Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан ўтказилган таҳлил мазкур давр мобайнида мамлакатимизда юк ташиш айланмасида сезиларли ўсиш бўлганлигини кўрсатди. Барча транспорт турларида умумий юк айланмаси 2017 йилдаги 66,9 миллиард т-км.дан 2022 йилда 75,2 миллиард т-км.га ошди.

Хусусан, 2017-2022 йилларда темир йўл транспортида ташилган юк айланмаси 22,9 миллиард т-км.дан 24,9 миллиард т-км.га ошган. Автомобиль транспортининг ҳиссасига тўғри келувчи юк айланмаси қарийб 1,5 баробар ошган. Агар таҳлил қилинаётган давр бошида мазкур кўрсаткич 13,6 миллиард т-км.ни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 20,2 миллиард т-км.га етди.

2017-2022 йилларда ҳаво транспортининг юк айланмаси 2 баробарга, яъни 156,9 миллион т-км.дан 322,7 миллион т-км.гача ошди.

Транспорт хизматлари бозори ва инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида бир қатор тадбирлар белгиланган. Жумладан:

- ҳудудларда юклар шаклланишининг асосий нуқталарини ҳисобга олган ҳолда транспорт-логистика марказлари тармоғини ташкил этиш;

- халқаро юк ташувларидаги транспорт ҳужжатларини («e-Permit», «e-TIR», «e-CMR» ) электрон кўринишга босқичма-босқич ўтказиш;

- мавжуд контейнер терминалларини давлат-хусусий шериклик асосида ривожлантириш;

- темир йўлда контейнер ташиш улушини камида 2 баробар ошириш режалаштирилган.

Умуман айтганда, юк айланмасининг барқарор ўсиши транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва ташқи савдо фаолиятини эркинлаштириш натижасидир. Келгусида юк айланмасини янада оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар замирида рақамлаштириш, инфратузилмаларни модернизация қилиш ва ташувчилар учун қулай шарт-шароитларни яратиш ётади.