Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев коронавирус пандемияси даврида озиқ – овқат таъминоти занжирларининг узилиши билан боғлиқ вазият кичик уй хўжаликларидан тортиб йирик қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат комплекслари ҳамда етказиб берувчи корхоналаргача бўлган барча даражадаги озиқ-овқат тизимларининг аҳамияти ва ўзаро боғлиқлигини яна бир бор кўрсатганини таъкидлади.
Тадбирда қишлоқ хўжалигини трансформациялаш шароитларида аҳолининг кенг қатламларини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Ушбу муаммонинг ечимларидан бири сифатида маҳсулот таннархи занжирида содир бўлаётган ўзгаришларни таҳлил қилувчи, жараёнлар ва маҳсулот таннархининг ишлаб чиқарувчилар, етказиб берувчилар ва истеъмолчиларга таъсирини ўлчайдиган, шунингдек нархлар ва бозорга етказиб бериладиган товарлар ҳажмларининг барқарорлигини таъминлаш бўйича тегишли тезкор чораларни кўришга имкон берувчи тизимларни жорий этишга қаратилган лойиҳаларга инвестицияларни кенгайтириш таклиф этилди.
Барқарор озиқ-овқат тизимларини шакллантириш мақсадида самарали инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун минтақа ҳукуматлари ҳамда халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлар даражасида ўзаро ҳамкорликни таъминлаш учун амалий чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.
Конференция доирасида, шунингдек, «Европа ва Марказий Осиё минтақасида барқарор озиқ-овқат тизимларини ўзгартиришни молиялаштиришнинг асосий манбаларини аниқлаш» ҳамда «Озиқ-овқат тизимини трансформациялашини тезлаштирувчи воситаси сифатида хусусий ва иқлимий молиялаштиришнинг роли» каби мавзуларни қамраб олган панель мунозаралари ўтказилди.
Тадбир якунида иштирокчилар Марказий Осиёда Озиқ-овқат тизимини жадал трансформациялаш тўғрисида Аҳдлашув декларациясини қабул қилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.