Оммавий ахборот воситалари ходимлари учун пойтахтимиздаги бир қатор тиббиёт муассасаларига уюштирилган пресс-тур асносида бу яққол кўзга ташланди. Хусусан, соҳага қаратилган эътибордан мамнун тиббиёт ходимларининг миннатдорлиги-ю, оғир хасталикдан ортиқча оворагарчилик ва сарф-харажатсиз оёққа тураётган юртдошларимизнинг кўзларидаги севинч ёшлари рақамларнинг бўрттирилмаганини тасдиқлайди.

Кейинги йилларда юртимизда соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиланишлар тизимдаги барча йўналишларни қамраб олмоқда. Жумладан,  тиббиётнинг уч босқичли миллий модели — бирламчи тиббий санитария, шошилинч тез тиббий ёрдам ва ихтисослаштирилган тиббий хизмат тизимини янада такомиллаштириш борасидаги чора-тадбирлар замирида ҳам халқимиз розилигига эришиш мақсади мужассам.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташкил этган пресс-турнинг дастлабки манзили Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бўлди. ОАВ вакиллари бу ердаги шарт-шароит билан яқиндан танишди.

Аввало, айтиш жоизки, шошилинч тиббий ёрдам тизими соғлиқни сақлаш соҳасидаги энг йирик ва ўта кучли ижтимоий аҳамиятга эга тузилмадир. Биргина ўтган йилда ушбу тизим муассасаларига 13 миллиондан зиёд бемор мурожаат қилган. Улардан 10,5 миллионга яқини тез тиббий ёрдамнинг “103” хизмати бўйича, 2,5 миллионга яқини стационар тузилмаларга мурожаат қилган. Шу йилнинг 11 ойи мобайнида эса, умумий мурожаатлар сони 10 миллиондан ошди. 2,5 миллиондан зиёд беморга стационар муассасаларда ёрдам кўрсатилди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг филиаллари ва субфилиалларида йилига 217 мингдан ортиқ беморда стационар шароитда мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Бундан ташқари, яна 268,1 мингдан ортиқ юртдошимиз амбулатор амалиётни бошдан кечиради.

— Даволашнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан замонавий тиббий асбоб- ускуналарга боғлиқ, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази директори Дониёр Алимов. — Ушбу муаммонинг ечими сифатида 2018 йили Жаҳон банки ва Ривожланиш халқаро ассоциациясининг расмий вакиллари билан “Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам хизматларини такомиллаштириш” кредит лойиҳаси бўйича 100  миллион АҚШ доллари қийматидаги битим имзоланди. Шундан 40 миллион АҚШ доллари қийматидаги рентгенологик ультратовушли, жонлантириш ва жарроҳлик, эндоскопик ва лапароскопик ускуналар, бошқа тиббиёт жиҳозлари харид қилинди. Бу ишлар яна давом этади.

Шошилинч тиббий хизмат тизимидаги ислоҳотлар турли хасталиклардан эрта вафот этишнинг олдини олишга хизмат қилди. Кейинги йилларда турли замонавий тиббий техника воситалари билан жиҳозланган илмий марказ ва унинг филиалларида турли мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказиладиган бўлди.

Диагностика ва даволаш жараёнига қатор инновацион усул ва ташкилий ечимлар татбиқ қилинмоқда. Хусусан, умуртқа поғонасининг ностабил синиши туфайли ўлим ва чуқур ногиронлик кўрсаткичлари 40-50 фоизни ташкил этарди. Аммо Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг барча филиалларида умуртқаларнинг ностабил синишини хирургик даволашнинг замонавий усуллари татбиқ қилингач, юқоридаги кўрсаткич сезиларли даражада камайди. Бундан ташқари, илгари марказларда тос-сон бўғинини эндопротезлаш амалиёти сон суяги синишининг ўткир даврида ўтказилмас эди. Бугун ана шу амалиётлар иш жараёнида қўлланяпти. Шунингдек, Марказий Осиёда биринчи бўлиб бош мия қон томирлари нуқсонларини диагностика қилиш ва хирургик даволашнинг энг замонавий, юқори технологик усуллари ҳамда операциялари ўтказиладиган бўлди. Уларнинг 98 фоизи ишлаб турган юракда бажарилади.

Энг қувонарли янгиликлардан бири — илгари юртимизда буйрак ва жигар етишмовчилигида орган трансплантацияси амалиёти ўтказилмасди. Бунинг натижасида кўплаб юртдошларимиз эрта вафот этар ёки катта маблағ эвазига хорижий мамлакатларда операция қилдиришига тўғри келарди. Айни пайтда эса, бу мураккаб амалиётлар юртимизда ҳам бажарилмоқда.

Бугунги кунда мазкур муассасада мутахассислар тайёрлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда Туркиядан 4 нафар мутахассис жигар кўчириб ўтказишни ўрганиб қайтди. Ҳозир ҳафтасига камида икки марта буйрак трансплантацияси ўтказилмоқда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг 75 ўринга эга 5 қаватли янги биноси шошилинч тиббий ёрдамдаги энг ноёб соҳаларни — кардиохирургия, нейроваскуляр хирургия ҳамда трансплантологияни қамраб олади. Бинони 2022 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Унинг тўлиқ ишга туширилиши натижасида кардиохирургия бўлимида йилига 700 дан ортиқ мураккаб операция ўтказиш имконияти пайдо бўлади. Айни пайтда эса, марказда 300 дан зиёд шундай амалиёт бажарилаётир.

Трансплантология бўлимида ҳозирга қадар 160 дан зиёд амалиёт ўтказилган бўлса, келгусида буйрак ва жигар бўлагини кўчириб ўтказиш бўйича йилига 500 дан зиёд амалиёт бажарилиши учун шароит яратилади. Ушбу бўлимдаги операцион блоклар икки хонадан иборат бўлиб, бирида донордан аъзо олинади ва зудлик билан ёнма-ён жойлашган иккинчи хонадаги беморга кўчириб ўтказилади. Энг аҳамиятлиси, бу операцияларнинг барчаси бепул амалга оширилади.

Нейрохирургия бўлимида бош мия қон томири нуқсонларини хирургик даволаш натижасида чуқур ногиронликка маҳкум бўлган беморларда йилига 200 дан зиёд ноёб жарроҳлик амалиёти ўтказилади. Интервенцион муолажалар бўлимида ҳар йили ўткир коронар синдром, бош мия қон айланишининг ўткир бузилишида юқори даражадаги минимал инвазив диагностика ва даволаш бўйича қўшимча 1000 дан зиёд муолажа бажарилади.

Янги бинонинг тўлиқ ишга туширилиши йилига уч мингга яқин ноёб жарроҳлик амалиётини ўтказиш имконини беради ва беморлар хорижга бориб даволанишдан қисман халос бўлади.

Шошилинч тиббий ёрдам хизмати такомиллаштирилгани натижасида 2016 йили шикастланишлар оқибатида болалар ўлими кўрсаткичи 19 фоизни, ногиронлик улуши 30 фоизни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич айни пайтда 19 фоиздан 12 фоизгача, ногиронлик эса 30 фоиздан 22 фоизгача пасайди. Бу тиббий хизматни янада такомиллаштириш, касалликларни барвақт бартараф этиш, инсон умри давомийлигини ошириш ва эл розилигига эришишдек олижаноб мақсад рўёби йўлидаги саъй-ҳаракатлар самарасидан далолат.

Алло, тез ёрдамми?

Юртимизда тез тиббий ёрдам хизматининг автотранспорт билан тўлиқ таъминланиши бригадаларнинг чақириқларга кечикиш ҳолатини сезиларли камайтирди. Бундай ҳолатларни камайтириш ва иложи борича бартараф этиш мақсадида мавжуд бригадаларнинг аксарияти дислокация нуқталари узоқ ҳудудларда жойлашган аҳоли  пунктларига яқинлаштирилди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида VW Сaddy русумли 100 дан зиёд автомашина жойлардаги тез тиббий ёрдам хизматларига топширилди. Бугун юртимиздаги тез тиббий ёрдам хизматларида 435 дан ортиқ реанимобиль мавжуд. Аста-секин тез тиббий ёрдамда “Дамас” русумли автомобиллардан бутунлай воз кечиш режалаштирилмоқда.

— Тез тиббий ёрдамга мурожаатлар дастлаб марказга келиб тушади, — дейди шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call маркази бўлим мудири Насиба Маҳмудова. — Марказда навбатчилар автоматлаштирилган тизимда мурожаатни қабул қилиб олади. Чақириқ келиб тушиши билан компьютерда беморнинг манзили қайд этилади. Барча сўровга жавоб олингандан сўнг чақириқ берган шахс қаерда турганини билишимиз мумкин. Унинг манзили чақириқ мобайнида компьютердаги харитада кўриниб туради. Тизимдан манзилга энг яқин бригадани топиб, ушбу бемор томон йўналтирамиз. Автоматлаштирилган тизимга ўтишимиздан олдин қайд этишнинг ўзига 8-10 дақиқа кетарди. Ҳозир сонияларда, узоғи билан 1-2 дақиқада мурожаатни қабул қилиб, кўчма бригаданинг планшетига чақириқ манзилини юборяпмиз. Вақтдан ютяпмиз. Авваллари чақириқ қўлда ёзилиб, компьютерга киритилар, кейин тумандаги бўлимга юбориларди. Шундан сўнг туман бўлимида яна қайта рўйхатга киритилиб, кейингина тез ёрдам юбориларди. Ҳозирги ўзгаришлар натижасида тез тиббий ёрдамнинг кечикиш ҳолати 10-12 фоиздан 1-2 фоизгача камайди. Чақириқларга етиб бориш вақти ўртача 20-30 дақиқа бўлган эса, ҳозир атиги 8-12 дақиқани ташкил этмоқда. Рақамлардан тизимнинг тезкорлиги, натижадорлиги ошгани, қисқа вақтда вазият анча яхшиланганини англаш қийин эмас.

Ҳозир шаҳар тез тиббий ёрдам станциясида 40 нафар оператор мурожаатларни қабул қилади. Бундан ташқари, 12 нафар узатувчи навбатчи фаолият юритади.

Тез тиббий ёрдам хизматини дори-дармон ва тиббий буюмлар билан таъминлаш жараёнини марказлаштириш натижасида бир чақириқ учун ажратилган дори-дармон қиймати ҳар йили камида икки баробар оширилишига эришилди.

Тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш ва тез жавоб олиш, вақтида керакли тиббий ёрдамга эга бўлиш аслида инсон қадри ва розилиги белгиси. “Инсон қадри учун” ғоясининг замирида ҳам аслида ана шу розиликка эришиш, ғамхўрлик ётади.

Барча аъзоларга дахлдор соҳа

Президентимиз раислигида яқинда эндокринология соҳасини такомиллаштириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида соҳани такомиллаштиришга қаратилган қатор вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари эндокрин касалликлар инсоннинг барча аъзоларида кечишини инобатга олиб, Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази клиникаси фаолиятини кўп тармоқли шаклга ўтказиш бўйича топшириқ берганди. Унга кўра, айни пайтда марказ учун Тошкент тиббиёт академияси ҳудудида энг замонавий ускуналар билан жиҳозланадиган 600 ўринли янги бино қурилмоқда. ОАВ вакиллари эндокринология шифохонасининг янги биноси билан ҳам танишди. У 2022 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Жорий йил 1 июлга қадар бирламчи бўғин учун зарур бўлган 400 нафар мутахассис қайта тайёрланади. Янги кўп тармоқли эндокринология марказида 20 дан зиёд юқори технологик амалиёт йўлга қўйилади. Бунда гормонал ва минерал бузилишлар (остеопороз), эндокрин гинекология, репродуктив, онко, нейро ва офтальмоэндокринология, нефрология, кардиодиабет ва интервенцион хирургия каби йўналишлар ташкил этилади.

Фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиш ларидан биридир. Сўнгги йилларда аҳолига тиббий, шу жумладан, эндокринологик хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам катта ўзгаришлар кузатилмоқда.

Эндокринология хизматининг ягона вертикал интеграциялашган тизими яратилди. Эндокринологик муассасалар замонавий, юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланмоқда. Профессионал кадрлар тайёрлаш бўйича замонавий илмий мактаб шакллантирилди.

Эндокрин касалликларни ташхислаш ва даволашнинг қатор замонавий усуллари эндокринологик муассасалар (эндокринологик диспансер/ филиаллар) амалиётига жорий этилди. Эндокринологик патологиянинг олдини олиш тизими такомиллаштирилди. Бу эса, касалликни дастлабки босқичида аниқлаш имконини берди ҳамда беморларнинг Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт марказига қатнови камайди.

Қандли диабет эндокринологик касалликлар рўйхатида биринчи ўринда туради. Бу кўрсаткич қайд этилган эндокрин касалликларнинг қарийб ярмини ташкил қилади. Иккинчи ўриндан қалқонсимон без касалликлари жой олган. Бундан ташқари, айрим аҳоли вакиллари ортиқча вазн ва бошқа эндокрин патологиялардан азият чека бошлади.

Шунинг учун бу турдаги касалликларнинг олдини олиш, ташхис қў йиш ва даволаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётир. Беморларга бирламчи тизимда сифатли даражада малакали ёрдам олиш имкони яратилмоқда.

 — Қурилаётган янги бинода соҳага дахлдор 28 та бўлим фаолият кўрсатади, — дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Феруз Тўраев. — Авваллари беморнинг диабетини даволагандан сўнг, дейлик, кўзида муаммо бўлса — кўз шифокорига, юрагида муаммо бўлса — кардиологга юбориш керак бўлган. Янги марказда ана шу хизматлар мувофиқлаштирилган ҳолда кўрсатилади. Беморнинг сарсон-саргардонлигига барҳам берилади. Илгари кардиолог бир дори, эндикринолог яна бошқа бир дори ёзиб берар, ўртада тушунмовчиликлар ҳам юзага келарди. Энди дориларнинг ўзаро таъсирини инобатга олган ҳолда даволаш ишлари олиб борилади.

Марказда мавжуд 14 та бўлим икки баробарга кўпайиши натижасида замонавий жарроҳлик, жонлаштириш ва интенсив, эфферент терапия гуруҳи (буйрак-жигар патологиясини даволашнинг экстракорпорал усуллари) билан интенсив даволаш хоналари, замонавий марказий стерилизация бўлими бўлади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида одамларнинг розилигига эришиш, бирламчи тизимгача такомиллашириш устувор вазифа қилиб белгиланган. Бирламчи тизим, оилавий шифокорнинг эндокринология йўналишидаги билимлари оширилса, соҳадаги муаммоларга бир қадар ечим топилади.

Тез кунда Президентимизнинг соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон тиббиёти — инсон қадри учун” мавзусидаги очиқ мулоқоти тизимдаги муаммоларга ечим топиш, мамлакат тиббиётини янги сифат босқичига олиб чиқиш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришга туртки бўлиши кутилмоқда. Айни пайтда очиқ мулоқот ташкил этишга тайёргарлик қизғин паллада. Учрашувга йўлланаётган мурожаатлар соғлиқни сақлаш соҳасининг барча йўналишларини қамраб олмоқда.

Рисолат Мадиева,

“Янги Ўзбекистон" мухбири