IT соҳасида фаолият юритувчи мутахассисларининг хориждаги ҳамкасблари билан ўзаро ҳамкорлк алоқаларини ўрнатиш ва тажриба алмашиш муҳитини шакллантириш мақсадида ташкил этилган фестивалнинг дастлабки куни онлайн шаклда бўлиб ўтди. Унда  халқаро экспертларнинг Android 12, Flutter, Back-end, Web va App UX, FAANG ва Googleга қандай қилиб ишга кириш мумкинлиги ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. Жумладан, Google компаниясида ишлаётган ҳамюртимиз Нодир Назаров онлайн тадбирда ўз тақдимоти билан қатнашди ва қандай қилиб халқаро компанияга ишга кириш мумкинлиги ва Googleда ишлашнинг афзалликлари тўғрисида сўзлаб берди.

“Янги Ўзбекистон” университетида давом этган фестивалнинг оффлайн қисмида IT соҳасидаги кўплаб халқаро мутахассисларнинг мавзу юзасидан мулоҳаза ва таклифлари тингланди. Иштирокчилар тадбир таассуротлари билан ўртоқлашди:

Дилмурод Олимжонов, GDG Tashkent фестивали ташкилотчиси:

— GDG (Google Developer Groups) фестивали бутун дунё бўйлаб ўтказилиб келинади ва бу йил юртимизда ушбу фестивал гибрид шаклда, яъни онлайн ва оффлайн тарзда бўлиб ўтди. Фестивалнинг онлайн қисмида 4000дан ортиқ дастурчилар қамраб олинди. Унда Google компаниясида ишлайдиган халқаро экспертлар билан IT соҳасидаги сўнгги технологиялар бўйича суҳбатлашдик. Тадбирнинг оффлайн қисмига юртимиздаги 1200дан ортиқ дастурчилар, йирик IТ компаниялар вакиллари, олий таълим муассаса талабалари қизиқиш билдирди.

Кун давомида турли тақдимотлар, workshopларда иштирок этиш имконияти яратилди. Ўйлаймизки, ушбу тадбиримиз барча  IT соҳаси вакиллари учун жуда самарали бўлади.

Нуриддин Иминохунов, фестивал ташкилотчиси:

— GDG Tashkent фестивали 2018-йилдан буён ўтказилиб келинмоқда. Мазкур тадбир ҳар йили Марказий Осиёдаги энг катта дастурчилар фестивали, деб эътироф этилади. Жорий йилги фестивал орқали кўплаб халқаро ва маҳаллий экспертлар ҳамда ёш дастурчиларни қамраб олишга эришдик.

GDG Tashkent фестивалидан кўзланган асосий мақсад биргаликда ўрганиш, ўсиш ва тажриба алмашиш ҳисобланади. Биз шу орқали дастурчиларни бирлаштириб, маҳаллий IT ҳамжамиятини Марказий Осиё минтақаси давлатлари билан боғлайдиган ўзига хос кўприкка айлантиришга ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилганмиз.

Таъкидлаб ўтиш лозим, бундай тадбирлар ёш дастурчилар учун ўзига хос мотивация ҳисобланади. Бу ерда 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида энг олди жамоаларда фаолият олиб бораётган IT мутахассислари иштирок этмоқда. Уларнинг фикри, маслаҳатлари ҳамда тажрибаси IТ соҳасига энди қадам қўяётган дастурчиларни руҳлантиришига аминман.