Шаҳар ҳокими ўринбосари Ф. Давруков ва ҳокимлик масъуллари иштирок этган тадбирда хорижлик тадбиркорнинг пойтахтимизда бизнес юритишга мўлжалланган бир қатор лойиҳалари муҳокама қилинди.

Ҳиндистонлик меҳмон Тошкентда жаҳон андозалари талабларига жавоб берадиган корхона, хусусан, заргарлик заводи қуриш режасини билдирди, шунингдек, бошқа бир неча лойиҳаларни ҳам тақдим этди. Хорижлик инвесторга пойтахтимизда корхона бунёд этиш тартиб-қоидалари, талаблари тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, корхона қурилиши учун ер олиш, ундан фойдаланиш тартиблари ҳам тушунтирилди.

Бундан ташқари, Мир Носир Али Хон шифохона ва мактаб қуриш лойиҳалари билан ҳам ўртоқлашиб, бу борадаги шарт-шароитлар билан қизиқди.

Чет эллик тадбиркорга ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирилиб, барча лойиҳалар биргаликда кўриб чиқилиши таъкидланди.

Музокоралар якунида хорижлик меҳмон Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини Ҳиндистонда тарғиб қилишга тайёр эканлигини билдирди.