Мисол учун, 2017 йилга қадар Тошкент шаҳридан Урганчга қатновчи поездлар Навоий — Учқудуқ — Мискин магистрали орқали 1 минг 64 километр йўл босар эди. 2018 йилда Бухоро — Мискин темир йўли қурилиб, Хивагача масофа 242 километрга қисқарди.

Йўлнинг қисқаргани яхши. Лекин ана шу масофани янада тезроқ босиб ўтишнинг имкони борми? Албатта, бор. Бунинг учун ушбу магистрални электрлаштириш ва учқур поездлар қатновини йўлга қўйиш зарур. Чунки электр поездининг унумдорлиги 4,5 баробар юқори. Йўлнинг самарадорлиги шунга яраша анча ошади. Масалан, поездларнинг юқори тезлиги соатига 250 километргача бўлиши йўловчиларнинг Тошкентдан Урганчгача етиб бориш вақтини 14 соатдан 6 соатга, Бухородан Хивагача эса 8 соатдан 3 соатгача қисқартиради. Бу аҳоли ва меҳмонларга катта қулайлик яратиб, туризм ривожида ҳам муҳим омил бўлади.

Тезлик эвазига темир йўлнинг ўтказувчанлиги ҳам ошади. Юк ташиш имконияти йилига қўшимча 11 миллион тоннагача, йўловчилар сони 2 миллион 300 минг нафарга кўпаяди. Поездлар электр энергиясида юриши ҳисобига йилига 18 минг тонна дизел ёқилғиси тежалади.

Ҳозирги лойиҳага ҳамоҳанг тарзда Нукус шаҳригача бўлган темир йўлни ҳам электрлаштириш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида Тошкент билан Нукус ўртасидаги қатнов вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради. Ушбу линия ишга туширилгач, “Тошкент – Самарқанд – Бухоро – Хива” анъанавий туристик занжирига Қорақалпоғистон ҳам қўшилади. Хорижий ва маҳаллий сайёҳларнинг юртимизда 4-5 кунгача бўлишини таъминлаш, туристик хизматлар экспортини 100 миллион долларга етказиш имконияти яратилади.

Аслида темир йўлни электрлаштириш борасида Ўзбекистонда катта тажриба тўпланган. Аввало, Тошғузор — Бойсун — Қумқўрғон темир йўли қурилиб, кейинроқ электрлаштирилди. 2011 йилда Тошкент — Самарқанд йўналишида Марказий Осиёда дастлабки юқори тезликдаги “Афросиёб” электропоездлари ҳаракати йўлга қўйилган бўлса, кейинчалик Қарши, Бухоро ва Шаҳрисабз шаҳарларига ҳам қатновлар амалга оширила бошланди. Мароқанд — Қарши, ундан Деҳқонобод ва Термизгача бўлган йўналишларда ҳам электрлаштиришга доир лойиҳалар амалга оширилди.

Ангрен — Поп электрлаштирилган темир йўли ишга тушиши билан Фарғона водийси вилоятларини мамлакатимизнинг қолган худудлари билан боғлаб, юртимизда ягона миллий тизимни яратиш борасидаги режаларни тўлиқ амалга оширишга замин яратилди. 2020 йилдан бошлаб эса электровозда Намангандан чиқиб, 5 соату 20 дақиқада Андижон, Марғилон, Қўқонни айланиб, яна Наманганга қайтиб келиш мумкин бўлди.

Энди навбат Урганч ва Хива шаҳарларига етиб келди. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши келгусида Тошкент — Самарқанд — Навоий — Бухоро — Урганч — Хива йўналишида тезюрар ҳамда юқори тезликда ҳаракатланувчи экологик хавфсиз электропоездлар қатновини йўлга қўйиш имконини беради. Лойиҳанинг қиймати 365 миллион доллар.

— Электрлаштирилаётган Бухоро — Мискин — Урганч — Хива темирйўл участкасининг умумий узунлиги 465,5 километрни ташкил этади, — дейди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Капитал қурилиш дирекцияси бошлиғи ўринбосари Жамшид Расулов. — Лойиҳада режалаштирилаётган ишларга кўра, ташқи электр тармоғи, электр тортиш нимстанцияси ва электр туташтирувчи тармоқнинг 8 та навбатчилик биноси, йўл созловчилар учун табель бинолари, қўриқланадиган 44 та темир йўл кесишмаси, 1 та автойўлўтказгич ҳамда локомотив жамоаси учун 1 та дам олиш уйи қурилади. Шунингдек, вагонларга техник хизмат кўрсатадиган 2 та пункт ва қисмларга ажратиш ҳамда жорий таъмирлаш саноат корхонасини реконструкция қилиш, 5 та техник хизмат кўрсатиш биноси ва бошқа техник хизмат иншоотларини барпо қилиш кўзда тутилган. Участка бўйлаб контакт тармоғининг жами 12 мингдан ортиқ пойдевори ва 10 мингдан кўпроқ темир-бетон таянч устун ўрнатиш ҳамда контакт тармоғини монтаж қилиш, мазкур тармоққа хизмат кўрсатиш учун эса махсус техника ва ҳимоя воситалари харид қилиниши белгиланган.

Мазкур лойиҳа доирасида электрлаштириш ишлари бир вақтнинг ўзида Бухоро ва Хоразм вилоятлари – икки томондан бир-бирига қараб амалга оширилмоқда. Айни пайтда разъездлар ва станцияларда, яъни Бухоро-1 ва Навбаҳор станциясида ҳамда Парвоз, Кийикли, Жайҳун, Турон разъездларида электр туташтирувчи тармоқнинг навбатчилик пункти бино ва иншоотларида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.

Йўналишнинг контакт тармоғида ҳам самарали ишлар бажарилди. Хусусан, Бухоро-1 – Кийикли станциялари оралиғида “1-энергомонтаж поезди” унитар корхонаси томонидан лойиҳада белгиланган 4 минг 300 пойдевордан 3 минг 575 таси (83 фоиз), 840 дона анкердан 638 таси (75 фоиз) ўрнатилди. Хизирбобо станцияси ҳамда Жайҳун разъезди оралиғида ҳам худди шундай ишлар бошлаб юборилди. Жайҳун разъезди ва Хива станциялари оралиғидаги юмушларнинг қарийб тўртдан уч қисми бажарилди.

Темирйўлчи мутахассислар томонидан шу кунгача Бухоро вилояти ҳудудидан 163,1 километр, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларидан 128,38 километр, жами 291,48 километр (63 фоиз) контакт тармоғи пойдеворлари ва таянч устунлари тўлиқ ўрнатилди. Эътиборлиси, электрлаштириш ишлари учун зарур бўлган асосий маҳсулотлардан пойдевор ва таянч бетон маҳсулотлар ўзимизда, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиб, участка ҳудудларига ўз вақтида етказиб берилмоқда.

Бухоро ва Хоразм вилояти ҳокимликлари томонидан тезюрар поезд ўтадиган туман ва шаҳарларда йўлбўйи хизматлар ташкил этиш белгиланган. Темир йўл борган жойга маданият бориши, ҳаёт жонланиши инобатга олиниб, бекатлар атрофида, худди автомобиль йўлларида бўлганидек, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўпайтириш керак бўлади. Яна бир вазифа — темир йўл бўйлаб чўл иқлимига мос дарахт ва буталар экиш зарур. Бу ҳам ҳудуд экологиясига ижобий таъсир кўрсатади, ҳам йўл бўйларига кўрк бағишлайди.

Ўтган ҳафта охирида темирйўлчи қурувчилар Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Назарбек шаҳарчаси ҳудудидан ўтган темир йўл ва автомобиль йўллари кесишмасида барпо этилган замонавий йўлўтказгични фойдаланишга топширишди. Шаҳарчада ва Зангиота туманида яшовчи аҳоли Тошкент шаҳрига асосан 4Р253 автомобиль йўли орқали бориб келишади. Транспорт сони ортиши, айниқса, ушбу ҳудуддан ўтувчи темир йўлдан поездларнинг кундалик ҳаракати, тепловозларнинг манёврлари туфайли автомобиль йўли муайян муддатга ёпиб қўйиларди. Бундай ҳолатларнинг эрталаб ва кечқурунга тўғри келиши эса катта тирбандлик пайдо бўлишига олиб келарди.

Аҳолининг айни борадаги мурожаатлари инобатга олиниб, 2020 йил 28 декабрда Президентнинг “2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 апрелдаги фармойишига асосан, “4Р253 “Тошкент шаҳри — Туркистон ш/х — Қозоғистон Республикаси чегараси” автомобиль йўлининг 3 километридаги темир йўл устидан йўл ўтказгич қуриш” лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Мазкур лойиҳа анча мураккаб ечимга эга. Энг аввало, темир йўл ва автомобиль йўли кесишмасида умумий узунлиги 398 метр, кенглиги 22 метр, кўприк ости баландлиги 7 метр бўлган тоннель шаклидаги йўлўтказгич, унинг устидан эса узунлиги 21,8 метр, кенглиги 18,5 метрли уч изли темир йўл кўпригини қуриш, улар кесишмасида яна узунлиги 28 метр, эни 12,5 метрли автомобиль йўли ўтказгичини барпо этиш режалаштирилган эди. Бунинг учун иншоотга туташ бўлган 23 та уй-жой, тадбиркорлик субъектини кўчириш зарур бўлди.

Мана, энди иншоотни қуриш даврида маҳаллий аҳолининг айланма йўллар орқали юришига тўғри келиб, вақт ва маблағ йўқотишларига сабаб бўлган қийинчиликлар ортда қолди. 113 миллиард сўм эвазига қурилган, умумий узунлиги 940 метрни ташкил этган мазкур иншоот халқимиз хизматига топширилди. Ҳисоб-китобларга қараганда, ундан бир кеча-кундузда ўртача 30 минг атрофида автотранспорт воситаси ва 24 минг пиёда ўтиб қайтади.

Рустам ҲАЙДАРОВ,

журналист

Абдурауф ҚОРЖОВОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири