Бу ҳақда "Toshket-Aero" ихтисослаштирилган божхона комплекси ахборот хизмати хабар берди.
Шу йилнинг 24 август куни соат тунги 02:40 ларда "Ислом Каримов" номидаги Тошкент халқаро аэропорти чегара-божхона пости ходимлари томонидан "Дубай-Тошкент" йўналиши бўйича учиб келган Ўзбекистон Республикаси фуқароси тегишли тартибда текширилди.
Текширувлар натижасида унга тегишли бўлган қўл сумкаси ичидан божхона назоратига белгиланган тартибда тақдим этилмаган, декларацияланмаган, жисмоний шахслар томонидан олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, қиймати 1 млрд 540 млн 260 минг сўмлик 1 дона сариқ рангли металлдан ясалган, оқ рангли тошлар билан безатилган "Patek Philippe Geneve" ёзувли қўл соати борлиги аниқланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Жисмоний шахсларга оғирлиги 200 граммгача бўлган кумушдан ҳамда 65 граммгача бўлган олтин ва бошқа қимматбаҳо металлардан ясалган тайёр заргарлик буюмларини йўловчи божхона декларациясини тўлдирмасдан, ушбу миқдорлардан ортиқ бўлганларини йўловчи божхона декларацияси асосида Ўзбекистон божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишга рухсат берилади.
Маълумотларга кўра, мазкур тартибни бузган фуқаро Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 227 19-моддаси билан жавобгарликка тортилади.