Бу IUCNнинг Марказий Осиёдаги биринчи офиси ҳисобланади.

Очилиш маросимида IUCN бош директори Гретел Агилар, Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, Марказий Осиё давлатлари экология вазирлари, халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳаллий ва халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Маълумот учун, БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси (COP28) доирасида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Гретел Агилар билан учрашув ўтказган. Учрашувда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш билан бирга Тошкентда IUCN бош офисини очиш масаласи ҳам муҳокама қилинганди.

Тадбирда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Халқаро Табиатни Муҳофаза қилиш Иттифоқи (IUCN) билан ҳамкорликни кенгайтиргани ва минтақа экологиясини муҳофаза қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиргани таъкидланди. Шунингдек, IUCN нинг Ўзбекистондаги офиси очилиши узоқ ва самарали ҳамкорлик кафолати эканлиги қайд этилди, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2021 йилда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқига аъзо бўлган. IUCN дунёдаги энг қадимги ва нуфузли табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти бўлиб, ҳукумат ва фуқаролик жамияти ташкилотларидан иборат. У БМТ Бош Ассамблеясида кузатувчи мақомига эга ва бутун дунё бўйлаб 1400 дан ортиқ аъзо ташкилотлар ва 15 000 дан ортиқ экспертларнинг тажрибаси, ресурслари ва имкониятларидан фойдаланади.