Бугун Тошкент тиббиёт академияси профессор- ўқитувчилари ва талаба ёшлари ҳам эрта тонгдан Адиблар хиёбонида жам бўлишиб, Алишер Навоий сиймосини ёдга олдилар. Буюк шоир ғазал ва рубоийлари, фалсафий қарашлари куй, қўшиқ ва саҳна кўринишлари воситасида намойиш этилди.
Чинакам байрам тусини олган тадбирда Алишер Навоий ижодий меросининг тиббиёт билан боғлиқ жиҳатларига алоҳида урғу берилди.
— Бугун ёшларимизнинг Навоий ижодига бўлган муносабати ва қизиқишини кўриб ҳавас қилдим, — дейди Тошкент тиббиёт академияси ректори Алишер Шадманов. — Зулфияхоним ҳайкали олдида жам бўлган бўлажак шифокорлар мутафаккир шоир ижодига мансуб асарларни зўр ишиёқ ва маҳорат билан ижро этишди. Бу эса бугунги ёшлар аждодларимиз маънавий меросига бефарқ эмаслигидан далолат беради.
Алишер Навоий фаолияти ва асарларида тан ва руҳ соғлиги билан боғлиқ жиҳаталар кўп учрайди. Буюк шоир гарчи тиббиёт борасида алоҳида асар ёзмаган бўлса-да бу соҳадан яхши хабардор эканлигини англаш қийин эмас.
Навоий аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ишларига бош-қош бўлган. 20 жойда ҳовуз қаздирган, атрофини мустаҳкамлаб, чиройли кўринишга келтирган.
Талаба ёшлар маҳорат билан ижро этган саҳна кўринишларида Навоийнинг бунёдкорлик ишлари ҳам яққол намоён бўлди.
Алишер Навоий сўз мулкининг султони, қалбларнинг табиби ва дармони, садоқатли дастёри эканлигини
Сўз гуҳарига эрур онча шараф,
Ким бўла олмас анга гавҳар садаф.
Тўрт садаф гавҳарининг дуржи ул,
Етти фалак ахтарининг буржи ул…
деган, машхур сатрларидан ҳам англаш мумкин.
Тошкент тиббиёт академияси матбуот котиби