Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Қуйи Чирчиқ туманида Қуёнчилик комплексида кооперация фаолиятини кенгайтириш, мазкур соҳада аҳоли ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда фуқароларни доимий даромад манбаига эга бўлишига, шунингдек, вилоят аҳолисининг қуён гўштига бўлган талабини қондиришга қаратилган янги лойиҳага қўл урилди.
Яъни, Италия технологиялари асосида қуён зотлари, қуён авлодларининг тақдим этилган генетик кодидан унинг гўштини ишлаб чиқариш ва сотиш билан шуғулланадиган МДҲ давлатлари орасида энг йирик мазкур кластер, эндиликда, вилоятда тадбиркорлик қилиш истагини билдирган фуқароларга қуёнларни сақлаш учун 50 бош қуёнга мўлжалланган қафаслар жамланмаси ҳамда 4 ойлик озуқаси билан 20 бош қуён ва 10 бош эркак қуёнларни етказиш мажбуриятини олган ҳолда берилади.
Бундан ташқари, “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида 3 йил муддатга 6 ой имтиёзли давр билан 33 миллион сўмгача ҳоким ёрдамчилари кўмагида кредит маблағлари ажратиш йўлга қўйиляпти.
Корхона томонидан кооперация усулида тадбиркорликни бошлаган фуқаролар 1 йилда 30 бош қуёндан 1000 бош қуён олиш имконияти мавжудлиги, энг муҳими 3,5 кг тирик вазндаги етиштирилган қуён гўштини кластернинг ўзи қайта сотиб олиш таклифлари ҳам маъқулланди.
Ҳозирда “Моя мечта” қуёнчилик кластери иштирокида ҳудудларда шаҳар ва туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари, камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари, тижорат банклари ходимлари ҳамда ҳоким ёрдамчилари иштирокида 18—20 апрель кунлари "Қуёнчиликни ривожлантириш" бўйича ўқув-семинарлари ташкил этилган.
Келгусида, қуён боқиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиб, қуён боқиш истагида бўлган хонадонлар ҳоким ёрдамчилари кўмагида тижорат банкларидан кредит олиши йўлга қўйилади.