Баъзан бундай хасталикларни нефролог ва уролог биргаликда даволашига тўғри келади. Уронефрология – буйрак ва пешоб чиқариш йўллари туғма нуқсонларини аниқлаш ва даволаш билан шуғулланиб, урологиянинг нефрология билан кесишув нуқтаси ҳисобланади.
Ана шундай хасталиклардан бўлган гидронефроз ва уретрогидронефрозда кўпинча болаларда шикоят бўлмайди. Фақат баъзида уларда иситма ёки пешоб таҳлилида ўзгаришлар кузатилади. Булар аниқланганда, зудлик билан нефрологга мурожаат қилиш лозим. Чунки бу касалликларга уролог ва нефролог кўригидан кейингина аниқ ташхис қўйиш мумкин.
Болада буйрак ва пешоб йўлларидаги нуқсонлар аниқланса, лозим бўлганда, урологлар томонидан операцион даво чоралари таклиф этилади. Бу каби туғма нуқсонларни ўз вақтида операция усулда бартараф этиб, табиий ҳолатга келтирилмаса, пешоб димланиши ва инфекция ривожланиши оқибатида буйраклар ишдан чиқади. Буйрак етишмовчилиги юзага келгандан кейин уларни сақлаб қолишнинг деярли имкони бўлмайди.
Ҳозирда Болалар миллий тиббиёт марказида доимий равишда гемодиализ муолажасини олаётган болалар орасида узоқ йиллар давомида буйраклар ва пешоб йўллари туғма нуқсонлари билан яшаб юрган, оқибатда сурункали буйрак етишмовчилигининг сўнгги босқичи ривожланган беморлар борлигини афсус билан айтамиз. Улар туғма нуқсон билан яшайверган, ота-онаси болада шикоят бўлмагани учун уни соғлом деб ўйлаб, таҳлиллар топширмаган. Бола оғир аҳволга тушиб, шифокорга мурожаат қилгач, текширувларда буйраклар тўлиқ ишдан чиққани аниқланяпти. Бу — жуда ачинарли ҳолат.
Биз мутахассис сифатида бундай болаларга доимий гемодиализ муолажаси ёки буйрак трансплантацияси тавсия қилишдан бошқа иложимиз қолмайди. Шунинг учун ҳам ота-оналардан фарзандларининг саломатлигига бефарқ бўлмай, уларни мунтазам шифокор кўригидан ўтказиб туришларини сўраб қоламан.
Комилжон Ҳамзаев,
Болалар миллий тиббиёт маркази нефрология бўлими шифокори,
тиббиёт фанлари номзоди