Нуробод маҳалласи Сайхунобод туманининг энг чекка ҳудудларидан. Юртимиз мустақиллигининг 35 йиллик шодиёнаси арафасида ҳудудда янги 50 ўринли хусусий мактабгача таълим ташкилоти фаолият юрита бошлади. Бу маҳалла аҳли учун чинакам совға бўлди. Энди яқин-атрофдаги болалар замонавий шароитга эга, инновацион усулларда машғулотлар ўтиладиган янги боғчада таълим-тарбия олади. Хайрли иш ташаббускори эса сирдарёлик тадбиркор Замира Салимова.
Аёлнинг ўзи Мирзаобод туманида истиқомат қилади. Тадбиркорлик
фаолиятини 2019 йили шу туманда 25 ўринли оилавий боғча ташкил этишдан
бошлаган. Орадан кўп ўтмай, Гулистон шаҳрида ҳам 35 ўринли нодавлат мактабгача
таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйди. Бугун учта боғчага раҳбарлик қилиб
келяпти. Нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган цехи ҳам бор. Ҳудуддаги 50
га яқин хотин-қизни иш билан таъминлаган. Аёл кўзга кўринган тадбиркорлардан.
Қачонлардир бу иш унинг орзуси бўлган. Юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик
муҳити, қолаверса, хотин-қизларга яратилаётган шароитлар, хусусий бизнесга кенг
йўл очиш, барча соҳадаги катта ислоҳотлар — ҳаммаси аёлга куч ва ишонч берди.
— Бундан ўн йил олдин олий маълумоти йўқ, ишсиз, тадбиркорликни фақат
орзу қиладиган аёл эдим, — дейди “Янги тадбиркор келажаги” МЧЖ раҳбари Замира
Салимова. — Ҳозир эса кўп тармоқли ишбилармонман, ўнлаб хотин-қизни иш билан
таъминлаяпман. Ҳатто олий маълумотли бўлдим. 2020 йили олий ўқув юртига ўқишга
кириб, мактабгача ва мактаб таълими йўналишида ўқий бошлаганимда 3 фарзандим
ҳам талаба эди. Улар қатори мен ҳам ўқидим, ўз устимда ишлашдан тўхтамадим.
Булар эртак эмас, ҳақиқат. Гапирса муболағадек туюлиши мумкин, аммо юртимизда
тадбиркорлар ва хотин-қизларга бунчалик шароит яратилмаганида ҳозирги
натижаларга эришишим амримаҳол эди. Қолаверса, тинчлик, барқарорликда гап
катта. Юрти, оиласи нотинч аёл муваффақиятга эришолмайди. Мана шу хотиржамлик
учун шукрона айтаман. Инсон қадри ва манфаатлари олий қадрият даражасига
кўтарилган давлат ва жамиятнинг эркин, ташаббускор фуқароси эканимдан
ғурурланаман. Бугунги тадбиркор, аввало, эркин, фақат иши, ривожланиш ҳақида
ўйлайди, муаммолар бошини оғритмайди. Текширувлар, солиқ юкламаларидан
ҳайиқмайди. Давлатимиз раҳбари тадбиркорларни ана шундай муаммолардан,
қўрқувлардан халос қилди. Бу шунчаки гап эмас. Ҳар бир соҳада хусусий секторга
берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақида эса соатлаб гапириш мумкин. Оддий бир
тадбиркор сифатида ўзим ҳам уларнинг кўпидан фойдаланиб келяпман.
Масалан, янги боғчани очиш учун ҳам 100 миллион сўм имтиёзли кредит
олдим. Шу кўмак ишимни ривожлантиришга катта ёрдам берди. Яъни бугун
тадбиркорларга берилаётган ҳар бир имтиёз ва қулайлик ортида ишбилармонликни
янада ривожлантириш мақсади турибди. Бундан самарали фойдаланишимиз, ўз
устимизда ишлашдан тўхтамаслигимиз керак. Доим фаолиятимни кенгайтириш
ҳаракатидаман. Келгусида махсус ва хусусий мактаблар очмоқчиман. Ҳозир
юртимизда мактабгача таълим ташкилотини кластер шаклида юритиш имконияти мавжуд.
Бу натижага ҳам, албатта, эришаман. Давлатимиз раҳбарининг ҳар йили
тадбиркорлар билан бўлиб ўтадиган очиқ мулоқотида катта имтиёзлар тақдим
этилаётгани бизни янада руҳлантиряпти. Бу галги очиқ мулоқот ўзгача бўлди.
Кутганимиздан ҳам кўпроқ ташаббуслар илгари сурилиб, янги имтиёзлар тақдим
этилди. Айрим солиқ имтиёзларининг амал қилиш муддати узайтирилгани, кичик
тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ҳар қандай текширишга уч йил муддатга
мораторий жорий этилгани, икки йил давомида солиқ ва кредит мажбуриятларини
вақтида бажарган, иш ўринларини сақлаган ва соф фойда билан ишлаган кичик ҳамда
ўрта бизнес субъектларига 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит бериш механизми
белгилангани — буларнинг барчаси тадбиркор учун қўшимча рағбат, янги имконият,
янада ривожланиш учун қулай шароит дегани.
Мулоқотдан бошланган
таклифлар
Ҳақиқатан, охирги ойларда оммавий ахборот воситаларида энг кўп
айланаётган мавзулардан бири мамлакатимиз тадбиркорларига берилаётган янги
имконият ва имтиёзлар ҳақида бўляпти. Бу янгиликлар тўғрисида дастлаб шу йил 18
август куни давлатимиз раҳбарининг юртимиз ишбилармонлари билан бўлиб ўтган
олтинчи очиқ мулоқотида айтилганди. Орадан кўп ўтмай, тадбиркорларни
қувонтириб, ҳаяжонга солган ўша имтиёзлар амалда жорий этилиб, ҳуқуқий жиҳатдан
кафолатланди.
Гап давлатимиз раҳбарининг жорий йил 27 августдаги “Ўзбекистон
Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган
вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳақида боряпти.
Ҳужжатда очиқ мулоқотлар жараёнида билдирилган таклиф ва муаммоларнинг амалий
ечимлари акс этган. Унинг ҳар бир бандида белгиланган енгилликларнинг аксарияти
бизнес эгаларининг ўзи учун ҳам катта янгилик бўлди. Шу боис, фармон
тадбиркорлар орасида катта шов-шув билан кутиб олиниб, амалдаги қулайликлар
аниқ мисоллар билан таҳлил қилинмоқда. Ушбу воқеа тадбиркорлик учун янги
имкониятлар даври сифатида баҳоланяпти.
Тўғри, кейинги йилларда очиқ мулоқотдан сўнг ҳар гал ана шундай
янгиликлар бўлиши, қўшимча имтиёзлар берилиши одатий ҳолга айланган. Аммо бу
сафар кўлам ҳам, қамров ҳам анча кенг. Асосий эътибор тадбиркорни ортиқча
маъмурий босимдан ҳимоя қилиш, харажатини камайтириш, молиявий имкониятларини
кенгайтириш ва давлат органлари билан муносабатларда ҳуқуқий кафолатларни
кучайтиришга қаратилган. Буларнинг ҳар бирига аниқ, самарали ечимлар берилган.
Масалан, фармондаги энг катта янгиликлардан бири кичик тадбиркорлик
субъектлари фаолиятини ҳар қандай турдаги текширишга уч йил муддатга мораторий
жорий этилганидир. Шу давр давомида кичик бизнес эгалари асоссиз текширувлардан
озод бўлади. Албатта, бу мутлақ дахлсизлик дегани эмас. Жиноят иши
доирасидаги, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя
этилиши билан боғлиқ, фуқаролар мурожаатлари, қўшилган қиймат солиғини қоплаш
ёки қайтариш ҳамда тадбиркорлик субъектини тугатиш муносабати билан
ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно.
Бироқ бошқа кераксиз текширувларнинг бўлмаслиги тадбиркорга анчагина
эркинлик беради. Қолаверса, бу норма кичик бизнес учун психологик ва иқтисодий
барқарорликни таъминлашга хизмат қилади. Чунки кичик корхона учун ҳар бир
текширув нафақат вақт ва ресурс, балки ишлаб чиқариш жараёнининг издан чиқиши,
ходимлар эътиборининг асосий фаолиятдан чалғиши ва қўшимча харажатларни
англатиши мумкин. Асосий жиҳати эса мораторий шунчаки декларатив норма бўлиб
қолмаслиги учун масъулият механизми ҳам белгиланган. Мораторий даврида кичик
тадбиркорлик субъектини қонунга хилоф равишда текшириш ноқонуний ва бундай
ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар жавобгарликка тортилади.
Бир неча йил олдин мутасаддилар билан бирга янги иш бошлаган
тадбиркорнинг фаолияти билан яқиндан танишганмиз. Ўшанда бизнес эгаси ўз иши
ҳақида тўлқинланиб гапирган. Кетаётганимизда эса мутасаддиларга кун ора
корхонасига текширув келаётгани, муаммо бўлмаса-да, вақти беҳуда кетаётгани
ҳақида ийманибгина гапирди. Мутасаддилар эса бу хавфсизлик талаби экани,
текширувлар бинонинг хавфсизлик воситалари ва бошқа жараёнларни кўздан кечириш
учун эканини айтди. Тадбиркор текширувчилар ҳар гал ҳужжат сўраб, қайта-қайта
келаётганини яна таъкидлади. Энди шу каби ҳуда-беҳуда текширувлар бўлмайди.
Тадбиркорларга ижарага олинган ерни иккиламчи ижарага бериш имконияти
ҳам тақдим этиляпти. Фармон асосида ижарага олинган, жумладан, аукцион орқали
олинган ер майдонини бошқа ишбилармонларга иккиламчи ижарага бериш ҳуқуқи
қўлланади. Тадбиркорлик фаолияти учун кўчмас мулк ижарасида “тижорат ижараси”
алоҳида тоифаси жорий этилиб, намунавий шартномаси ишлаб чиқилади. Бу масалани,
яъни тижорат ижарасига оид ҳуқуқий механизмларни такомиллаштириш таклифини
давлатимиз раҳбари билан учрашувда “Korzinka” супермаркетлар тармоғи асосчиси
Зафар Ҳошимов илгари сурганди.
Бизнесга янги нафас
Тадбиркор учун молиявий ресурс доим зарур. Ҳатто йирик бизнесларда ҳам
фаолиятни кенгайтириш учун қўшимча молиявий кўмакка эҳтиёж бўлади. Бу борадаги
тизим юртимизда тобора соддалаштирилиб, ишбилармонларга қулайлик ортиб
бораётгани боиси шунда. Фармон эса тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш
механизмларини сезиларли кенгайтиради. Энди бизнес эгаларига молиявий ва
номолиявий кўмакларни босқичма-босқич “ягона дарча” тамойили асосида тақдим
этиш учун ягона рақамли платформа жорий этиш кўзда тутилган.
Қолаверса, икки йил давомида солиқ ва кредит мажбуриятларини вақтида
бажарган, иш ўринларини сақлаган ва соф фойда билан ишлаган кичик ҳамда ўрта
бизнес субъектларига 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит бериш механизми
белгиланди. “Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси” томонидан кредитлар, банк
кафолатлари, аккредитивлар ва лизинг бўйича 75 фоизгача кафиллик, давлат
харидларида фаол иштирок этаётган тадбиркорларга шартномани бажариш ва бўнакни
қайтариш учун 2,5 миллиард сўмгача кафолат тақдим этилади.
Бу ерда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳат шундаки, тадбиркорликни
қўллаб-қувватлаш фақат кам фоизли кредит бериш билан чекланмаяпти. Кафиллик,
давлат харидларида кафолат ва активларни сотиб олишни молиялаштириш каби
инструментлар бизнеснинг турли босқичларидаги молиявий тўсиқларни бартараф
этишга қаратилган. Айниқса, банкдан кредит олишда етарли гаровга эга бўлмаган,
аммо иқтисодий жиҳатдан истиқболли лойиҳаси бор тадбиркорлар учун кафиллик
механизми жуда муҳим.
— Ривожланиш ҳаракатидаги ҳар қандай тадбиркор учун молиявий ресурслар
доим зарур, — дейди Хоразмдаги “Damar” хорижий компанияси раҳбари Ферузбек Қуронбоев.
— Ўзимиздан мисол: сутни қайта ишлаш заводларимизда хориждан олиб келинган энг
замонавий ишлаб чиқариш линиялари ўрнатилган. Уларнинг ҳар бири катта маблағга
баҳоланган. Ўз даврида бундай маблағни кредит тарзида олиш тадбиркорга осон
бўлмаган. Бугун молиявий механизмларнинг тури ҳам, қамрови ҳам кенг.
Тадбиркорлар ўзига қулайидан фойдаланиши мумкин. Корхонамиз фаолиятини 2000
йили 150 литр сутни қайта ишлашдан бошлаган. Ҳозир бу ҳажм кунига 40 тоннагача
етган. Ўша вақтларда Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб голланд навидаги пишлоқ
ишлаб чиқаришни йўлга қўйгандик. Мана, 26 йилдирки, корхонамизда сут
маҳсулотлари қайта ишланиб, тайёр маҳсулот олиняпти. Ҳозир 50 дан ортиқ сут
маҳсулоти ишлаб чиқарилади. Пишлоқнинг 20 га яқин тури мавжуд. Маҳсулотларимиз
асосан ички бозорга чиқарилади. 120 дан ортиқ кишининг бандлиги таъминланган.
2016 йили катта лойиҳа бошладик.
Юртимизда барча соҳада ислоҳотлар авж паллага кираётган, тадбиркорлик
муҳити шаклланиб, бизнес эгаларига ишонч билдирилаётган ўша вақтда янги завод
қуришга киришдик. Илк одимлардаёқ давлатнинг кўмагини ҳис қилдик. Туман
ҳокимлиги лойиҳа учун 1,5 гектар ер ажратди. 2018 йилда янги заводнинг
дастлабки линиялари ишга туширилди. Лойиҳа доирасида 2019 йили Европа тикланиш
ва тараққиёт банки билан 2,3 миллион долларлик кредит шартномаси имзоланди.
Бундан ташқари, корхонага бешта грант маблағи ажратилди.
Ўтган йили 5,761 минг квадрат метр майдондаги янги завод ишга
туширилди. Маҳсулотларимиз ёрлиғи қайта номланиб, “Tillo Domor”дан “Damar”
брендига ўзгарди. Бу шунчаки ном алмашинуви эмас, узоқ йиллик тарихга эга
маҳаллий оилавий корхонанинг халқаро бозорга мўлжалланган, энергия
самарадорлиги ва экологик меъёрлар бўйича Европа талабларига жавоб берувчи
замонавий компанияга айланишидир. Келгуси режаларимиз катта. Яқин йилларда
сутни қайта ишлаш ҳажмини босқичма-босқич кунига 50, сўнг 100 тоннага етказиш,
40 дан ортиқ маҳсулот турини ишлаб чиқариш, миллий бренддаги маҳсулотларимизни
дастлаб қўшни давлатлар, кейин Яқин Шарқ мамлакатларига экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Хомашёни кўпайтириш учун фермер ва чорвадорлар билан ҳамкорликда ишлаш бўйича
янгича ёндашувлар ҳақида ўйлаяпмиз. Саноат сайёҳлигини йўлга қўйиб, “Хоразм
сирлари” лойиҳасини ишга тушириш, завод экскурсияси, пишлоқчилик тарихи
экспозициясини йўлга қўйиш ниятимиз ҳам бор. Чунки воҳанинг сайёҳлик
имкониятлари тобора кенгайиб боряпти. Саноат туризми бу борада ўзига хос
йўналишга айланиши мумкин. Қолаверса, Президентимизнинг мазкур фармонида айнан
туризм ва хизмат кўрсатиш соҳасига ҳам катта эътибор қаратилган. Энди янги
имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдаланишимиз керак.
Экспортга йўл
Америкалик олим Питер Друкернинг бир гапи бор: “Тадбиркорнинг ўзига
хос қуроли — инновация. У ўзгаришлардан янги имконият яратиш воситаси сифатида
фойдаланади”. Бундан ўн йил олдин шу иқтибос ҳақида гап борса, эҳтимол,
кўпчилик тадбиркорлик билан инновациянинг боғлиқлигини тушунмасди. Аммо бугун
ҳаммаси табиий — юзлаб инновацион ғоялар стартап лойиҳаларга айланиб, ҳаётга
татбиқ этиляпти. Соҳалар шу тарзда замонавийлашиб бормоқда.
Мазкур фармонда инновацион тадбиркорлик ва стартапларни
қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, 2027-2030 йилларда
“UzVC” миллий венчур фонди томонидан “Келажак тадбиркори” дастури амалга
оширилади, 8 та устувор йўналиш бўйича 30 тагача стартап лойиҳа очиқ танлов
асосида молиялаштирилади. Ҳар бир лойиҳага 5 миллиард сўмгача инвестиция
киритиш мумкин. Маблағ уч йилга фоизсиз ва гаровсиз, келгусида корхонадаги
улушга айлантириладиган қарз ёки SAFE механизми асосида берилади. Давлат улуши
49 фоиздан ошмаслиги, шунингдек, таъсисчиларга давлат улушини бозор қийматида
сотиб олиш ҳуқуқининг берилиши давлатнинг стартапдаги иштироки доимий назорат
воситасига айланиб қолмаслиги учун муҳим кафолатдир.
Бу ерда принципиал ўзгариш бор: давлат анъанавий “субсидия берувчи”
ролидан ташқари, инновацион ғояга инвестиция киритувчи шерик сифатида ҳам
майдонга чиқмоқда. Қолаверса, фармон хусусий инвесторларни ҳам ушбу жараёнга
жалб қилишни назарда тутади.
Электр ва газ учун тўловдаги имтиёзлар ҳам тадбиркорнинг айланма
маблағига енгиллик беради. Фармоннинг айнан мана шу қисми кўплаб бизнес
эгаларини қувонтирди. Гап шундаки, 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб
автоматлаштирилган электр ва табиий газ ҳисобга олиш тизимига уланган
тадбиркорлар учун ойлик истеъмол бўйича олдиндан тўлов миқдори 15 фоизгача
туширилади. Янги тартиб электр ва газ ҳисоблагичларида масофадан туриб ўчириш
ва ёқиш функцияси мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларига татбиқ этилади.
Шунингдек, электр энергияси ва газ сарфи бўйича ёзма ҳисоботларни ҳудудий
таъминот корхоналарига топшириш мажбурияти бекор қилинади. Электр ва газ
таъминоти шартномаларини қоғозда расмийлаштириш амалиёти ўрнига электрон тузиш
тартибига ўтилади.
— Бу ўзгаришларнинг иқтисодий самараси фақат қоғозбозликнинг камайишида
эмас, — дейди Андижон вилоятидаги “Xo‘jaobod fayz-m” МЧЖ раҳбари Лутфулло
Абдуллаев. — Олдиндан тўлов юкининг пасайиши тадбиркорнинг айланма маблағини
ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ёки товар харидига йўналтириш имконини оширади.
Айниқса, бизники сингари йирик корхоналарда бундай имтиёзлар яхшигина сезилади.
Корхонамиз 2021 йили кластер тизимига ўтганидан бери пахта хомашёси етиштириш,
пахта толаси ишлаб чиқариш, калава ип йигириш, трикотаж хом мато тўқиш, тайёр
трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиб келмоқда. Йиллик
ишлаб чиқариш қуввати 1650 тадан ортиқ тайёр трикотаж маҳсулоти бўлиб, бугун
1300 доимий ишчи меҳнат қиляпти. Йиллик экспорт қийматини 12 миллион долларга
етказдик. Маҳсулотимиз Польша, Туркия, Россия, Италия, Қозоғистон бозорига
кириб бормоқда. Тадбиркор учун ички талабдан ташқари, хориж бозорига чиқиш
кўпроқ имконият яратади. Аммо бу осон жараён эмас. Маҳсулот сифатидан ташқари,
харажат масалалари бизнес эгасини кўпроқ қийнайди. Кейинги йилларда юртимизда
тадбиркорларга бу борада берилаётган имтиёзлар экспортёр корхоналар сонини
ошириб, экспорт географиямизни бир неча баробар кенгайтирди.
Ҳатто чет давлатларда савдо уйлари ва дўконларини очишимизда давлат
бевосита кўмаклашяпти. Биз ҳам ана шу ёрдамдан фойдаланиб, Россия ва
Қозоғистонда савдо уйларини очдик. Янги фармонда экспорт бўйича кўплаб
имтиёзлар назарда тутилганини кўриб қувондик. Хусусан, халқаро бозорга
чиқадиган миллий брендларга 50 минг долларгача субсидия ажратилиб, хориждан
брендмейкерларни жалб қилиш харажатининг ярми — 500 минг долларигача қисми
қоплаб бериладиган бўлди. Халқаро тендерларда иштирок этиш учун консалтинг
компанияларини жалб қилиш ва тендерда қатнашиш харажатининг 80 фоизигача бўлган
қисми ҳам қопланади. Булар шунчаки имтиёз ва ёрдам эмас, балки давлатнинг
тадбиркорга катта ишончи, рағбати белгисидир.
* * *
Ҳар гал Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти ана шундай
амалий натижага ўтиши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатга айланиб бўлган. Яъни
фармонда келтирилган нормалар фақат қоғозда қолиб кетмаслиги, белгиланган
муддатлардан бошлаб ҳаётга татбиқ этилишини бизнес эгаларининг ўзи ҳам яхши
билади. Энди асосий масала имкониятлардан тадбиркорларнинг қай даражада
самарали фойдаланиши ва масъул ташкилотларнинг мазкур кафолатларни амалда
таъминлай олишидир.
Муҳими, мазкур фармон янги Ўзбекистонда тадбиркорликка муносабатни яна
бир бор аниқ белгилаб бермоқда: хусусий бизнесга тўсиқ қўйиш эмас, унинг
қонуний фаолият юритиши учун шароит яратиш давлат иқтисодий сиёсатининг устувор
вазифаларидан.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон”
мухбири