Жорий йил 21-23 апрель кунлари пойтахтимиздаги «Universal Horses Stableң мажмуасида конкур бўйича анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган Жаҳон кубогининг Евросиё лигаси босқичи, 27-30 апрель кунлари эса Евросиё лигасининг Миллатлар кубоги ҳамда «Maxsima Masters» Гран-при турнири бўлиб ўтади.

Миллий  Олимпия қўмитаси маълумотига кўра, 17 апрель куни мазкур мусобақада иштирок этадиган спорт отлари Франкфурт-Тошкент йўналиши бўйича махсус рейсда пойтахтимизга олиб келинди.

Тулпорлар Тошкент халқаро аэропортидан белгиланган тартибда базага жўнатилди.

Отлар бир неча кунлик тикланиш жараёни, санитар кўриклардан сўнг машғулотларга қўйилади.

Евросиё лигаси босқичиларининг якунида келаси йил бўлиб ўтадиган Жаҳон кубогининг финал босқичи иштирокчиси аниқлаб олинади.

Мазкур нуфузли мусобақага Евросиё лигасига кирувчи 11 мамлакатдан ташриф буюрадиган чавандозлар, шунингдек, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерациясининг таклифига биноан Швеция, Германия, Франция, Италия, Нидерландия, Польша, Хитой, Япония, Оман, Қатар, Эрон, Ҳиндистон каби 20 мамлакатдан меҳмонлар келиши кутилмоқда.