Мамлакатимизда олий таълимга қамровнинг йилдан-йилга ошаётгани янгидан-янги олий таълим муассасаларини очиш, мавжудларининг ўқув ва бошқа биноларини кенгайтириш ва кўпайтириш заруратини вужудга келтирмоқда. Қолаверса, бугунги кун университет ва институтлар олдига ёшларни меҳнат бозоридаги талабгир йўналиш ва соҳалар бўйича ўқитиб, замонавий кадрлар этиб тайёрлаш талабини қўймоқда.
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳам тараққиётнинг мазкур талаб ва андозаларидан мустасно эмас. Айни пайтда мамлакатимиздаги энг йирик педагогик олий ўқув юртларидан бири экани университетнинг мавқеи, ундаги йўналишлар, талабалар сони ҳақида тасаввур қилиш имконини беради.
Ҳозир университетда 13 факультет, 52 кафедра фаолият кўрсатмоқда. 25 мингдан ортиқ талабага 1200 нафардан зиёд профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Талабни зиммага олгандан кейин бунча йигит-қизни аудитория, талабалар турар жойи билан таъминлаш, ўқув хоналарини замон талабида жиҳозлаш ҳам кун тартибидаги масаладир.
Куни кеча университетнинг ҳар бири 750 ўринли хорижий тиллар ҳамда табиий фанлар факультетларининг муҳташам ўқув биноси фойдаланишга топширилгани катта воқеа бўлди. Бу биноларда ёшларнинг пухта билим олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Жумладан, махсус ускуналар билан жиҳозланган ўқув-лаборатория хоналари, турли кимёвий тажрибалар ўтказиш имконини берувчи қурилмалар талабаларнинг ўз соҳаси бўйича малакали мутахассис бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этади.
Янги ўқув биносига кўчирилган табиий фанлар факультети учун қарийб 2 миллиард сўмлик замонавий ўқув-лаборатория жиҳозлари харид қилинганининг ўзиёқ ишларнинг кўлами нақадар кенглигини англатади. Талабалар сони ортаётгани ҳамда Тошкент давлат педагогика университетига киришга талаб ошиб бораётгани сабаб айни кунларда 1000 ўринли талабалар турар жойи қурилиши бошланди.
Бу иншоот Яккасарой туманида жойлашган профессионал таълим факультети ҳовлисида қад кўтаради. Бу билан чекланилмайди, албатта. Янги қурилган табиий фанлар факультети ҳовлисида 400 ўринли талабалар турар жойини қуриш ишлари шу йил 1 октябридан бошланади. Олий таълим муассасасидаги қурилиш-таъмирлаш ишлари йилдан-йилга янгича мазмун касб этиб боряпти.
Ўтган давр мобайнида университет инфратузилмаси тубдан ўзгартирилмоқда. Жумладан, ҳудудлар, ректорат ва факультет биноларига кириш жойлари ҳамда фойелар бугунги кун талаблари асосида қайта жиҳозланди. Деворлар ранги ва безаклари ўзгартирилди, ўқув ва умумий фойдаланиш майдонлари талаб даражасига келтирилди.
Ўқув биноларидаги жиҳозлар инвентаризациядан ўтказилди, мебель ва жиҳозлар босқичма-босқич янгиланмоқда. Сўнгги 9 ой давомида 240 дан ортиқ замонавий компьютер харид қилинди. Талабаларнинг давоматини назорат қилиш тизимини рақамлаштириш мақсадида университет ҳудудидаги кириш жойларга face control тизими ўрнатилди.
Сўнгги йилларда қабул квоталари ошиши, оширилган тўлов-контракт асосида ўқиш истагини билдирган абитуриентлар сони кўплиги ҳамда ўқишини хориждан кўчириб келаётган талабалар ҳисобига ўқув аудиторияларига бўлган эҳтиёжни қоплаш мақсадида қатор ишлар бажарилди. Жумладан, университет ихтиёрига берилган, Тошкент туманида жойлашган 1050 ўринли ҳарбий таълим факультети ўқув биноси ва 200 ўринли талабалар турар жойи жорий таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди.
Пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган 720 ўринли мусиқа факультети ўқув биносида капитал таъмирлаш бошланди. Уни шу йил ноябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шунингдек, университетда билимга чанқоқ, иқтидорли ва қобилиятли талабаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 5 ташаббус хонаси, Ёшлар маркази, шахмат хонаси, бокс хонаси, “Олтин мерос” мақомчилар ансамбли, “Дилнаво” эстрада ва вокал-чолғу ансамбли, “Зиё” талабалар театр студияси ҳамда санъат, театр ва кино соҳасига қизиқувчи ёшлар учун ижодхона ташкил этилган.
Уларга ҳозир 8 мингга яқин талаба жалб қилинган. Бу саъй-ҳаракатлар Президентимизнинг шу йил 21 июндаги “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан тадрижий тарзда амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давомидир. Чунки қарорда белгиланган вазифалар ижросини тўлақонли таъминлаш учун, албатта, моддий-техник имкониятларга таяниш зарур.
Қарор юзасидан университетда қилинган ишлар аҳамияти ва кўламига кўра бўлғуси кадрларни тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Шунга кўра, 2022/2023 ўқув йили учун таълим йўналишлари ва мутахассисликларнинг ўқув режалари ҳамда фан дастурлари мазмуни тўлиқ қайта кўриб чиқилди ҳамда халқаро талаблар асосида такомиллаштирилди. Бу жараёнда хорижий олий таълим муассасаларидан 20 нафардан ортиқ етакчи профессор-ўқитувчи, жумладан, Туркия, Жанубий Корея, Германия, Россиядаги нуфузли университетлар мутахассислари эксперт ва ҳаммуаллиф сифатида қатнашди.
Кадрлар истеъмолчилари ўртасида сўровномалар ўтказилди ҳамда сўровнома натижаларини таҳлил қилиш асносида “Медиасаводхонлик ва ахборот маданияти”, “Инклюзив таълим. Госпитал педагогика” ҳамда “Узлуксиз таълимдаги тенденциялар ва замонавий ёндашувлар” фанлари барча таълим йўналишлари учун ўқув режаларига киритилди. Фанлардан амалий машғулотлар соати кўпайтирилди, маъруза ва семинар машғулотлари мазмуни буюртмачилар эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда замонавий ёндашув, технология, ўқитиш усулларини ёритишга қаратилди.
Мажбурий фанлар блокига хорижий мутахассисларнинг таклиф ва тавсияларига асосан ҳар бир семестр учун 3 тадан 5 тагача мутахассислик фани киритилди. Ўтган ўқув йилига нисбатан мустақил таълим салмоғини ўн фоиз оширишга эришилди. 2022/2023 ўқув йилида мутахассислик фанларини хорижий тилларда ўқитиш учун 31 нафар профессор-ўқитувчи, жумладан, 15 нафар хорижлик мутахассис жалб этилмоқда. Бу ўтган ўқув йилига нисбатан университет таълим йўналишлари бўйича хорижий тилларда ўқитиладиган мутахассислик фанлари салмоғи икки баробар ошганини кўрсатади.
Мутахассислик фанларини хорижий тилларда ўқитиш масаласи ўқув жараёнининг устувор вазифаларидан бўлиши, шунингдек, уларни хорижий тилларда ўрганадиган талабалар ва уларга таҳсил бераётган профессорўқитувчиларни ҳар томонлама қўллабқувватлаш янги босқичга кўтарилиши белгиланди. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида таълим жараёнида ижтимоий шериклик тамойилларини самарали амалга ошириш, таълим сифатини яхшилаш, такомиллаштириш ва ривожлантиришни таъминлаш, битирувчи талабаларни ишга жойлаштириш бўйича таълим муассасалари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлаш жоиз.
Университетда таҳсил олаётган 2-4-босқич талабалари малакавий амалиёти Тошкент шаҳридаги 374 та таълим муассасасида “4+2” тартибида ўташи ташкил этилди. Бу саъй-ҳаракатлар малакали мутахассисларни тайёрлаш йўналишида қилинаётган ишларнинг бир қисми, холос. Олдинда бизни янги марра ва довонлар кутиб турибди.