Улкан кўринишга эга бўлган китобни кўриш ва уларнинг ўқувчилар онгига таъсирини билиш мақсадида мазкур мактабга ташриф буюрдик.

– Мактаб деганда ҳар қандай инсоннинг кўз олдига энг аввало китоб келади,– дейди мактаб директори Манзура Баротова. – Ушбу даргоҳдаги ҳар бир ўқувчи, ўқитувчи синф хонасига кириб борар экан, илм маёғининг нурини ҳис этса, китобнинг рамзий кўринишини яратсак, деган ниятни кўнглимга тугиб юргандим. Мақсадимни эшитган ҳомийлар бажонидил кўмак беришга рози бўлишди.

Ушбу рамзий китоб бизнинг саҳнамизга айланди, десам тўғрироқ бўлади. Барча тадбирларимизни мана шу монумент атрофида ўтказяпмиз. 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан куни кеча мактабимизда кўп йиллар ишлаб, нафақага чиққан ўқитувчиларни таклиф этиб, тадбир уюштирдик. Ўқувчиларимиз Жалолиддин Мангуберди ҳаётига бағишланган саҳна кўринишларидан парчалар қўйиб беришди. Ушбу ташаббус жамоамизни янада ҳамжиҳатликка ундади.

Натижа ишга берилган баҳо, деб бежиз айтишмаган донишмандларимиз. Ҳозир баҳона излаб, важ-карсон кўрсатадиган давр эмас. Ҳар бир дақиқани ғанимат билган инсонга ғояларини амалга ошириш учун барча имкониятлар етарли. Мазкур мактабда меҳнат қилаётган ўқитувчиларга, айниқса, раҳбарлар ҳар соҳада ибрат бўлишмоқда. Ўқитувчиларнинг таъкидлашича, ўтган йилги карантин пайтида ҳам улар ҳар куни мактабга келиб, ҳовлига гуллар экишган, тозалаб, супуриб-сидиришган. Бугун ана ўша меҳнатларнинг самараси яққол кўриниб турибди. Мактаб ҳовлисига кирган инсоннинг атрофдаги анвойи гуллар тароватидан дили яйрайди.

– Мактабимиз ҳовлисида китобдан ташқари кийикнинг ҳам экспонати бор, – дейди 10-синф ўқувчиси Дилшод Файзуллаев. – Кийик табиатнинг энг нозик жонзоти. Кейинги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали айрим тенгдошларимиз томонидан жонзотларни қийнаб, азоб бериб, уларни ногирон қилиб қўйган ҳолатлар акс этган видеороликлар тез-тез тарқаладиган бўлиб қолди. Жонзотларга нисбатан шафқатсизлик инсониятнинг энг тубан ҳолатга тушишидан далолат. Бундай экспонатлар орқали биз каби ёшлар қалбида табиатга меҳр-муҳаббат, жонзотларга эътибор кўрсатиш туйғулари шаклланади.

Ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, яхши инсон бўлиб етишиши йўлида тинмай меҳнат қилаётган, изланиш олиб бораётган устоз-мураббийлар сони кўпаяверсин.