Онлайн тарзда ўтказилган халқаро учрашувда дунёнинг 165 та давлатидан 400 га яқин аъзо давлат ва нодавлат ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари, йирик жамғармалар вакиллари иштирок этди.
Глобал тупроқ ҳамкорлигига бағишланган йиғилишда ФАО ва GSP ташкилотларининг мамлакатимиздаги расмий аъзоси, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри қўмитаси тузилмасига кирувчи “Тупроқсифаттаҳлил” давлат унитар корхонаси мутахассислари ҳам фаол қатнашди.
Бир неча кун давом этган халқаро учрашувда тупроқнинг органик углероди, тупроқ ифлосланиши, эрозияси ва биологик хилма-хиллиги, шўрланган тупроқлар мавзуларида глобал симпозиумларни ўтказиш, ўғитлардан фойдаланишда халқаро меъёр кодекси, тупроқни барқарор бошқаришни баҳолаш протоколи, глобал тупроқ лаборотория тармоқларини ривожлантириш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Пленарияда SoilEX онлайн маълумотлар базаси тақдимоти ҳам ўтказилди.
– SoilEX онлайн воситаси тупроқни ҳимоя қилиш, сақлаш ва қайта тиклаш бўйича миллий қонунчилик, амалдаги қонуний ҳужжатлар тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланишни осонлаштириш ва турли томонлар ўртасидаги бўшлиқни бартараф этиш мақсадида яратилмоқда, – деди GSP котибияти вакиллари Ҳуго Борҳуис ва Наталия Родригес. – Ушбу халқаро онлайн платформа тупроқнинг миллий воситаларини излаш, тупроқни бошқариш ва ҳимоя қилиш билан боғлиқ турли ҳуқуқий соҳаларни тушуниш, шунингдек, давлатлар ва минтақалар ўртасида тупроқшунослик соҳасида тажриба алмашишга ёрдам беради.
Учрашув якунида халқаро ташкилотлар азолари ўртасида келгусида бажариладиган ишлар юзасидан келишув ва режалар белгиланди. Хусусан, йиғилиш иштирокчилари 2021 йилнинг октабрь ойига режалаштирилган Европа ва Евроосиё тупроқ лабораториялари тармоғининг иккинчи учрашуви Тошкентда ўтказилишини бир овоздан маъқуллади. Халқаро учрашувга “Тупроқсифаттаҳлил” ДУК мезбонлик қилади.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири