Шаҳар прокуратураси соғлиқни сақлаш тизимини назорат қилиш бўйича ҳисобот тақдим этди.

Халқ депутатлари шаҳар Кенгашида Тошкент шаҳар прокурори вазифасини бажарувчи А.Урмановнинг қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ишларнинг 2025 йилдаги ҳолати тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Хусусан, соғлиқни сақлаш тизими, айниқса, репродуктив саломатликни таъминлаш соҳасидаги ҳолат назоратга олинди.

Хусусан, ўтган йили пойтахтда 254 та болалар ўлими ва 7 та оналар ўлими қайд этилиб, уларнинг ҳар бири тиббий кенгашда кўриб чиқилган. 57 нафар тиббиёт ходимига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Барча ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказилиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланди.

Шунингдек, вояга етмаганларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича ишлар олиб борилди.

Хусусан, Меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг уй-жой билан таъминланганлиги таҳлил қилинди. Натижада 2025 йилда 91 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар уй-жой билан таъминланди.

Пойтахтимиздаги умумтаълим мактабларида вояга етмаганлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 14 минг 890 та тадбир ўтказилиб, 14 минг 798 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди.