Унда Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Мудофаа вазирлиги спорт марказининг номдор спортчилари, Ўзбекистон ўқ отиш спорти федерацияси вакиллари ҳамда спорт фахрийлари иштирок этди.
Айни пайтда мамлакатимизда ўқ отиш спорти билан 3 700 нафарга яқин ўғил-қиз мунтазам шуғулланиб келяпти, шундан 800 нафарга яқини хотин-қизлардир. Уларга 136 нафар тренер ўқ отиш спорти сир-асрорларини ўргатиб келяпти. Ундан ташқари, юртимизда 122 та ТИРлар, яъни ўқ отиш мажмуалари ташкил қилинган.
Мамлакат терма жамоаси таркибига ўқ отиш спортидан 48 нафар спортчи таклиф этилган бўлса, шундан 10 нафари Мудофаа вазирлиги спорт маркази аъзолари саналади.
Шуни таъкидлаш керак, ҳамюртларимиз ўқ отиш спорти бўйича мунтазам тарзда қитъа ва жаҳон чемпионатлари, Осиё ва Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этиб келишяпти. Олимпия ўйинлари совриндори, Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Рустам Ямбулатов, Осиё ўйинлари ва жаҳон кубоги сингари нуфузли мусобақалар совриндори Дилшод Мухторов, Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган II ўсмирлар ёзги Олимпия ўйинлари ғолиби Владимир Свешников, Осиё ва жаҳон чемпионатлари совриндори Сервер Ибрагимов каби спортчиларни бугун Ўзбекистондан ташқарида ҳам яхши билишади.
Қувонарлиси, Рио-2016 Паралимпия ўйинлари кумуш медали совриндори Сервер Ибрагимов Токиода бўладиган Паралимпия ўйинлари йўлланмасини ҳам қўлга киритди.
Тадбирда сўзга чиққан Р.Эрматов спортчи учун энг аввало спорт инфратузилмаси ҳамда замонавий спорт инвентарлари, қолаверса малакали тренерлар кераклигини таъкидлаб, бу борада бугун фойдаланишга топширилган ўқ отиш спорти ўқув-машғулотлар базасида яратилган шароитлар ва мавжуд ўқ отиш қуроллари халқаро талабларга жавоб бериши ҳақида фикр билдирар экан, тез орада ушбу спорт тури ривожида ўз самараларини беришини таъкидлади, деб хабар беради Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати.