Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, 30 майдан бошлаб FlyKhiva авиакомпанияси Термиз – Истанбул – Термиз йўналишида мунтазам парвозларни йўлга қўйди.
Энди мазкур йўналиш бўйича авиақатновлар ҳафтасига икки марта — чоршанба ва шанба кунлари амалга оширилади.
Қайд этилишича, янги йўналиш Сурхондарё вилояти аҳолиси ва тадбиркорлари учун халқаро ҳаво қатновларидан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиради, шунингдек, туризм ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистондан Истанбул шаҳрига Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Урганч ва Бухоро шаҳарларидан ҳам мунтазам рейслар амалга оширилмоқда. Умумий ҳисобда мазкур йўналиш бўйича ҳафтасига 87 та авиақатнов бажарилади.
Парвозлар Uzbekistan Airways, Qanot Sharq, Centrum Air, FlyKhiva ҳамда Turkish Airlines авиакомпаниялари томонидан амалга оширилмоқда.