Жумладан, Тошкентнинг янги аэропортини «Тошкент-Шимолий» вокзали билан темирйўл орқали боғлаш таклиф этилган.
Бу режалар 2030 йилгача маҳаллий йўловчи ташишни ривожлантириш стратегияси лойиҳасида назарда тутилган. Ҳужжат ҳозирча лойиҳа мақомида бўлиб, Президент қарори лойиҳаси сифатида тақдим этилган.
Стратегияга кўра, 2030 йилгача йирик шаҳарларда аэропортлар ва вокзалларни боғловчи учта темирйўл линияси қурилиши режалаштирилган. Улар:
- Тошкент вокзали ва янги аэропорт;
- Бухоро вокзали ва янги Бухоро аэропорти;
- Урганч вокзали ва Урганч халқаро аэропорти ўртасида ташкил этилади.
Ҳужжатнинг молиялаштириш қисмида Паркент — Тошкент янги аэропорти йўналишидаги яна бир тармоқ ҳам келтирилган.
Биринчи линияни 2026 йилда, қолган иккитасини 2029 йилгача ишга тушириш, учаласини эса 2030 йилгача фойдаланишга топшириш таклиф этилган.
Қурилиш учун 68 миллион доллар ажратилиши мумкин
Тошкент ва Бухоро йўналишларидаги линияларни тижорат банклари кредитлари ҳисобига молиялаштириш таклиф қилинган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2029 йилда 30,6 миллион доллар, 2030 йилда эса 37,4 миллион доллар ажратилиши кўзда тутилган. Жами маблағ 68 миллион долларни ташкил этади.
Бироқ ҳар бир линиянинг алоҳида қиймати ҳозирча кўрсатилмаган. Урганч йўналишини молиялаштириш манбаси ҳам ҳужжатда аниқ белгиланмаган. Маблағлар техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилгандан кейин аниқлаштирилиши айтилган.
2027 йил июлидан Тошкент агломерациясида «Тошкент-Шимолий» ва «Тошкент-Жанубий» вокзаллари, халқаро аэропорт ҳамда марказий автовокзал ўртасида ягона транспорт алоқасини ташкил этиш режалаштирилган.
Чирчиқ, Янгиўл, Ангрен ва Олмалиқдан қатнайдиган шаҳар атрофи электропоездлари сонини 1,5 баробар ошириш таклиф этилган. Йўловчилар учун эса поезддан метрога тўғридан-тўғри ўтиш имконияти яратилади.
Стратегия лойиҳасида аэропортлар, темирйўл вокзаллари ва автовокзалларни боғловчи 20 та жамоат транспорти йўналишини босқичма-босқич ишга тушириш назарда тутилган.
Режага кўра, йўналишлар сони 2026 йилда 5 та, 2027 йилда 8 та, 2028 йилда 14 та, 2029 йилда 16 та ва 2030 йилда 20 тага етказилади.
Транспорт турлари ўртасидаги ўртача ўтиш вақтини 2025 йилдаги 22 дақиқадан 2030 йилга бориб 10 дақиқагача қисқартириш мақсад қилинган.
Бунинг учун Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч, Нукус ва Фарғонада олтита транспорт узели ташкил этилади.
2028 йил 1 январдан «Бир йўл» миллий рақамли платформасини ишга тушириш таклиф этилган.
У орқали йўловчилар поезд, самолёт, автобус ва шаҳар транспорти ҳақида маълумот олиши, «эшикдан эшиккача» сафарини режалаштириши ва ягона электрон чипта расмийлаштириши мумкин бўлади.
2028 йил 1 апрелдан барча транспорт турлари учун ўзаро мувофиқлаштирилган ягона жадвал жорий этиш режалаштирилган.
2030 йилгача ягона платформадан фойдаланадиган йўловчилар улушини 25 фоизга етказиш кўзда тутилган.