Бугунги кунда кўпгина йирик халқаро ташкилотлар ўз бизнесини амалга оширишда ташқаридан ишчи кучи жалб этяпти. Айниқса, пандемия даврида қатор мамлакатлар масофадан ишлаш ва у орқали мўмайгина даромад топишни йўлга қўйди.
Жаҳоннинг етакчи компаниялари ҳам ўз ходимлари масофадан ишлашига шароит яратиб берди. Бу икки томон учун ҳам қулай: бир томондан, компания сарф-харажатларини камайтириш ва иш самарадорлигини оширишга эришилса, бошқа томондан, мутахассис учун дунёнинг исталган бурчагидан туриб ўз хизматларини таклиф қилиш имконияти пайдо бўлди. Илмий тилда ушбу жараён BPO дейилади.
Ҳозирги давр мутахассисига қаердан туриб ишлашнинг аҳамияти йўқ. Муҳими, ўз соҳасининг етук мутахассиси ва яхши интернет алоқаси билан таъминланган бўлса бас.
Пандемия ижтимоий ҳаётнинг айрим жабҳаларига олиб кирган ўзгаришлар эса, узоқ вақт сақланиб қолиши ёки янгича ижтимоий муносабатларни қарор топтириши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Уйдан ишлаш аллақачон глобал трендга айланиб улгурди. Келаси 5-10 йил ичида кўпчилик ходимларини уйдан ишлашга ўтказишни режалаштирган айрим ташкилотлар коронавирус бу жараённи тезлаштириб юборганини қайд этган.
Келинг, ҳозирги кунда юртимизда ҳам асосий трендга айланиб бораётган ва муҳими, масофа танламайдиган касблар ҳақида фикрлашамиз.
Бизнес жараёнлари аутсорсинги ўзи нима?
Бизнес жараёнлари аутсорсинги (BPO) — бу бизнес амалиёти бўлиб, унда ташкилот муҳим бизнес вазифасини бажариш учун ташқи хизмат кўрсатувчи провайдер билан шартнома тузади.
Ташкилотлар ишнинг иккита асосий йўналиши бўйича бизнес-жараёнлари аутсорсинги билан шуғулланади: бек-офис ва фронт-офис. Баъзан ички бизнес функциялари деб аталадиган бек-офис функциялари бухгалтерия ҳисоби, ахборот технологиялари (IT) хизматлари, инсон ресурслари (ҳуман ресоурcес), сифатни таъминлаш ва тўловларни қайта ишлашни ўз ичига олади. Фронт-офис функцияларига мижозлар билан алоқа хизматлари, маркетинг ва сотиш киради.
Одатда, аутсорсинг жараёнлари бухгалтерия ҳисоби, бошқарув, мижозларга хизмат кўрсатиш ва қўнғироқ марказлари, инсон ресурслари, IT бошқаруви ва хизматлари, ишлаб чиқариш, маркетинг, тадқиқот, сотиш, юк ташиш ва логистикани қамраб олади.
BPO бир қатор афзалликларга эга. Молиявий имтиёзлар, бизнес жараёнини арзонроқ харажат билан амалга ошириш ёки компания пулини б ошқа йўллар билан солиқдан тежаш, мослашувчанлик шулар жумласидан.
BPO шартномалари компанияларга ўзгарувчан бозор динамикасига янада чаққонроқ муносабатда бўлиш имконини берувчи аутсорсинг бизнес жараёнини таклиф этади. Масалан, юқори сифат ва яхши ишлаш. Бизнес жараёнлари уларнинг асосий бизнеси бўлганлиги сабабли, BPO провайдерлари ишни юқори аниқлик, самарадорлик ва тезлик билан якунлаш учун барча имкониятларни ишга солади.
BPO провайдерлари ўзлари ихтисослашган соҳаларда содир бўлаётган ютуқлар ҳақида кўпроқ билади. Бу уларнинг иш тезлиги, нархи ёки сифатини ошириши мумкин бўлган автоматлаштириш каби янги технологияларга сармоя киритиш эҳтимоли кўпроқ эканлигини англатади.
Бу борада Ўзбекистоннинг имкониятлари қандай? Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологияларини давлат бошқаруви ва давлат хизматлари кўрсатишнинг барча соҳаларига жорий этиш, ахборот хизматларини илгари суриш, “электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш ва амалга ошириш, халқ билан мулоқот қилиш ва аҳолининг кундалик муаммоларини ўз вақтида ҳал қилишнинг самарали механизмларини яратиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Президентимизнинг 2017 йил 30 июндаги “Республикада ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шарт-шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар ривожида муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтаётир.
Фармонга мувофиқ, бутун республика бўйлаб Технопарк резидентлари ташкил этилмоқда. Технопарк резидентлари 2028 йил 1 январгача барча турдаги солиқларни тўлашдан озод қилинди. Бу эса хорижий ҳамкорларни юртимизга кенг жалб қилиш учун катта имконият яратди.
Ушбу йўналишда ойига қанча даромад топиш мумкин?
Масалан, етакчи компанияларга масофадан хизмат кўрсатиб, бошқарувчи сифатида 4 минг доллар, менежер лавозимида 2 минг доллар, дастурчи сифатида мингдан 4 минг долларгача, оддийгина диспетчер бўлиб эса 300 доллардан ортиқ даромад топиш мумкин. 17 ёшдан ошган, ушбу касб сир-асрорларини ўрганишга астойдил киришган ҳар қандай одам соҳада ўзини бемалол синаб кўриши мумкин. Бунда олий маълумотли бўлиш ҳам шарт эмас. Муҳими, ўз соҳасининг мутахассиси бўлиш, хорижий тиллардан бирини билиш (инглиз, рус ёки корейс тили) ҳамда сифатли интернет алоқа билан таъминланган бўлиши шарт.
Бу борада IT парк ҳам Ўзбекистон ахборот технологиялари соҳаси локомотиви сифатида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида бир йил олдин маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан тақдим қилинаётган иш ўринларининг энг йирик базасини ишга туширгани эътиборга молик. Ушбу йирик платформа мамлакатимиз мутахассисларига лойиҳалар устида ишлаш, буюртмалар қабул қилиш, умуман, ахборот технологиялари соҳасида карьера қуриш учун ўзига хос кўприк вазифасини ўтамоқда.
Юртимизда энг оммалашган йўналишлардан бири юк ташиш (логистика) соҳаси ҳисобланади. Мамлакатимизда асосан АҚШнинг логистика компаниялари ўз филиалларини ташкил этиши сўнгги вақтларда сезиларли даражада кўпайди. Логистика хизматларини кўрсатиш соҳасида ишлаётган Ўзбекистон ёшлари ойига ўртача 1000-1500 доллар ва баъзи ҳолларда ундан ҳам кўпроқ маош олади.
Хўш, ушбу соҳа даромадли экан, унда ўз ўрнимни топиш учун нима қилишим керак, деган савол туғилиши табиий, албатта. Бундай ҳолатда “BPO School” мактабларига мурожаат қилиш лозим.
“BPO School” IT парк ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилаётган ихтисослаштирилган таълим муассасалари бўлиб, у ерда ёшларимиз аутсорсинг (ташқи хизмат кўрсатиш) соҳасида ишлашни ўрганиши мумкин. Айни пайтда бундай марказлар юртимизнинг Тошкент, Жиззах, Фарғона, Гулистон ва Мўйноқ шаҳарларида фаол ият юритмоқда. Тез орада Хоразм, Наманган ва А ндижон вилоятларида ҳам бу каби марказлар фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Таълимдан кейинги имкониятлар қандай?
Таълим жараёни 2 ҳафтадан 1 ойгача давом этади. Ушбу вақт давомида талабалар ф аолият доирасида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлади. Эътиборли жиҳати, “BPO School” таълим маркази битирувчилари учун халқаро компанияларда амалиёт ўташ ва ишга жойлашиш имконияти мавжуд.
Марказда ўқиш учун айрим талаблар бор. Яъни ёшингиз 17 ва ундан юқори бўлиши, инглиз, корейс, рус тилларидан бирини билишингиз, келажакда буюртмачилар билан уларнинг вақт режимига қараб ишлашга тайёр туришингиз лозим.
Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи давлатлардан бири ҳисобланади. Иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида бир неча йил аввал бошланган таркибий ислоҳотлар давом этмоқда. Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнесни юритиш — 2020” ҳисоботида Ўзбекистон амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва самарадорлиги бўйича дунёдаги энг яхши 20 та ислоҳотчи давлат қаторига кирди.
“Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси яқин йилларда мамлакат иқтисодиётининг барча тармоқларида, жумладан, вертикал тузилмалар ҳамда давлат бошқарувида 280 дан ортиқ IT лойиҳаларни жорий этишни назарда тутади.
Мамлакатда стартап лойиҳаларни молиялаштириш учун 12 та венчур фонд ишга туширилди, 40 дан ортиқ стартап хорижий и нвестор ва маблағлар ҳисобидан 80 миллион доллардан ортиқ маблағ жалб этилди. Республикада хорижий капитал иштирокидаги корхоналар сони 11 мингтага етди.
Хорижий мутахассислар учун ҳам Ўзбекистонда катта имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг IT парк резиденти хорижий IT компаниялар ва IT мутахассисларни Тошкентга жалб этиш, жумладан, уларни оилалари билан кўчириш бўйича махсус дастурни ишга туширди. Унга кўра, эндиликда дастур ёрдамида IT мутахассис виза билан таъминлаш (агар керак бўлса), аэропорт трансферлари ва транспорт, давлат ва хусусий компаниялар билан учрашувлар ташкил этиш, барча қулайликларга эга бўлган уй-жой танлаш, йирик IТ компанияларда ишга жойлашишда ёрдам бериш ёки истиқболли IТ лойиҳаларда иштирок этиш учун таклифнома каби кўпгина имкониятларга эга бўлади.
IT мутахассислар учун қандай имтиёзлар бор?
Ўзбекистонда 2028 йилгача IT компанияларга катта солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этилди. Жумладан, барча турдаги солиқлардан тўлиқ озод қилинди. Шунингдек, ходимлардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 7,5 фоизгача пасайтирилди, ускуна ва дастурий таъминотни олиб киришда божхона тўловларидан тўлиқ озод қилинди ҳамда валюта ўтказмалари билан боғлиқ чекловлар бутунлай олиб ташланди.
Мамлакатнинг барча ҳудудларида 205 та IT га ихтисослаштирилган таълим муассасалари ташкил этилди. Республикада 1 миллиондан ортиқ талабаларни бирлаштирган “Бир мил лион ўзбек дастурчилари” лойиҳаси иш бошлади. Ҳозирга қадар 500 дан ортиқ IT компаниялар IT парк резидентлари ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил декабрь ойида Корея Республикасига ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири АКТ соҳаси этиб белгиланган эди.
Айни вақтга келиб, IT парк резидентлари экспорти (46 миллион доллар)нинг 83 фоизи АҚШ бозорига тўғри келади. Чет тилини билиш орқали BPO бўйича юқори маош олиш имконияти ошиб бормоқда. Шунинг учун ҳам Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан BPO марказларини кўпайтириш устида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Абдулаҳад ҚЎЧҚОРОВ,
“Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси”
МЧЖ (IT-Парк) директори ўринбосари