Буюк шоиримизнинг китобларини варақлар эканман, беихтиёр кўзим “Савоб” шеърига тушди. Гарчи, олдин такрор-такрор ўқиган бўлсам-да, шеърни яна ўқир эканман, сўзнинг нақадар буюклигини янада теранроқ ҳис этдим. Мазкур шеърда маржондек кетма-кетликда терилган сўзлар барчамизни савоб ишни канда қилмасликка даъват этади.

Кундалик ҳаётимизда “савоб” сўзи қулоғимизга тез-тез чалинади. Ушбу сўз муомаламизнинг бир қисмига айланиб улгурган ва уни кўп эшитамиз.

Ардоқли ижодкоримиз мазкур шеърда бир йўловчи сифатида унинг манзилида дуч келадиган турли қийинчиликлар мисолида савоб иш қилишнинг аҳамияти қанчалик катта эканлигини баён этадилар.

Бундан ташқари, ижодкор:

Кўчангда лапанглаб ўтганда тобут,

Сен уни тўрт қадам кузатганмисан, — дея ҳаттоки, сўнгги манзилга ҳам инсонларнинг оқибати ила етиб боришини чиройли ташбеҳларда келтирганлар.

Ҳа, албатта, бу ҳам бизга умрнинг қисқалиги-ю бунда савоб амалларни бажариб улгуришга ўзига хос даъватдир.

Шунингдек, шоиримизнинг қуйидаги мисралари бугунги пандемия жараёнида янада муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Яъни:

Савоб деб инграйди дунёмиз беҳол,

Зордир у нажотбахш ҳислар сеҳрига.

Жангларда толиққан мажруҳ зот мисол,

Суяниб яшар у инсон меҳрига.

Ушбу мисралар бугунги кунда нафақат битта мамлакат, балки она сайёрамизнинг ҳар бир нуқтасида ўз долзарблигини намоён этмоқда.

Дарҳақиқат шундай. Бугун барчамиз бир-биримизга елкадош бўлиб, карантин даврида кам таъминланган, камбағал, кўп болали оилалар ва нуронийларимиз ҳолидан хабар олиб, уларга озми-кўпми ўз ёрдамимизни кўрсатмоқдамиз.

Зеро, Абдулла Орипов таъкидлаганидек:

То ҳаёт эканмиз савобга зормиз,

Йилт этган шуъладан диллар файзиёб.

Гоҳ ғамгин, гоҳ эса умидга ёрмиз,

Йўқолмаса деймиз дунёдан савоб,

“Савоб ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши керак!”. Бу пурмаъно сўзлар бугун ўзбекистонликлар қалбидан жой олиб улгурган. Зеро, савоб – бу эзгуликдир. Барчамизга савоб ишларни қилиш, юртимиз ривожи ва тараққиётига ҳисса қўшиш, коронавирус пандемияси жараёнида аҳил-иноқликда бир-биримизга елкадош бўлиб, кўмакка муҳтожларга кўмаклашиш ҳам катта савобдир, назаримизда. Савоб ишларимиз билан элда янада азиз бўлиб юрайлик!

Фақат савоб борки, жаҳон бус-бутун,

Фақат савоб борки, азиздир Инсон!

Ҳа, шу ўринда, Абдулла Орипов нафақат серқирра ижодкор, балки башариятни буюк инсоний фазилатлар соҳиби бўлишга даъват этувчи даҳо донишманд сифатида ҳам намоён бўлади. Бунга шоирнинг турли жанрларда ижод этган буюк асарлари ҳам кафолатдир. Жумладан, унинг мазкур “Савоб” шеъри ҳам саховат, инсонпарварлик, меҳр-оқибат каби туйғулар билан суғорилган. Шу ҳақиқатнинг ўзи ҳам шоирнинг ҳар бир асари маънавиятимиз хазинасидаги бир гавҳар янглиғ қалбларимизни эзгулик ёғдулари билан мунаввар этаверади.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

ЎзЖОКУ Сиртқи бўлим,

Босма ОАВ журналистикаси йўналиши

4-курс талабаси.