Бу ҳақда ЙҲХББ ахборот хизмати раҳбари Зоир Йўлдошев маълум қилди.
Хабарда айтилишча, воқеа 9 мартга ўтар кечаси Сергели туманида содир бўлган. Ҳайдовчи автомашинага ноқонуний равишда “мигалка” ўрнатиб, 210, 222 км/соат тезликда ҳаракатлангани акс этган видеоларни Instagram саҳифасига жойлаган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига қўйилди. Кейинчалик ҳужжатлар судга тақдим этилди.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди қарорига кўра, автомобилда бўлган икки йигитга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) асосида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Айбдорлардан бири ўз ҳаракати учун афсус билдириб, бошқаларни ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузмасликка чақирди.