Энг аввало, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлалигича ўтганимиз йўқ, газета-журналларда, идора-ташкилотлардаги расмий ҳужжатларда ҳанузгача крилл алифбосидан фойдаланиб келинаётгани ачинарли ҳол. Бундан ташқари телевидения орқали эфирга узатилаётган турли хил кўрсатувларда журналистлар томонидан шевада гапириш ёки чет эл сўзларини чала-ярим талаффуз қилиш ҳоллари ҳанузгача учраб турибди. Бу каби муаммолар кинофилмларда, радиоешиттиришларда ҳам учрайди.

Яна бир муаммо: олий маълумотли, ҳатто номзодлик, балки докторлик диссертациясини ҳимоя қилган зиёлиларнинг баъзилари ўз она тилида тўрт қатор матнни ёза олмайдилар. Отаси ўзбек, онаси ўзбек, ўзи ҳам ўзбек, лекин русча савод чиқарган, камига инглиз тилини мукаммал ўрганган-у, лекин ўз она тили ўзбек тилини умуман билмайдиган “зиёлилар”га раҳмингиз келади. Майли чет тилини ўргансин, лекин ўз тилини ҳам ҳурмат қилиши керак. Баъзан бошқарув идораларида масъул лавозимда ишлаётган ходимлар ҳам ўз тилида ёзишлари қийинлигини айтишади. Айрим ҳужжатларга назар ташласангиз, у аввал рус тилида ёзилгани, сўнг давлат тилига таржима қилингани кўриниб туради.

Тилимиз софлигини сақлаш унга тўғри келган-келмаган сўзларни тиқиштиришга йўл қўймасликни англатади. Лекин айрим ижодкорлар ўзига хос йўл тутиш, баъзан жаҳон мезонларига бўйлашиш деб ҳисоблаб, ўзбекча сўз ёнига инглизча ёки бошқа тилга мансуб сўзларни сунъий ёпиштиришга ҳаракат қилишмоқда. “Ёшлар” телеканалидаги “KameRadar”, “Start up club кўрсатувларини ўз тилимизда номласа бўлмайдими? Ахир бу кўрсатувлар ўзбек томошабинларига мўлжалланган-ку? Шунингдек, “Миллий” ТВ каналида “MTV showkids”, “TV-Sale”, “M-news”, “Войдод, караоке”, “Қўзғолоншоу” каби кўрсатувлар номини ўз тилимиздаги жозибали сўзлар билан номлашнинг иложи йўқмикан? Ахир ёшларимиз ҳаётдаги ахборотни ҳам, маънавий бойликни ҳам, асосан, телевидение орқали олишади-ку?! Бундай сунъий номлар нафақат тилимизни, балки дилимизни ҳам бузади.

Ҳар бир фуқаро-талаба ва ўқитувчи, зиёли ва ишчи, хизматчи ва олим расмий ҳужжатларни тўғри ва хатосиз ёзиши Қонуннинг 7-моддасида акс этган: “Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади”. Демак, ҳар бир шахс саводхон бўлиши билан бирга илмий атама ва терминларни ишлатишда қонун моддаларига қатъий риоя қилиши лозим.

Хулоса қилиб айтганда, ўзбек тили дунёдаги қадимий ва бой тиллардан биридир. Унинг софлиги, пурмаънолиги, таъсирчанлиги, гўзаллиги, бойлигига ўз ҳиссамизни қўшишимиз зарур. Халқимизнинг ўз тилига, элига бўлган чексиз муҳаббати, ижодкорлик қудрати тил масалаларига миллийлик нуқтаи назари билан ёндашишда намоён бўлади. Ҳазрати Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз” деган ҳикмати неча аср ўтса ҳам ўзининг маъно-моҳиятини йўқотгани йўқ. Аксинча, тарихий жараёнлар бу ҳикматнинг нақадар ҳаққонийлигини исботлаб берган.

Назокат Шербоева,
Хоразм вилояти, Янгибозор туманидаги 
30-сон мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси