Хусусан, вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказига келтирилган энг замонавий ускуналар бу ерга нажот истаб келаётган беморларнинг жонига оро кирмоқда.

Пискентлик Мавжуда Қурбоновага “ўнг буйракнинг иккиламчи бужмайиши, функцияси йўқ ўнг буйрак” ташхиси қўйилган эди. Вилоятда илк бор видеоартроскоп ва видеолапароскоп ускунаси қўлланилиб, М. Қурбонованинг “Ўнг томонлама лапароскопик нефрэктомия” жарроҳлиги муваффақиятли ўтказилди.

Жарроҳлик Республика ихтисослаштирилган урология илмий амалий тиббиёт маркази мутахассиси Шожасур Имомов ҳамда тиббиёт маркази уролог шифокори Абдувоҳид Султонов билан бирга амалга оширилди.

90 дақиқа давом этган жарроҳлик амалиёти давомида қон кетиш минимал даражада бўлди. Бундай натижага ультратовушли скальпелдан самарали фойдаланиш эвазига эришилди.

Бу каби мураккаб жарроҳлик жараёнида соҳанинг малакали мутахассислари ўз таж­риба ва маҳоратларини намоён эта олдилар, деб хабар беради Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.