Истиқболда коррупция муаммоларига доир янги мутахассислик очиш ҳам кўзда тутилган.

ТДЮУ магистратура босқичига 2 минг 789 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Уларнинг 150 нафардан зиёди ўқишга қабул қилинади. Бу сафарги кириш имтиҳонлари тест синовларидан ташкил топган. Мазкур амалиёт университетда илк бор жорий қилинмоқда.

Яна бир янгилик шундаки, эндиликда баъзи тоифадаги магистрантлар ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда масофавий шаклда таълим олиши мумкин.

Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, кейинги ўқув йилидан бошлаб ҳуқуқшунослик соҳасида бакалавриатни имтиёзли диплом билан тугатган битирувчиларга магистратурага имтиҳонсиз кириш имконияти яратилади.

Фақат бу ҳолда улар тўлов-контракт суммасининг 50 фоизини тўлаши ҳамда ўқишни тамомлагандан сўнг юридик факультетлар, лицей ёки техникумларда камида уч йил узлуксиз ишлаш мажбуриятини зиммасига олиши керак.

Магистратурага тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида кириш имтиёзи давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг марказий аппаратида камида беш йил мобайнида юридик мутахассислик бўйича ишлаб келаётган раҳбар ходимларга ҳам тегишли. Бундай имконият, шунингдек, юридик техникумларнинг раҳбар ва педагогларига тақдим этилмоқда. Улар техникумда камида уч йил ишлаган бўлиши ҳамда магистратурани тамомлагач таълим даргоҳида ёхуд адлия органларида яна камида уч йил узлуксиз ишлаб бериши шарт.

Тошкент давлат юридик университети

Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими