Жорий йилнинг 10-11 апрель кунлари Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал-Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий XV халқаро турнир бўлиб ўтади. Унда дунёнинг 30 га яқин давлатидан 105 нафар вакил қатнашиши кутилмоқда.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги анжуманлар залида мазкур турнир олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманда Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби, Ташкилий қўмита аъзоси Ойбек Касимов, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг спорт ишлари бўйича ўринбосари Уйғун Умаров, шунингдек хорижлик меҳмонлардан Бангладеш ёшлар ва спорт вазилиги котиби Соҳил Аҳмад, Руминия делегацияси раҳбари, халқаро тоифадаги ҳакам, жаноб Наим Белгин, Озарбайжон делегацияси раҳбари Мобил Хусейнов ҳамда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Матбуот анжуманида бу йилги турнирнинг умумий мукофот жамғармаси 100 минг АҚШ долларини ташкил этиши маълум қилинди. Унга кўра, ҳар бир вазн тоифасида ғолибларга 3 000, 2-ўринни қўлга киритган спортчиларга 2 000 ҳамда иккита 3-ўрин соҳибларига 1 000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофотлари топширилади. Мутлақ вазнда ғолиб бўлган полвон Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини – 10 000 АҚШ долларига сазовор бўлади. 2-ўрин соҳиби 5 000 доллар, иккита 3-ўрин соҳиблари 3 500 доллардан, жами 22 000 доллар миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланишади. Мутлақ вазн тоифасида чорак финалда мағлубиятга учраган 4 нафар курашчининг ҳар бирига 2 000 доллардан жами 8 000 доллар пул мукофоти таъсис этилган.
Анъанавий турнир иштирокчилари учун турли маданий тадбирлар ўтказиш ва воҳанинг тарихий обидалари,археологик ёдгорликларига саёҳат уюштириш режалаштирилган.
Матбуот анжумани давомида мутасаддилар ва хорижлик делегатлар ОАВ ходимларининг саволларига жавоб бердилар.