Тадбиркорлар билан анъанавий очиқ мулоқоти юқори самарадорлиги билан алоҳида ажралиб туради. Чунки айнан шундай учрашувлар сабаб кўп йиллардан бери ҳал бўлмай келаётган муаммоларга ечим топиляпти. Соҳа вакилларига янги имкониятар эшиги очиляпти. Яъни очиқ мулоқотлар якуни бўйича давлат раҳбарининг тегишли қарори қабул қилиниб, мулоқотда кўтарилган юзлаб масалаларни ечиш бўйича топшириқлар, йўл хариталари белгиланиб олинмоқда.

Ўтган икки йилда ўтказилган очиқ мулоқотларда тадбиркорлардан келиб тушган 27 мингдан ортиқ таклиф ва мурожаат буларга асос бўлди. Жумладан, ўтган йилги учрашувда билдирилган таклиф ва муаммолардан келиб чиқиб, унда белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.

“Йўл харитаси” билан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — бизнес омбудманга ҳам бир неча вазифа юклатилди. Улардан бири тадбиркорларнинг банк ҳисобрақамидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлаш вазифасидир.

Тадбиркорлик субъектлари банк ҳисобрақамларидан қонун ҳужжатларида белгиланмаган тартибда пул олиб қўйиш ёки ортиқча ундирилган маблағларини ўз вақтида қайтармаслик ҳолатлари учраб турарди. Ушбу масалалар судларга даъво ариза ёки давлат органларига тақдимнома ва хулосалар киритиш йўли билан ҳал этиларди.

Бундай ҳаракатларни содир этган мансабдорларнинг жавобгарлиги қонунчиликда очиқ қолаётганди. Шу сабабли, жорий йилнинг май ойида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорларнинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Мазкур қонун тадбиркорлик субъектлари банк ҳисобрақамларидаги пул маблағлари дахлсизлигини таъминлаш ҳамда давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари мансабдор шахслари масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган янги моддага кўра, тадбиркорлик субъектлари банк ҳисобварақларидан пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ёхуд ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик, оз миқдорда талон-торож қилиш аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексига киритилган моддада шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан жиноятнинг оғирлигидан келиб чиқиб етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.

“Йўл харитаси” ижроси юзасидан тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда ўтказилишини таъминлаш мақсадида 2022 йил 13 сентябрда Президентнинг “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Шу асосда қабул қилинган низомга кўра, 2022 йил 1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимида рўйхатга олиниши ва мазкур тизимда рўйхатга олинмаган текширувларни ўтказиш ноқонуний ҳисобланиши қатъий белгилаб қўйилди.

2023 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органларга “Ягона давлат назорати” ахборот тизимидаги давлат назорати функциялари реестрига киритилмаган функциялар бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказиш тақиқланади.

Ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, энди тадбиркорлар фаолиятидан камчилик қидириш ва уни жазолаш эмас, балки унга аввал бошидан ишни тўғри ташкил қилишни ўргатиш ҳамда қайси хатти-ҳаракат қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги хусусида профилактик тадбирлар ўтказиш орқали тушунтириб бориш биринчи даражага чиқарилди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширилишига қонунбузилишларга йўл қўйилишининг олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтказилгандан сўнггина йўл қўйилади. Бундан солиқ текширувлари, жиноят ишлари ва тезкор-қидирув фаолияти доирасида, шунингдек, қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳақидаги мурожаатлар ва маълумотлар асосида ўтказиладиган текширувлар мустасно.

Барча жараёнлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизимига маълумотларни киритиб бориш орқали таҳлил қилинади.

“Ягона давлат назорати” ахборот тизими ишга туширилгандан сўнг 43 та назорат органининг 500 дан ортиқ назорат ваколати рўйхати, соҳага оид 200 дан ортиқ норматив ҳужжатда белгиланган 3 мингга яқин мажбурий талаб реестри шакллантирилди. Низомнинг амалиётга жорий қилиниши билан эса тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувларнинг тартибга солинишига ва асоссиз аралашувлар камайишига эришилди. Хусусан, 2023 йил январь-июнь ойлари давомида 28 та назорат қилувчи орган томонидан тадбиркорлар фаолиятида жами 54 минг 199 та текширув ўтказилган бўлиб, 2022 йилнинг шу даври билан солиштирганда текширувлар сони 34 минг 865 тага камайгани кузатилди. Яъни 2022 йилнинг олти ойида тадбиркорлар фаолиятидаги жами текширувлар сони 61 минг 985 тани ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 39 фоиз пасайган.

Тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи “Ягона давлат назорати” ахборот тизими билан тадбиркорларга:

- ўтказилган ва ўтказилиши режалаштирилаётган текширувлар ҳақида нафақат компьютер, балки махсус мобиль илова ҳамда телеграм бот ва СМС хабар орқали тегишли маълумотларни олиш;

- тадбиркорларга ўтказилган текширувлар бўйича назорат органи ходимининг хатти-ҳаракатига баҳо бериш ва коррупция ҳолатлари ҳақида шикоят қилиш имконияти яратилди.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда амалиётда фойдаланилмаётган Текширувларни рўйхатга олиш китоби электрон форматда қайта тикланди. Китобга текширув тўғрисидаги маълумотлар киритилишида номувофиқликлар аниқланса, масалан, текшириш ҳуқуқи бўлмаган ёки текширувга чиқиши белгиланмаган назоратчининг маълумотлари киритилса, электрон китоб ўша вақтнинг ўзида бундай номувофиқликларни кўрсатиб, текширув ноқонуний экани ҳақида хабар беради.

Бундай янгиланишлар, табиийки, соҳа вакиллари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Уларни турли кераксиз қоғозбозлик ва оворагарчиликлардан ҳимоя қилади. Ҳимояни ҳис қилган ишбилармон эса истиқболга катта ишонч билан янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳаракатида бўлади.

Дилмурод ҚОСИМОВ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил