Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳрида ЮНЕСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференциясини юксак савияда ташкил этиш ва ўтказиш ҳақида»ги фармойишида маълум қилинган.
Ҳужжатда қайд этилишича, II Бутунжаҳон конференциясини ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Мактабгача таълим вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги томонидан илгари сурилган.
Ҳукумат фармойишига биноан, ЮНЕСКОнинг эрта ёшдаги болаларни тарбиялаш ва таълим бериш бўйича II Бутунжаҳон конференциясини ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тасдиқланди.
Қўмитага Бутунжаҳон конференциясини ўтказиш юзасидан чора-тадбирлар дастури ва харажатлар сметасини тасдиқлаш, зарур ҳолларда унга ўзгартиришлар киритиш ваколати берилди.
Мактабгача таълим вазирлиги Бутунжаҳон конференциясини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича ишчи орган ҳамда буюртмачи этиб белгиланди.
Ҳужжатга кўра, Бутунжаҳон конференциясига тайёргарлик кўриш ва уни юқори даражада ўтказиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ходимларининг ЮНЕСКО Бош офисига хизмат сафарлари ташкил этилади.
Фармойишга биноан, Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчихоналари ва консуллик муассасалари томонидан анжуманнинг хорижий иштирокчилари учун мамлакатимизда кириш визалари, истисно тариқасида, консуллик ҳамда бошқа йиғимлар ундирилмасдан белгиланган тартибда расмийлаштирилиши таъминланади.