тўққиз талаба номдор давлат стипендиялари совриндори бўлди. Бу кўрсаткич ўтган йилдагига нисбатан икки баробар ошди. Икки талаба Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланди. Яна икки талаба халқаро ва тўққиз нафари республика фан олимпиадалари, беш талаба халқаро ва 58 талаба республика спорт мусобақалари ғолиби ҳамда совриндорлари қаторидан ўрин эгаллади. Шу билан бирга, университет фаолиятини такомиллаштириш учун бажарилиши зарур қатор вазифалар бор. Уларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар, мақсадли кўрсаткичлар ва назорат режалари ишлаб чиқилган.

Биринчидан, Тошкент давлат педагогика университети 2022–2026 йилларда босқичма-босқич халқаро талаблар асосида трансформация қилинади. Бунинг учун 2023 йил 1 сентябрга қадар халқаро рейтингларда биринчи 1000 таликка кирган чет эл олийгоҳлари билан ҳамкорликда камида 3 та қўшма таълим дастурини, 2024 йил 1 январга қадар университет фаолиятида “Рақамли университет” платформасини жорий этиш, унинг бошқарув тизими, ўқув жараёни ва ҳужжатлар айланмасини тўлиқ рақамлаштириш, 2025 йил 1 январга қадар университетни QS (Quacquarelli Symonds) ва THE (Times Нigher Education) халқаро агентликларининг соҳавий, минтақавий ёки тематик рейтингларига киришини таъминлаш, ваколатли хорижий ташкилотларни жалб қилган ҳолда, университет таълим йўналишлари ва мутахассисликларини халқаро аккредитациядан, университетнинг бошқарув тизимини ISO:21001 (Management systems for educational organizations) халқаро талаблари бўйича сертификациядан ўтказиш каби қатор вазифаларни ҳал этиш кўзда тутилган.

Иккинчидан, 2023 йил 1 январдан университетга академик, ташкилий ва молиявий мустақиллик берилиши режалаштирилган. Бу эса олий таълим муассасасига академик мустақиллик соҳасида ўқув режалар, ўқув дастурлар, малака талабларини касбий стандартлар асосида тасдиқлаш, ўқитиш тилини ҳамда таълим йўналишлари ва мутахассисликлари хусусиятларини инобатга олган ҳолда, таълим олиш шаклини белгилаш, таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича қўшмалака, жумладан, амалий малакалар бериш тизимини жорий қилиш, олий таълим муассасаси ва унинг тузилмасидаги таълим муассасалари учун ўз грифи асосида дарсликлар ҳамда бошқа ўқув ва илмий адабиётларни яратиш, нашр этиш, ташкилий бошқарувдаги мустақиллик соҳасида фаолиятининг асосий йўналиши таълим, илм-фан, унинг натижаларини жорий этиш ҳамда тижорийлаштириш билан боғлиқ бўлган, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайдиган таркибий тузилмалар, тижорат ва нотижорат ташкилотларни ташкил этиш, меҳнат бозоридаги эҳтиёждан келиб чиқиб, янги таълим йўналишлари ва мутахассисликлар очиш, хорижий давлат фуқароларини тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш ва масофавий таълим олиш шаклида ўқитишни ташкил этиш каби қатор имкониятларни беради.

Учинчидан, илғор хорижий тажрибалар ва таълим амалиёти педагогика олий таълим муассасаларига абитуриентларни қабул қилишда касбий йўналтирилган имтиҳон ҳам бўлиши зарурлигини кўрсатмоқда. Амалдаги тартибга мувофиқ, талабаларни университетга ўқишга қабул қилишда уларнинг педагогик касбга қизиқиши ва мойиллиги ўрганилмайди. Шунинг учун 2024 йилдан тажриба-синов тариқасида университетга қабул икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқич дастлабки имтиҳон шаклида, иккинчи босқич кириш тест синовлари тарзида ташкил этилади.

Дастлабки имтиҳонларда аниқ педагогик вазиятларга ечим топиш орқали талабгорларнинг касбий мойиллиги ўрганилади. Ундан ижобий баҳо олган абитуриентларнинг тест синовларида қатнашишига рухсат этилади. Албатта, мазкур кириш имтиҳонини тажриба-синовдан ўтказиш учун университетнинг педагогика таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш бўйича вақтинчалик тартиб ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши керак. Бу борада аллақачон амалий ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, айни вақтда Давлат тест маркази томонидан абитуриентларнинг касбга мойиллигини ўрганиш учун миллий дастур ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, тажриба-синов натижаларидан келиб чиқиб, педагогика таълим йўналишларига қабул имтиҳонини икки босқичда ўтказиш тартибини мамлакат миқёсида оммалаштириш ҳам истиқболли йўналишлардан бири эканини алоҳида қайд этиш лозим. Тўртинчидан, педагог кадрлар тайёрлаш ва мактаб таълимини ривожлантириш мақсадини миллий тадқиқотлар натижаларига таянмасдан самарали рўёбга чиқариб бўлмайди. Педагогика соҳасида таълим ва илмфаннинг ўзаро интеграциясини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат педагогика университети ва Абдулла Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти ўртасида мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.

Бунинг учун халқ таълими тизимини такомиллаштириш, педагогик таълим назарияси ва ишлаб чиқариш амалиёти интеграциясини кучайтириш, педагогларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожланишини таъминлашнинг долзарб масалалари бўйича биргаликда илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, ўзаро профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўйича фаол ҳамкорлик қилиш, биргаликда илмий конференция, семинар-тренинглар, докторлик диссертациялари муҳокамаларини ташкил қилиш, ҳаммуаллифликда ўқув адабиётларининг янги авлодини яратишга доир аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш талаб этилади.

Умумий ўрта таълим мактабларида ўқитиш сифатини ошириш орқали жамиятда инсон капиталини ривожлантириш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш учун пойдевор яратилади. Ана шундай асосни барпо этиш учун унинг меъморлари — бўлажак ўқитувчилар ўз фанини мукаммал билиши, юксак педагогик маҳоратга, янги методикаларни ишлаб чиқиш ва ундан самарали фойдаланиш қобилиятига эга бўлиши зарур. Бундай улкан вазифани бажариш, ўз навбатида, олий педагогик таълим мазмуни ва инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқишни талаб қилади.

Бугунги ислоҳотларга оғишмасдан амал қилинса, албатта, кутилган натижага эришилади. Мақсад аниқ. Давлатимиз раҳбари университетимизга юксак эътибор ва жамоамизга катта ишонч билдириб, бу мақсадга эришишнинг равон йўлини белгилаб берди. Университет педагогик жамоаси билдирилган бу ишончни қадрлаб, олдига қўйилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариши, юртимизда педагогик таълимни янги босқичга олиб чиқишда том маънодаги таянч олий таълим муассасаси бўлиши шарт.