Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг 18 нафар битирувчи талабалари тиббий хатлов антропометрия тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича Сирдарёлик тиббиёт ходимларга амалий ёрдамга борган.

Талабаларнинг барчаси Сирдарёлик. Улар ўз уйида яшаб, ўзларига яқин ҳудудлардаги поликлиникалар тиббий бригадаларига бириктирилган ҳолда ўз мураббийлари назорати остида тиббий хатлов тадбирларида иштирок этади. Бу эса улар учун ўзига хос амалиёт ҳисобланади.

Талабалар, имкон қадар ўз уйларига яқин ҳудудлардаги магистрлар ва клиник ординаторларга бириктирилган бўлиб, улар бевосита институтдан бириктирилган мураббийлари ва тиббий бригададаги оилавий шифокорлар назорати остида хонадонма-хонадон юриб, антропометрия тадбирларига кўмаклашади. Соғлом турмуш тарзига доир тарғибот суҳбатларида фаол иштирок этади. Шу орқали институтда олган билим ва кўникмаларини янада мустаҳкамлаб, келажакда амалиётга жорий этади, деб хабар беради Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати.