Яшаб турган хонадонимда қисқа таъмирлаш ишларини бажардик. Уста иссиқ ва совуқ сув тармоқларини созлаш учун қувурларни янгилаш кераклигини айтди. Рози бўлдим.
“Фақат бир кун вақт кетади, сувни тармоқдан узиб тураман”, деди у.
“Барака топинг, тузатиб берсангиз бўлди”, дея бозордан керакли жиҳозларни олиб келишга шошдим.
Дам олиш куни, уста ишга киришди, мен ёрдамчи бўлдим. Уларнинг ҳам иши қийин экан, бошида жиддий киришган эдим, тушга яқин ҳолдан тойдим. Кейин зериктирмаслик учун гапга зўр бердим. Уйда болалар бор, бирин-кетин ҳожатхонага киришни бошлади.
Совуқ сув ўчирилган, қўшнидан сув олиб, ҳожатхона сувдонини тўлдириб қўйдим. Дастлаб икки-уч марта олиб келганимда билинмади. Кейинги сафар 10 литр сув билан сувдонни тўлдирдим, ўғлим кириб чиқди ва тугмачани босди, бир деганда 10 литр сув оқиб кетди.
Яна 10 литр сув олиб келиб қуйдим ва тугмани босдим. Буни онгли равишда тасаввур қилиш имконсиз: бир дақиқада сув оқиб кетди. Бошимда кучли оғриқ турди. Уйга ичиш мақсадида 10 литр сув олиб келиб қўяман — истеъмол учун, болалар чанқаганда ичиб кетаверади. Бир ҳафтага етади. Ҳозир эса ўша 10 литр сувни бир лаҳзада тугмачани босиб, яроқсиз ҳолга чиқариб юбордим. Сув кетди, мен эса...
Дарҳақиқат, сув инсон ҳаёти, табиат ва иқтисодиётнинг асосий манбаи ҳисобланади. Унинг муқобили йўқ. XXI асрда глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сони ортиши ва саноат ривожи билан боғлиқ равишда тоза ичимлик сув масаласи бутун дунёда кенг кўламли экологик ва ижтимоий муаммога айланди. Айниқса, қуруқ иқлимга эга ва трансчегаравий сув манбаларига боғлиқ мамлакатларда бу муаммо янада долзарб тус олмоқда.
Халқаро метеорология ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга бориб Ер юзи аҳолисининг 5 миллиарди ичимлик сувдан етарли даражада баҳраманд бўла олмаслиги мумкин. Биргина 2018 йилда 3,6 миллиард инсон камида бир ой ичимлик сувсиз қолган. Мазкур ҳисобот 20 дан ортиқ халқаро ташкилот ва илмий марказ томонидан берилган хулосалар асосида қилинган. У тақдим этаётган рақамлар нақадар хавотирли эканини кўриш мумкин.
Биз ҳали ҳам етарли даражада тасаввур қила олмаётган фожиани мисоллар билан асослашга ҳаракат қиламан. Масалан, саноатлаштиришгача бўлган даврдан бошлаб ҳозирга қадар намчил ҳудудларнинг 80 фоизи йўқ бўлиб кетган. Шунингдек, охирги 20 йилда ичимлик сув захираси ҳар йили бир сантиметрга пасайиб бормоқда. Бунда ёғингарчилик, ер ости ва ер усти суви, музликларни қўшиб ҳисоблаш ҳам киради. Қурғоқчиликнинг давомийлиги охирги 20 йилда 29 фоиз ошган.
Сувсизлик кўплаб давлатларда асосий муаммога айланиб улгурди. Айниқса, Африка учун бу оғир кечиши кутилмоқда. Ҳозир 2 миллиарддан ортиқ инсон сув танқис мамлакатларда яшайди, улар ичимлик сув ва канализация муаммосидан азият чекмоқда.
Мамлакатимизда сув ресурсларининг катта қисми Амударё ва Сирдарё ҳисобига тўғри келади. Ички сув манбалари чекланган, асосан, ер ости сувлари ва мавсумий оқимлардан иборат. Ички сув ресурслари йилига тақрибан 15-16 миллиард куб метрни ташкил этса, умумий сув сарфи 50 миллиард куб метрдан ошиб кетади.
Бу ҳолат мамлакатни ташқи манбаларга қарам қилиб қўяди. Шу сабаб сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни тежаш ва қайта тиклаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган.
Географик жойлашуви ва ҳудудлар тақсимотига кўра, Ўзбекистоннинг ҳудудлари бўйича ичимлик сув етиб бориш даражаси жуда номутаносиб. Сув хўжалиги вазирлигининг 2023 йилги маълумотларига кўра, умумий аҳолининг 27 фоизи тоза ичимлик сув билан доимий таъминланмаган. Айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида сув таъминоти муаммолари аҳолининг турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.
“Ўзсувтаъминот” раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаев жорий йил февралда ўтказилган матбуот анжуманларидан бирида таъкидлашича, бизда стандарт талаблари бир оз юқори, яъни оқова сув тизимларидан ташланадиган сувга нисбатан талаб катта. Европа ёки ривожланган бир қатор давлатларда тозаланган оқова сув денгиз, дарё ёки океанга чиқариб юборилади. Шу сабаб уларда бу талаблар бир оз пастроқ. Бизда эса оқова сувлар, асосан, ерга ёки кейинчалик фойдаланиладиган дарёларга оқизилади. Мазкур масалада тўғри ва яхши маънодаги баҳс-мунозаралар кетяпти. Бу ҳам лойиҳаларни ўз вақтида амалга оширишга муайян даражада таъсир қилади.
Қорақалпоғистонда аҳолининг фақат 40 фоизи марказлаштирилган ичимлик сув тармоғига уланган. Бу ҳудудда Орол фожиаси туфайли ер ости суви шўрланиши ва хавфли моддалар билан ифлосланиши аҳоли соғлиғига таҳдид солади.
Навоий вилоятида кўп қишлоқлар сув манбаларидан узоқда жойлашган, аксар ҳолларда аҳоли сувни цистерналарда олишга мажбур бўлади. Бу нафақат техник муаммолар, балки санитария ва гигиена хавфини ҳам келтириб чиқаради.
Яқинда фейсбукда Саидахон исмли фойдаланувчининг бир постига кўзим тушиб қолди. Қизилтепа туманидаги Яккатут қишлоғида ёз мавсумида ичимлик сув топиш катта муаммога айланади. Аҳоли ҳар куни белгиланган вақтда келадиган автоцистернадан сув олар экан.
“Кейинги икки йилда сув сифатсиз келаётганини пайқадик. Болаларимни қайнатилган сув билан ювинтираман. Йилда икки марта ҳожатхонанинг сув оқизиш тизимини таъмирлашга мажбур бўламиз, чунки қурғоқчилик устига муҳандислар ҳам етишмайди”, деб ёзади у.
Мазкур постга муносабат тарзида бўлмаса ҳам “Ўзсувтаъминот” раиси ўринбосари Хуршид Раҳматуллаевнинг “2035 йилга бориб республика бўйича марказлашган ичимлик сув билан таъминланиш даражасини 95 фоизга етказиш режа қилинган. Қолган 5 фоизи олис ва тоғли ёки тармоқ тортиш ишлари техник ва иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламайдиган ҳудудларга тўғри келади. Уларга муқобил манбалар, яъни сув ташувчи машиналар билан ёки жойида сув таъминотини таъминлаш чоралари кўрилади”, деган маълумотини илова қилиб қўйишни маъқул топдик.
Экспертларнинг қўшимча қилишича, инфратузилма ва моддий ресурслар етишмаслиги, шунингдек, етарли даражада молиялаштириш бўлмагани сабабли бу ҳудудларда ичимлик сув муаммоси узоқ йиллар давомида ҳал этилмаган.
— 2025-2030 йилларда республика бўйича қарийб 45 минг километрдан зиёд ичимлик сув тармоғи тортилиб, 1,8 мингта иншоот қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, аҳолини узлуксиз равишда сифатли ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида йирик шаҳарларимизда давлат бюджети ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан қатор лойиҳалар амалга оширилади, — дейди “Ўзсувтаъминот”АЖ бошқаруви раиси в.б. Аҳмад Сувонқулов.
Маҳаллий муҳандис ва эксперт Шерали Отахонов бундай ёзади: “Агар биз сув тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш, фойдаланишда автоматлашган тизимларни жорий этиш ва мониторингни кучайтиришни уддаласак, аҳолининг катта қисми қўшимча равишда сув билан таъминланиши мумкин”.
Сув танқислигининг асосий сабаблари
Сувсизлик ва қурғоқчилик деганда кўз олдимизга бирданига Африка келади. Қақраган ер тасвири кўз олдимизда муҳрланиб қолган. Ҳозирча бошқа мамлакатлардаги сувсизликни бу манзарага менгзаб бўлмайди. Лекин Африкадаги каби қурғоқчиликдан бошқа ерлар зарар кўрмайди дейиш жуда хато бўлади. Масалан, Бразилия ўз тарихидаги энг йирик қурғоқчиликни бошдан ўтказмоқда. Бу эса, ўз навбатида, унинг энерготизимига ҳам таъсир кўрсатади. Чунки мамлакатдаги асосий электр энергияси гидроэлектростанцияларда ишлаб чиқарилади. АҚШнинг Калифорния штатида қурғоқчилик сабаб кенг кўламдаги ўрмон ёнғинлари кузатилмоқда. Шунингдек, Австралия, Франция, Туркия каби давлатларда ҳам қурғоқчилик, иссиқ ҳаво сабаб вақти-вақти билан ўрмон ёнғинлари юз бермоқда.
Ўзбекистонда эса сув танқислигининг бир неча асосий омили бор. Биринчидан, иқлим ўзгариши туфайли ёғингарчилик камайиши ва ёз мавсуми иссиқроқ ва қуруқроқ бўлиши сув манбалари қуриб қолишига олиб келмоқда. Бу ҳолат суғориладиган ерда ҳосилдорликни пасайтиради ва аҳоли учун ичимлик сув захираларини камайтиради.
Иккинчидан, қишлоқ хўжалигида сувнинг 70-80 фоизи канал ва ариқлар орқали етказилади, бу эса йўқотишларнинг катта ¬қисмини ташкил этади. Мутахассисларнинг баҳолашича, суғориш жараёнидаги сув йўқотишлари 35-40 фоизга етади. Масалан, Фарғона водийсидаги сув каналлари 50 йилдан ортиқ вақт олдин қурилган, уларда изоляция ёки замонавий назорат механизми мавжуд эмас.
Учинчидан, сув ресурсларининг асосий қисми (85 фоиз) трансчегаравий манбаларга боғлиқ. Амударё ва Сирдарё Қирғизистон, Тожикистон ва Афғонистон ҳудудларидан бошланади. Бу давлатлар томонидан қурилаётган янги ГЭСлар ва сув омборлари Ўзбекистонга келадиган сув оқимини камайтириши мумкин.
Тўртинчидан, аҳолининг ўсиши ва урбанизация жараёнлари ҳам сув танқислигига олиб келмоқда. Ўзбекистон аҳолиси биргина 2025 йилнинг ҳар бир ойида ўртача 51,5 минг кишига кўпаймоқда. Бу эса сувга талабни оширяпти.
Эколог ва муҳандис Дилфуза Раҳимова бундай дейди: “Сув тежаш технологияларини жорий этиш — биздаги энг катта эҳтиёж. Агар биз томчилатиб суғориш, қайта ишлаш ва интеллектуал бошқарув тизимларини кенг қўлласак, сувдан фойдаланишда 30 фоизгача самарадорликка эришишимиз мумкин”.
Халқаро тажриба нима дейди?
БМТнинг сув қўмитаси ва UNESCO биргаликда тайёрлаган ҳисоботларга кўра, 2050 йилга бориб сувга талаб 20-30 фоиз ўсиши тахмин қилинган. Бунинг сабаби эса демо-график ўсиш, иқтисодий ривожланиш, истеъмол тарзининг эволюцияси ҳисобланади. Ҳозир сув танқислиги хавфи юқорилигича қолаётир. Чунки сув ресурслари ёмон бошқарилмоқда.
“Ҳокимият ва кенг жамоатчиликни хабардор қилиш учун масъул бўлган миллий метеорология ва гидрология хизматларининг 60 фоизи сув сектори учун иқлим хизматларини кўрсатиш имкониятига эга эмас” деб ҳисоблайди Халқаро метеорология ташкилоти мутахассиси Петтери Таалас. 2018 йилдан буён сув ресурсларини бошқариш самарадорлиги умумий 10 фоиз яхшиланган бўлса-да, таҳлил қилинган 166 мамлакатдан 26 тасида ёмонлашган. “107 та давлат ҳали ҳам 2030 йилга бориб сув ресурсларини барқарор бошқаришга эришишнинг тўғри йўлида эмас”, деб хавотирини билдирган мутахассис.
Европа давлатларида ҳам қишлоқ хўжалигидаги исроф бўлаётган чучук сув захиралари катта муаммо ҳисобланади. Европа ҳисоб палатаси ҳисоботида таъкидланишича, Европа қишлоқ хўжалиги сиёсати сув исрофгарчилигига сабаб бўлмоқда. Чунки асосий молиялаштириладиган маҳсулотлар гуруч, ёнғоқ ва мева-сабзавот каби сувни кўп талаб қиладиганлардир. Шунингдек, бу маҳсулотлар етиштириладиган ҳудудлар ҳам сув танқис жойларга тўғри келади.
Мақолани ёзиш жараёнида мавзу бўйича қатор мамлакатлар тажрибасига диққат қаратишга тўғри келди.
Сингапурда ҳар бир ёмғир томчиси давлат иқтисодиёти учун қадрли ҳисобланади. Бу ерда “NEWater” деб аталадиган сувни қайта ишлаш дастури бўлиб, фойдаланилган сув махсус тизимлар орқали тозаланиб, яхши сифатда қайта фойдаланишга йўналтирилади. Шу тариқа Сингапур ўз эҳтиёжининг 40 фоиздан ортиғини қайта ишланган сув орқали таъминлайди.
Австралияда қурғоқчиликка қарши миллий стратегия қабул қилинган, унда ҳудудий сув захиралари, номарказлашган тизимлар, сув нархларини бозор механизмлари асосида белгилаш ва жамоатчилик иштироки каби усуллар қўлланилмоқда.
БМТ ва Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар сув ресурсларини самарали ¬бошқариш, ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва инвестиция жалб этиш орқали кам сувли мамлакатларни қўллаб-қувватламоқда. Халқаро эксперт, доктор Ларс Петерсен бундай таъкидлайди: “Ўзбекистон сув муаммосини ечиш учун минтақавий шериклик, илғор технологиялар ва таълимни биргаликда жорий этиши зарур”.
Ички ислоҳотлар ва инсоний бурч
Мамлакатимизда сўнгги йилларда ичимлик сув билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш мақсадида қатор давлат дастурлари ва халқчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди. 2023 йил 11 сентябрда “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармон қабул қилиниб, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш жараёнида орттирилган тажриба ва жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида ишлаб чиқилган “Ўзбекистон — 2030” стратегияси тасдиқланди.
“Ўзбекистон — 2030” стратегиясининг 5 та устувор йўналишидан учинчиси айнан сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланди.
Давлатимиз раҳбари жорий йил 17 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида бу йил 1619 километр ичимлик сув, 521 километр оқова сув тармоғи тортиш, тизимдаги 162 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилганини таъкидлади. Натижада 715 минг аҳолига илк бор тоза ичимлик сув етиб боради, 135 минг хонадон оқова сув тармоғига уланади, 157 минг истеъмолчига замонавий ҳисоблагич ўрнатилади.
Ўзбекистон Президентининг Францияга жорий йилги ташрифи доирасида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ичимлик сув бўйича 340 миллион евролик 3 та лойиҳа келишилган эди. Франциянинг “Suez” компанияси Денов, Шўрчи, Сариосиё ва Қумқўрғондаги ичимлик сув таъминотини хусусий бошқарувга оляпти. Натижада вилоятда марказлашган ичимлик сув қамрови 90 фоизга етиши кутилмоқда. Шунингдек, соҳани рақамлаштириш бўйича сезиларли ишлар қилинмоқда. Бунинг учун Осиё тараққиёт банкидан 125 миллион доллар жалб қилиниши белгиланган. Беш йилда йирик сув иншооти ва магистрал қувурларга 4800 та “ақлли” ҳисоблагич, 2800 та телеметрия тизими ўрнатиш кўзда тутилган. Бу яқин келажакда йўқотишларни камайтириш ва ресурслардан самарали фойдаланишга имкон беради.
Албатта, бу каби рақамлар инсон ҳаётидаги энг муҳим эҳтиёж — тоза ичимлик сув билан аҳолини таъминлаш келгуси йилларда сезиларли даражада ошишидан дарак беради. Аммо масаланинг яна бир муҳим жиҳати, экологик таълим ва аҳоли ўртасида маърифат ишларини ҳам кенг йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Тўғри, мактаблар ва олий ўқув юртларида сувни тежаш, ундан мақсадли фойдаланиш бўйича дарслар киритилган. Аҳоли ўртасида кам сув сарфлайдиган ускуналарни қўллаш борасида субсидиялар ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Шунга қарамай, ҳар куни сарфланаётган сув кўлами, айниқса, беҳуда оқиб кетаётган сув миқдори шунчалар каттаки, уни кичик рақамларда ифодалаб бўлмайди. Оддийгина ўз вақтида тузатилмаган сув қурилмалари ёки катта миқдорда ер остидан отилиб чиқувчи сувни ёпиб қўйиш учун бурагичлар қўйилмаслиги ёхуд экинни нотўғри суғориш кабилар муаммо кўламини тобора кучайтириб юбормоқда.
Сув танқислиги нафақат иқтисодий, балки экологик ва ижтимоий жиҳатдан ҳам жиддий оқибатларга олиб келаётир. Қорақалпоғистон ва Хоразмда Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик фалокат иқлимнинг исиб бориши, ерлар шўрланиши ва биохилма-хилликнинг йўқолишига сабаб бўлди. Бу, ўз навбатида, аҳоли саломатлиги, ҳосилдорлик ва яшаш шароитига катта таъсир кўрсатмоқда.
Мутахассислар фикрича, сув манбаларининг қуриши ҳайвон ва ўсимликлар ҳаёт тарзига салбий таъсир қилади. Сирдарё ва Амударё ҳавзаларидаги балиқлар популяцияси кескин камайган, чўлланиш жараёнлари эса янги ҳудудларни қамраб олмоқда.
Ўзбекистонда ичимлик сув муаммосини самарали ҳал этиш учун комплекс ёндашув зарур. Бунинг учун техник, ташкилий, ҳуқуқий ва таълим соҳаларида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиши керак.
Аввало, сув таъминоти инфратузилмасини янгилаш ва модернизация қилишга катта эътибор қаратиш лозим. Эски ва самарасиз тармоқларни замонавий, изоляцияланган қувурлар билан алмаштириш, томчилатиб суғориш ва қайта ишлаш тизимларини жорий қилиш талаб этилади.
Иккинчидан, аҳолини сувни тежашга ўргатиш ва бу бўйича кенг қамровли тарғибот қилиш зарур. Олий ва ўрта таълим муассасаларида сув ресурсларини муҳофаза қилиш мавзусини мажбурий фан сифатида киритиш, оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот ишларини кучайтириш керак.
Учинчидан, сув ресурсларини бошқаришда рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш лозим. Геоахборот тизимлари, сенсорли мониторинг, автоматлаштирилган ҳисоблагичлар орқали сувдан самарали фойдаланишга эришиш мумкин.
Ичимлик сув муаммоси Ўзбекистон учун нафақат экологик, балки ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий аҳамиятга эга долзарб масаладир. Мавжуд ресурслардан тежаб фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш, иқтисодий механизмларни ишга тушириш ва аҳолини хабардор қилиш муаммони ҳал этишда асосий омиллар ҳисобланади.
Дунё тажрибаси кўрсатмоқдаки, сув танқислигига қарши курашда давлат, жамият ва хусусий сектор ҳамкорлиги, изчил ислоҳотлар ва инновацион ёндашувлар асосий роль ўйнайди. Мамлакатимизда ушбу йўналишдаги ҳаракатлар кучайтирилмоқда ва бу жараёнда илғор амалиётларни татбиқ қилиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Ичимлик сувининг бир томчиси оддий табиий ресурс эмас, балки инсон ҳаёти, болалар саломатлиги, она юртнинг келажаги билан чамбарчас боғланган қадриятдир. Агар бугун сувнинг қадрини билмасак, эртага ҳар бир кунимиз омонат бўлиб қолиши мумкин.
Сув кетяпти. Биз-чи? Биз сукутда яшайверишни танлаймизми? Ёки ҳар биримиз — фуқаро, амалдор, оила, ёшлар — ўз зиммамиздаги масъулиятни англаб, сув учун жавобгарликни ҳис қила бошлаймизми?
Томчида ҳаёт яшайди. Уни сақлаш фақат давлатнинг эмас, балки ҳар биримизнинг бурчимиздир. Чунки эртага фарзандларимиз сув эмас, ҳаётни излашга мажбур бўлиб қолмаслиги учун бугун ҳаракат қилишимиз керак.
Абу Бакир ЎРОЗОВ,
журналист