Кенгашнинг асосий мақсади ҳаракатларни бирлаштириб, ҳамкорликни кенгайтириш ва янги механизмларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишдан иборат.
Форумда иштирок этиш учун Арманистон, Беларус, Грузия, Озарбайжон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон давлатлари киностудиялари раҳбарлари таклиф этилган.
Мезбон томондан Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директори ушбу кенгаш 30 йил давомида тарқоқлашган МДҲ мамлакатлари киностудияларини бирлаштириш мақсад қилинганини билдирди:
— 30 йил давомида ушбу давлатлар киноси ўртасидаги ҳамкорлик сусайиб, тарқоқлашиб қолганди, — дея фикр билдирди Фирдавс Абдухолиқов. — Минскда бўлиб ўтган фестивалда ўзбек делегацияси МДҲ мамлакатлари киностудияларини бирлаштирадиган механизм ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиққан эди. Бундай бирлик бизга ижодий ва техник кўмак беради, тажриба алмашинуви жадаллашади, ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқарилади, имкониятларимизни кенгайтиради. Фақат зарурат туғилганидагина йиғилмасдан давомий механизмни ишлаб чиқишимиз зарур. Кенгашнинг мақоми ва шакли эса айнан Тошкентдаги йиғинда асосий муҳокама мавзуси бўлади.
Кенгаш доирасида студиялар вакилларининг B2B форматидаги учрашувлари, давра суҳбатлари ўтказилади, қўшма лойиҳалар, киностудиялар ва киноконцернлар фаолиятининг самарали моделлари муҳокама қилинади, шунингдек ҳамкорлик бўйича ягона йўл харитасининг лойиҳаси ишлаб чиқилади. Бундан ташқари ко-продукция бўйича питчинг лойиҳалари тақдим этилади. Шунингдек, директорлар кенгаши таркибига янги иштирокчилар қабул қилиниши маълум қилинган.
Кенгашда иштирокчилар ўз киностудияларининг режаларини тақдим этишади ва фаолият моделлари ҳақида ҳикоя қилишади. Тадбир доирасида Директорлар кенгаши негизида ташкил этилаётган янги уюшманинг расмий мақоми муҳокамаси ва танлови бўлиб ўтади.
Киностудиялар раҳбарлари «Олтин Ҳумо» кинотақдимоти ва «Дебют 21» ёш ижодкорлар танловида ҳам фахрий меҳмон сифатида иштирок этиши кўзда тутилган, деб хабар беради Кинематография агентлиги матбуот хизмати.