Тунов куни ижтимоий тармоқларда “Айни пайтда энг ватанпарвар халқ қайси?” дея бир нечта вариантдан иборат сўровнома жойладим. Ҳамма ўз билганини илгари сура бошлади. Кимдир кўчаларида байроғи ҳилпираб турган туркларни ватанпарвар, деса, бошқа биров ҳамма жойни ўз уйидек озода тутадиган японларни мақташга тушди.
Баъзилар бутун дунё аҳлининг қўлига “Айфон”ини тутқазиб қўйган АҚШни, айримлар эса “Жумонг”, “Тангем” каби тарихий сериалларни ишлаган Жанубий Кореянинг аҳолисини энг ватанпарвар халқ деб таърифлади. Бироқ деярли ҳеч ким “Ўша ватанпарвар — бизмиз”, демади.
Одамларга бошқа бундай савол бермайдиган бўлдим. Сўровномани ҳам таг-туги билан ўчириб юбордим. Наҳот орамизда ватанпарварлар бўлмаса? Ҳар сафар 14 январь — Ватан ҳимоячилари кунида туғилганимни фахр билан айтсам, одамлар “Туғма ватанпарвар экансиз-да”, дея ҳазиллашади. Ҳар гал қаддимни кериб, “Албатта”, дердим. Аммо юқоридаги воқеадан кейин ўйланиб қолдим.
Сўнг теварак-атрофимдан ватанпарвар инсонларни қидира бошладим. Биласизми, сон-саноқсиз ватанпарвар юртдошларимизни топдим. Ҳа, улар биз билан шундоқ ёнма-ён яшамоқда. Лекин биз уларни пайқамаймиз. Сабаби “Кичкина табиб” фильмида айтилганидек, қалбимиздан “Кичкина қанотлари бор оппоқ фаришталар кетиб қолган”ида бўлса керак. “Ватанпарвар” сўзига бундай муносабат эса унинг сийқасини чиқариб қўллаганимизда бўлса не ажаб. Одатда ватанпарварлик, миллатсеварлик, халқпарварлик каби сўзлар қанча кўп айтилса, оҳори шунча тез тўкилади. Ҳолбуки, бундай фазилатлар айтилмайди, кўрсатилади. Кимдир қайсидир эзгу иши билан кўрсатса, биз уни ҳис қиламиз. Мен сизга айтиб бермоқчи бўлган ҳикоялар ватанпарварликнинг асл моҳияти ҳақида сўзлайди. Улар эртакка ўхшаб туюлади. Аммо сизни ухлатмайди, аксинча уйғотади. Қор қоплаган туйғуларингизнинг чечак каби очилишига туртки беради. Қалбингизни қувватлантиради. Ахир улар — уйғотувчи эртаклар.
У инсонпарварлик
Қуёш аллақачон тоғлар ортига чўккан эди. Аммо анҳор бўйида ўтирган уч қизалоқ ўйин билан овора бўлиб, қош қораяётганини пайқамади. Пишқириб оқаётган Бўрижар каналидаги сув худди бўрига ўхшаб ув тортарди. Бироқ унинг овозини катта шаҳарнинг шовқин-сурони ютиб юборарди.
Қизалоқлардан бири уйига кетмоқчи эканини айтгач, ўйин тўхтади. Бошқаси эса аввал оёғини ювиб олишини айтиб, анҳор томон югурди. Сув бўйига яқинлашганда, тўсатдан сирпаниб, канал ичига тушиб кетди. Унинг қичқириғини эшитган дугонаси ёрдам бериш учун ўзини сувга отди. Аммо у ҳам чўка бошлади. Учинчи қиз эса нима қилишини билмай қолди. Сўнг хаёлини йиғиб, одамларни ёрдамга чақирди. Шу атрофдан ўтиб кетаётган бир аёл кўмакка шошилди. Аммо қизлардан бири қирғоққа яқинроқда бўлса, иккинчиси канал ўртасида оқиб борарди.
Аёл қирғоққа яқин қизни қутқаришга уринди. Бироқ иккинчи қизни сув оқим бўйлаб олиб кетди. Шу тобда канал яқинида яшовчи Абдуманноп Самиковнинг кўзи оқиб кетаётган қизчага тушиб қолди. Аввалига сувдаги болага қараб, уни ўзининг боласи деб гумон қилди ва ортида турган ўғлига: “Қара, уканг оқиб кетяпти!” дея бақирганча сув томон югурди. Канал бўйига тушишдан олдин ўғли бу унинг укаси эмаслигини, укаси ҳовлида ўйнаб юрганини айтди.
Абдуманноп ака сувга сакради ва чўкаётган қизалоқни тутиб қолди. Норасидани сув бўйига олиб келди, аммо ўзи сувдан юқорига кўтарила олмади. Катта ўғли отасининг қийин аҳволда қолганини кўриб, ўзини сувга отди. Абдуманноп ака оқимга қаршилик қилишдан жуда ҳориганди. Қўлидаги болани ўғлига берди-ю, ўзи ғарқ бўлди. Бу орада бошқалар ёрдамга келиб, йигитни ва қизалоқни қутқарди. Аммо қаҳрамоннинг ўзи сувга тушган нурдек ғойиб бўлганди...
2025 йил 3 май куни содир бўлган ушбу кўнгилсиз воқеада икки қизалоқнинг ҳам жони омон қолди, аммо бир ватандошимиз бу эзгу иш йўлида ўзини фидо қилди. Айтинг-чи, бу ишни инсонпарварлик, халқсеварлик демай бўладими? Аслида, мана шунинг ўзи ватанпарварлик эмасми?
Орадан бир ой ўтиб, Президентимизнинг “Бир гуруҳ фуқароларни “Жасорат” медали билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, қаҳрамонлик кўрсатган юртдошларимизнинг матонати ва инсоний фазилатлари эътироф этилди ҳамда давлат мукофоти билан тақдирланди. Улар орасида Абдуманноп Самиков ҳам бор эди...
Фидойилик
Пандемия бутун дунёни таҳликага солган даврлар эди. Ўшанда одамлар ҳар куни қанча одам коронавирус туфайли вафот этгани ҳақидаги статистикани ўқиб, тирик қолгани учун шукрона айтарди. Мамлакатимизда ҳам қатъий карантин тартиби ўрнатилган эди.
Ўша кезларда Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлардим. Бир куни раҳбаримиз келиб: “Тез тайёрланинг, журналистлар билан Зангиотадаги юқумли касалликлар шифохонасига бориб, у ердаги жараённи батафсил ёритиб келасиз”, деди. Шифохонада махсус карантин ҳудуди ташкил этилиб, коронавирус билан касалланганлар даволанаётган эди. Аввалига юрагим увушиб, пешонамдан совуқ тер чиққандай бўлди. Жон дегани ширин экан-да. Айниқса, ҳар куни эълон қилинаётган ўлим ҳақидаги хабарлар кишида ваҳима уйғотаркан. Бу ҳудуд соғлом одам учун нақ вируснинг ўчоғи эди ахир. Бўлмади, охири журъат топиб: “Менми?” деб сўрадим овозим қалтираб. “Ҳа, сиз. Қайсидир куни мен ҳам бориб келдим. Мана юрибман-ку”, деди раҳбаримиз ўта хотиржамлик билан.
Хуллас, 10-20 чоғли журналист билан айтилган манзилга бордик. Киришимиздан олдин шифокорлар карантин талаблари ва беморлар билан хавфсиз мулоқот талабларини тушунтирди. Махсус ҳимоя кийимлари берилди.
У ерда шифокор ва ҳамшираларнинг беморларни даволаш учун жонини жабборга бериб ишлаётганини кўргач, ичимдаги ҳадикдан асар ҳам қолмади. Оқ либос эгалари ўз ҳаётини хатарга қўйиб, хасталар тузалиши учун астойдил курашаётган эди. Ўшанда касбга садоқат, фидойилик қандай бўлишини теран ҳис қилдим. Халқ учун фидойилик билан хизмат қилган бундай инсонларни ватанпарвар, десак, асло муболаға бўлмайди.
Ортиқча таърифу тавсифга зарурат йўқ. Зотан, бу даврни бирга бошдан кечирдик. Шифокорларнинг фидойилигини ўз кўзимиз билан кўрдик. Агар бир оз ёдингиздан кўтарилган бўлса, Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғи ёдгорлик мажмуаси ёнидаги “Тиббиёт ходимлари хотираси” хиёбонини сайр қилинг. Бу ерда пандемия пайтида беморлар ҳаётини қутқариш учун ўзини фидо қилган шифокорлар ва ҳамширалар ҳақида маълумотларга эга бўласиз.
Қаҳрамонлик
— Энди иложи йўқ.
— Бизни “синдиришди”.
Кийиниш хонасида турнақатор тизилиб ўтирган ўсмирларнинг хаёлида мана шу фикр айланарди. Улар бу сўзларни ошкора айтишдан, бир-бирига умидсиз нигоҳини кўрсатишдан ийманарди.
Барча бошини қуйи солиб ўтирарди. Зинҳор бир-бирига тик қарамасди. Чунки ҳали ўйин тугамаган, кўзидаги ёшни жамоадошига кўрсатгиси келмасди. Ахир кўз кўзга тушганида бехосдан ичдаги сўзларни айтиб юбориш, ўзининг умидсизлигини жамоадошига ҳам юқтириш мумкин эди.
Шу пайт хонага мураббий кириб келди. У шогирдларининг нигоҳига боқди. Чунки мураббий кўзидаги ишонч, умид, жасорат, ватанпарварлик туйғуларини шогирдлари кўнглига кўчириши керак эди. У “Ғалаба қозонишни хоҳлайсизларми?” деб сўради. Ҳеч ким жавоб бермади — ахир шусиз ҳам ҳаммаси тушунарли эди — зафар қучишни ким истамайди?! Мураббий ишонч ва қатъият билан сўзида давом этди: “Агар ғалаба қозонишни истасангиз, курашинг. Чунки ўйин тақдирини ўзингиздан бошқа ҳеч ким ўзгартира олмайди... Ватан шаъни, миллат ғурурини ҳимоя қилинг!”.
Мураббий овозидаги дадиллик футболчиларнинг руҳини кўтарди. Кўзларидаги ишонч чўғи эса шогирдларининг туйғуларини алангалатиб юборди.
Кейин яшил майдонда нима содир бўлганига барчамиз гувоҳ бўлдик. 2025 йил 20 апрель. Футбол бўйича Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси Осиё кубоги финалида турнир мезбонларини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, чемпион бўлди. Энг ҳайратланарлиси, ўзбекистонликлар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ иккита қизил карточка олиб, 9 киши бўлиб қолганди.
Ўйинни кузатган миллионлаб юртдошларимиз пайқагандир: йигитларимизнинг биринчи бўлимидаги ҳаракатидан иккинчи бўлимдаги ўйини фарқ қиларди. Сабаби энди улар фақат маҳорат ва жисмоний кучга эмас, балки матонат, ор-номус, ғурур, миллатсеварлик ва ватанпарварлик ҳисларига ҳам таянарди. Уларнинг натижасини ҳеч иккиланмай қаҳрамонлик деб аташимиз мумкин.
Бурч ва садоқат
(Аскарнинг ўғлига мактуби — реал воқеаларга асосланган бадиий тўқима)
Сурхондарё тоғларига ярим метрли қор ёғмоқда. Бу ернинг изғирини танангни Калашников ўқидан ҳам чуқурроқ тешиб ўтади. Елкамга оғир қурол тақилган ҳолда бу мактубимни ёзяпман. Ҳа, бугун мен шунга қарор қилдим.
Ўғлим, бу сенга ёзган сўнгги мактубимдир. Агар сен бу хатни ўқиётган бўлсанг, демак, мен аллақачон нариги дунёдаман. Нега бу мактубни ёзаётганим ҳақида сўрамоқчимисан? Ўғлим, ахир айтишади-ку, ўлим кутилмаганда келади деб. Гўё бу биз — аскарлар учун ўйлаб топилганга ўхшайди.
Ана, мен турган ердан 100 метр нарида чегара тўсиғи бор. Оппоқ қор устига ёпилган зулматда ғира-шира кўзга ташланади. Биласанми, шу чегаранинг нариги томонида, тоғли афғон ўлкасида уруш бўлмоқда. Ўлим шарпаси чегара атрофида кезади. Аммо зинҳор ва зинҳор бу томон ўтолмайди. Мен ва қуролдошларим бунга сира йўл қўймаймиз. Олисга тиккан кўзларимизни бир зум юмиб очишга ҳам ҳаққимиз йўқ. Биз буни жуда яхши биламиз. Шунинг учун тарбияландик. Бизга ўлимга тик боқиш ўргатилган. Аммо инсон ҳар қанча маҳоратли бўлмасин, қисмат олдида ожиз қоларкан. Хизмат давомида бунга кўп гувоҳ бўлдим. Шунинг учун сенга айтмоқчи бўлган, қалбимдаги сўзларни қоғозга туширяпман. Агар уйга эсон-омон қайтиб борсам, бу хатни йиртиб ташлайман.
Энг қизиғи нима, биласанми? Мен ҳатто ўлимим сабаби нима эканини ҳам билмайман. Балки чегара атрофига кўмилган минглаб миналардан бирини босиб қўйган бўламан. Ёки чегара ортидан адашиб келган дайди ўқ кўксимни тешиб ўтган бўлади. Аниғини билмайман. Аммо шуни яхши биламанки, агар бу мактубни ўқиётган бўлсанг, энди ҳаёт сенга осон бўлмайди. Ҳа, сен туяётган туйғуларни мен ҳам ҳис этганман. Мен отасиз ўсиш нима эканини яхши биламан. Отам бизни ташлаб кетган. Икки норасида гўдак — акам билан мени онамнинг ёлғиз ўзи катта қилган. Бу мактубни ўқиган пайтингда сен энди ёш бола эмассан. Кап-катта йигитсан, бир оиланинг бошисан. Бу масъулиятни, юкни сенга мерос қилиб қолдиряпман.
Ўғлим, ҳаётнинг икир-чикирларига эътибор берма. Олдингга катта мақсад қўй ва унга интилиб яша. Онангни, сингилларингни доим ҳимоя қил. Мактабдаги тенгдошларингнинг гап-сўзларидан жаҳлинг чиқмасин. Улар ҳали ёш бола, улғайгач, сени тушунишади. Ноҳақлик олдида жим турма, аммо уришиб-сўкишишдан фойда йўқ, буни ҳам унутма. Ҳақиқатга уруш билан эришиб бўлмайди.
“Эртага “оталар мажлиси”, ҳамманинг отаси келиши шарт”, дейдиган, 30-40 чоғли синфдошинг орасида “Отаси йўқлар қўлини кўтарсин”, дейдиган ўқитувчиларинг билан талашма. Амакингга айтсанг, ўрнимга мажлисга боради. 9 май ёки 14 январда фахрий ёрлиқ, совға-салом кўтариб келадиган, сени бағрига босиб камера олдида жилмайиб турадиган масъуллардан жаҳлинг чиқмасин. Улар ҳам ўз вазифасини бажаряпти.
Сўнгги ўгитим: ҳеч қачон “Отам йўқ”, деб бошингни эгма. “Етиммисан?” деб сўраса, мулзам бўлма. Сен нега бошингни эгишинг, нега мулзам бўлишинг керак?!
Ахир мен юртдан олисда, одамларнинг тинчини бузиб, бузғунчилик қилиб ўлмадим. Ҳатто касалликдан ёки кутилмаган автоҳалокатдан умрим поёнига етмади. Мен шу Ватан учун, халқ учун, сенинг келажагинг учун жон фидо қилдим. Сен бундай савол берганларнинг кўзига қараб: “Ҳа, отам йўқ. Отам сен ва мана шу халқнинг тинчлиги, давлатнинг келажаги учун фидо бўлган”, деб айт.
Ўғлим, мен қандай вафот этишимни билмайман, аммо қандай яшаганимни, нима учун жонимни қурбон қилганимни яхши биламан. Шуни унутма: ичган онтимга, бурчимга содиқ қолдим. Мен Ватан олдидаги сўнгги вазифамни бажардим. Сени ўқитиб, яхши одам қилиб етиштирса, халқимиз, давлатимиздан рози бўламан. Ўғлим, мен сени жуда яхши кўраман.
Эзгулик
Мақолага нуқта қўярканман, эшик тақиллади. Саҳифаловчимиз келиб, газета тайёр бўлганини, босмахонага олиб бориш кераклигини айтди. Босмахонага бордим. Газетани чоп этиб, шаҳар ташқарисидаги бошпанам томон йўл олдим.
Тун чекиниб, аста-секин тонг ёришиб келмоқда. Қишнинг айни чилласи. Кўчада қолиб кетсангиз, туннинг қора совуғидан жон сақлаб қоларсиз, аммо эрталабки изғириннинг заҳри танангизни фалажлай дейди. Менга бу совуқ таъсир этмаяпти, чунки иссиққина машинада уйга қайтяпман. Машина деразасидан ташқарига қарайман.
Кўчада иш қуролларини кўтариб олган ободонлаштириш бўлими ходимларига кўзим тушди. Бу совуқнинг заҳрини улар сезаётган бўлса керак. Улар совуқ қиличини меҳнат ўти билан енгяпти.
Бир оз юргандан сўнг кўча четида ёрилган қувурни сув кечиб тузатаётган одамларга кўзим тушди. Уларни кўриб ичимга совуқ ҳаво киргандай бўлди. Яна машина ойнасидан электр симини кўтариб, симёғочга тирмашиб чиқаётган одамни кўрдим. Хаёлимга “Мана бу инсонлар ҳам ватанпарвар” деган гап келди. Фикримни жамлаб, ватанпарварлик бу — ҳалол меҳнат, ўз ишини сидқидилдан бажариш деб хулоса қилдим.
Ҳатто олис мамлакатларда юк машина ҳайдаб, совуқ ўрмонларда ишлаб, уйга пул юбориш ҳам ватанпарварликдир. Ахир улар оиласи яхши яшаши учун ишлаяпти. Оила эса Ватан ичидаги кичик бир ватан.
Кейин ватанпарварликнинг бошқа қирраларини ҳам кашф қилдим. Охири, шундай хулосага келдим: ватанпарварлик бу — барча эзгу ишлар инъикосидир.
Шунда ҳайдовчи акамиз “Санжарбек, бугун туғилган кунингиз экан”, дея савол бериб хаёлимни бўлди. “Зўр кунда туғилган экансиз, қўшалоқ байрамлар муборак бўлсин. 14 январда туғилиш ҳар кимга ҳам эмас. “Туғма” ватанпарвар экансиз-да”, деб табассум қилди.
“Ҳа, албатта”, дедим оғзимни тўлдириб, қувноқ оҳангда. Табрик учун раҳмат айтиб, яна хаёллар оғушига чўмдим. Атоқли шоирамиз Ҳалима Худойбердиеванинг ушбу сатрларини такрорладим:
Кундуз юриб ёздим, тун туриб ёздим,
Ёзганда кўксимга тиғ уриб ёздим.
Дардларимга сиёҳ кор қилмай қолгач,
Қаламни қонимга ботириб ёздим.
Қон асли ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк,
Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.
Қанча қонинг бўлса — Ватан учун тўк,
Қанча шонинг бўлса — Ватанни кўтар!
Санжар ЭШМУРОДОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири