Жорий йил биринчи ярмида нефть ва газ саноати қувурларини ишлаб чиқариш бўйича «ТМК» компанияси бош директори Игор Корытко ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг учрашуви натижасида ушбу компания томонидан дунё бозоридан фарқли ўлароқ, арзон нархларда ҳар хил типдаги нефть ва газ саноати қувурларини етказиб бериш бўйича келишувга эришилган эди.

Москвага ташриф доирасидаги учрашувда томонлар «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятининг излов-қидирув ва эксплуатацион қудуқлари учун зарур бўлган қувур маҳсулотлари етказиб бериш бўйича тузилган амалдаги шартномалар ижросининг жорий ҳолати, шунингдек, ҳамкорликни жадаллаштириш ва янги йўналишларни излаш имкониятларини муҳокама қилди.

Учрашувда раҳбарлар икки компания ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини энергия ресурслари билан таъминлаш бўйича белгиланган мақсадларга эришиш имконини яратишда стратегик аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, янги нефть ва газ қудуқларини бурғилаш ишлари импорт асосида олиб келинадиган қувур маҳсулотларига узвий боғлиқ. Бу борада «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан импорт қувур маҳсулотлари таъминоти бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати.

2021 йилда бурғилаш ишларини узлуксиз олиб бориш ва шу билан бирга 2022 йил учун захира ҳажмини яратиш мақсадида «ТМК» АЖ томонидан умумий миқдорда 40 000 тоннадан ортиқ қувур маҳсулотлари етказиб берилган бўлиб, яна 18 000 тонна қувур маҳсулотлари жорий йил сўнгига қадар етказиб берилиши режалаштирилган. Бу ўз навбатида 2022 йилда режалаштирилган бурғилаш ишлари учун қувур маҳсулотларининг етарли захираси яратиш имконини беради.