Ҳар қандай мамлакат тараққиётига кучли таъсир кўрсатадиган соҳалардан бири туризмдир. Жаҳонда мазкур тармоққа “иқтисодиёт драйвери” сифатида қаралади. Зеро, ушбу соҳа равнақи барча инфратузилмаларни ривожлантиришни тақозо этади, бу эса мамлакатнинг жаҳондаги имижи ошиши, обрў-эътибори мустаҳкамланишига туртки беради.
Энг қадимги тамаддун ва маданиятлар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон туризм жозибадорлиги жиҳатидан дунёдаги саноқли давлатлардан бири. Мамлакатимизда 7 мингдан зиёд нодир тарихий ёдгорлик ва улуғвор ҳамда бетакрор архитектура намуналари мавжуд. Юртимизнинг бой ва ранг-баранг табиати, сўлим қўриқхоналари ва миллий боғлари ҳар қандай кишида ижобий таассурот уйғотади. Халқимиз миллий маданият, санъат ва ҳунармандчиликнинг кўп асрлик анъаналарини авайлаб-асраб келаётгани, жаҳонга машҳур миллий таомларимиз ва пазандачилик соҳасидаги анъаналаримиз сақланиб қолгани дунё аҳлини ўзига ром этиб, катта қизиқиш уйғотиб келади.
Замонавий туризм маданият, санъат, меъморчилик, ҳунармандчилик, транспорт, ижтимоий ва хизмат кўрсатиш тармоқларининг юқори даражада ривожланишига асосланган бўлиб, бу охир-оқибат уни иқтисодиётнинг юқори рентабелли ричагига айлантиради.
Шу боис, мамлакатимизда сайёҳлик тизимини жаҳон андозалари даражасида тараққий эттириш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, тармоқ корхоналарига турли имтиёзлар яратиб бериш, инфратузилмани шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Очиқлик, эркинлик, тинчлик — Янги Ўзбекистон имижи
Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг сурат ва сийратини бутунлай янгилашга қаратилган ислоҳотлар жадал тус олди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида дастлаб мамлакатимизни 2017–2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, 2022 йилдан эса Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Ушбу муҳим ҳужжатларга мувофиқ, халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, иқтисодиёт тармоқларини трансформация қилиш ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган кўламдор ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилаётган ишлар орасида туризм ривожига қаратилган чора-тадбирларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Чунки сайёҳликни равнақ топтириш ва шу орқали мамлакат иқтисодиётини кўтаришга катта салоҳият ҳамда имконият бўла туриб, Ўзбекистонда бу борада йиллар давомида қолоқлик кузатилди. Замонавий инфратузилманинг йўқлиги, хизмат кўрсатиш тизимининг абгор ҳолати, энг асосийси, мамлакатда ҳукм сурган “ёпиқлик” сиёсати, чет элликлар учун виза олиш масаласининг ҳаддан ташқари мураккаблаштирилгани, жозибадор имижнинг шакллантирилмагани кўҳна ва навқирон диёримизга келиш учун хорижликда катта қизиқиш ҳамда иштиёқ бўлса-да, уларни бу истак ва ниятлари рўёбини ортга суришига мажбур этарди.
Ўзбекистонда кеза бошлаган янгиланиш нафаси, баҳорий илиқлик бу борадаги муз каби қотиб қолган ёндашувларни бутунлай эритиб юборди. Давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси боис Ўзбекистон ташқи дунёга очилди, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув кучайди. Кўплаб хорижий мамлакатлар фуқаролари учун юртимизга виза олиш тартиби бекор қилинди ёки соддалаштирилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилган тарихий ўзгаришлар, очиқлик, ошкоралик, шаффофликнинг кенгайгани, эркинлик, тинчлик-хотиржамликнинг барқарорлиги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлади. Бу, ўз навбатида, юртимизга келаётган чет эллик сайёҳлар сони бир неча баробар ортишига сабаб бўлди.
Соҳа равнақига қаратилган дастуриламал ҳужжатлар
Бугунги кунда туризмни жадал ривожлантириш борасидаги ишлар янги кўлам касб этди. “Туризм тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Президентимизнинг ўнлаб фармон ва қарорлари, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган кўплаб ҳужжатлар бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 2 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мамлакат иқтисодиётининг стратегик тармоғи сифатида сайёҳликни жадал тараққий эттириш учун қулай иқтисодий ва ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, бу борада ҳудудларнинг улкан салоҳиятидан янада тўлиқ ва самарали фойдаланиш, тармоқни бошқаришни тубдан такомиллаштириш, миллий туризм маҳсулотларини яратиш ва уларни жаҳон бозорларида тарғибот қилиш бўйича қатор чора-тадбирларни белгилаб берди.
Президентимизнинг 2019 йил 5 январдаги “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони сайёҳликни, авваламбор, хусусий секторда ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматларнинг рақобатбардошлигини ва сифатини ошириш, миллий туризм маҳсулотини дунё бозорида фаол ва комплекс равишда тарғиб қилиш бўйича ишларни янги босқичга кўтарди.
Фармонга биноан туризм соҳасидаги норматив-ҳуқуқий база такомиллаштирилиб, халқаро меъёр ва стандартлар имплементация қилинмоқда. Инфратузилма ривожлантирилиб, мақбул ва қулай туризм муҳити яратилмоқда. Транспорт логистикасини янада яхшилаш, ички ва ташқи йўналишларни кенгайтириш, транспорт хизматлари сифатини ошириш чоралари кўриляпти.
Туризм бозорининг турли сегментларига йўналтирилган сайёҳлик маҳсулотлари ва хизматлари диверсификация қилинмоқда. Республика ичида туризм хизматларига бўлган эҳтиёжни қондиришга йўналтирилган тармоқ субъектларининг фаоллиги рағбатлантириляпти.
Ўзбекистон Республикаси туризм маҳсулотини халқаро ва ички туризм бозорларида тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ишлар натижасида мамлакатимизнинг саёҳат ва дам олиш учун хавфсиз сифатидаги имижи изчил мустаҳкамланиб бормоқда.
Туризм тармоғи учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими ҳам ривожлантириляптики, тизимнинг эртаси, келажак тараққиёти уларнинг салоҳиятига, билим ва иқтидорига боғлиқ, албатта.
Истиқболли режалар, устувор вазифалар
Юртимизда туризм инфратузилмасини янада яхшилаш ва хизматлар кўламини кенгайтириш бўйича жорий йил учун бир қатор йўналишларда устувор вазифа ва режалар белгиланган бўлиб, бу соҳанинг эртанги истиқболини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Бинобарин, 2023 йил мобайнида мамлакатимизга 7 миллион хорижий ҳамда 12 миллион маҳаллий сайёҳларни жалб этиш кўзда тутилган бўлиб, бунинг самараси ўлароқ жорий йил давомида 2 миллиард доллар миқдорида туризм хизматлари экспорти амалга оширилишига эришилади. Ўз навбатида, 170 та меҳмонхона, 58 та хостел, 45 та бошқа тоифадаги хизмат кўрсатиш тармоқлари фойдаланишга топширилиши ҳисобига сайёҳларни жойлаштириш воситалари янада ошади. Шунингдек, туризм транспорти коридори бўйлаб шарқона ва замонавий услубда “Карвонсарой”лар бунёд этилиши ҳам мўлжалланган.
Туризм юртимиз бўйлаб бирдек ривожланиши учун олис ва чекка ҳудудларда 410 та янги оилавий меҳмон уйлари қуриб битказилади. Бунинг натижасида тоғли ва тоғ олди ҳудудларида янги иш ўринлари яратиш, аҳолини доимий даромад манбаи билан таъминлаш мақсад қилинган. Айни йўналишда ҳудудларда туризм соҳасига ихтисослаштирилган 80 та янги корхона фаолияти йўлга қўйилади. Бу истиқболли тармоқларни ривожлантириш, замонавий хизмат турларини кенгайтириш, қулай ва самарали инфратузилма объектларини шакллантириш имконини беради.
Хорижий сайёҳларни жалб этишда қулай транспорт хизмати, хусусан, авиақатновлар мунтазамлигини таъминлаш, арзон, сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатилишига эришиш жуда муҳим. Шу жиҳатларни инобатга олиб, жорий йилда Самарқанд шаҳрида хорижий авиакомпанияларни доимий авиақатновларни амалга оширишга жалб қилиш мақсадида “Uzbekistan Airports, Aviation & Logistics Forum” II халқаро форумини ташкил этиш кўзда тутилмоқда.
Жорий йил давомида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси томонидан 12 та “Airbus A 320” самолёти ва “Airbus H 145” вертолёти харид қилиниши натижасида зиёрат туризми салоҳияти юқори бўлган Малайзия, Индонезия, Ҳиндистон, Бангладеш, Араб мамлакатлари, Россиянинг Татаристон ва Бошқирдистон ўлкаси ҳамда қўшни республикаларга парвозлар кўпайтирилади.
Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқандга Абу-Даби шаҳридан парвозларни амалга ошира бошлаган Венгриянинг “Wizz Air” авиакомпанияси қатновлари шу йилдан ҳафтасига камида тўрт мартага етказилади ҳамда Европанинг Венгрия, Руминия, Италия ва Кипр мамлакатларига мунтазам авиақатновларни йўлга қўйиш чоралари кўрилади.
Ҳудудларнинг ўзига хос имкониятлари
Мамлакатимизда туризм соҳасини бир пайтнинг ўзида ҳам миллий, ҳам замонавий мезонлар асосида ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусияти, қулай ва табиий имкониятларидан унумли фойдаланишга катта эътибор қаратиляпти.
Жумладан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили 19 сентябрь куни мамлакатимизнинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган видеоселектор йиғилишида соҳа мутасаддиларига элчихоналар ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликда “Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси” брендини тарғиб қилиш бўйича кўрсатмалар берди.
Бу бежиз эмас, албатта. Самарқанд ўзининг бетакрор шарқона қиёфаси, бебаҳо қадимий обидалари, жозибадор табиати, асрий қадриятлари, бой маданий мероси билан дунё жамоатчилигини ҳайратлантириб келади. Бу қадимий шаҳар Рим, Афина, Вавилон, Фива каби дунёнинг энг кўҳна кентлари қаторида тилга олинади. “Самарқанд — ер юзининг сайқали” деган таъриф ана шундан келиб чиққан.
Давлатимиз ушбу фирдавсмонанд шаҳарнинг туризм имкониятларидан самарали фойдаланишга алоҳида аҳамият бермоқда. Шаҳарда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, улкан бунёдкорликлар нафақат мазкур ҳудуд тараққиётини таъминлаш, балки ушбу афсонавий кентнинг дунё саҳнасидаги тарихий ўрни ва шуҳратини қайта тиклаш, уни “Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси”га айлантириш, бу ерда юртдошларимиз ҳамда сайёҳлар учун барча замонавий инфратузилмани яратишга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллиги ҳамда сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси олдидан ғоят улуғвор меъморий мажмуа — “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказининг фойдаланишга топширилиши бу йўлда ниҳоятда истиқболли лойиҳалардан бири бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси асосида бунёд этилган ушбу марказ бутун дунё нигоҳини яна бир бор Самарқандга қаратди. Давлатимиз раҳбари ушбу тарихий иншоотнинг тантанали маросимида таъкидлаганидек, халқимизнинг ақл-заковати ва фидокорона меҳнати билан бунёд этилган ушбу мажмуа Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги яна бир салмоқли, зафарли натижа бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Бинобарин, халқаро туризм марказининг муҳташамлиги, кўркию салобати, мазмунию аҳамияти мамлакатимиздаги бошқа бунёдкорлик обидаларидан тубдан фарқ қилади.
“Боқий шаҳар” мажмуаси, Конгресс холл, 8 та замонавий меҳмонхона, амфитеатр ва кўплаб бошқа объектларни ўз бағрига сиғдирган кўп тармоқли комплекс Самарқанд туманида 212 гектар майдонда қад ростлаган.
Иншоотнинг кўркамлиги, жозибадорлиги Самарқанд шаҳрининг тарихий обрў-нуфузига ниҳоятда мос, бу ердаги мовий гумбазли, асрлар қаъридан мағрур бош кўтарган муаззам миноралар, беқиёс обидалар меъморий ансамблини мазмунан тўлдириб, уларга тилла узукка марварид кўз қўйгандек ярашиб турибди. Катта миқёсдаги сайёҳлар оқимини жалб этмоқда.
Келгусида ҳам ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос имкониятларидан фойдаланган ҳолда туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар изчил давом эттирилади. Хусусан, Навоий вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, экотуризм, агротуризм, гастрономик туризм, тиббиёт туризми йўналишларида истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилади. Бу борада вилоятнинг тарихий масканлари, табиий-маданий ёдгорликлари, фусункор табиати, ҳар бир ҳудудга хос қадрият ва анъаналардан унумли фойдаланилади.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрини тарихий ва замонавий тараққиёт мезонларини ўзида уйғунлаштирган “Туризм маркази”га айлантириш бўйича изчил саъй-ҳаракатлар давом эттирилади. Шунингдек, воҳанинг яна бир мафтункор ҳудуди — Китоб туманида туризм ривожи учун зарурий инфратузилмани ривожлантиришга катта эътибор қаратилади.
Нуфузли анжуманлар сайёҳларни жалб этади
Хабарингиз бор, ўтган йили Франциянинг дунёга машҳур Лувр музейида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини намоён этиш мақсадида ташкил этилган кўргазма мамлакатимизнинг бу борадаги халқаро имижини яхшилашда катта самара берди. Бу йил ҳам худди шу каби ярмарка ва экспозицияларни Европа, Жанубий-Шарқий Осиё, Америка мамлакатларида ҳам ташкил этиш чораларини кўриш устувор вазифа сифатида белгиланган.
2023 йилги муҳим воқеликлардан бири шуки, жорий йилда Бутунжаҳон туризм ташкилоти Бош Ассамблеясининг 25-юбилей сессиясини Самарқандда ўтказиш режалаштирилган. Сессия доирасида халқаро аҳамиятга молик 20 дан ортиқ тадбирлар ташкил этиш ҳамда “Ипак йўли туризми мукофоти”ни таъсис этиш ҳам кўзда тутилмоқда.
Маълумки, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланди. Унга мувофиқ, вазирлик масъул бўлган жами 36 та, шундан 12 та асосий ҳамда 24 та ижрочи сифатида белгиланган вазифалар мавжуд. Ҳозирда ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида амалий ишларга киришилди.
Куни кеча Президентимиз раислигида мамлакатимиз туризм салоҳиятини ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳам бу йил Ватанимизнинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши кераклиги алоҳида таъкидланди. Бу йил 7 миллион хорижий ва 15 миллион ички сайёҳларни жалб қилиш, соҳа экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш имконияти борлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу ўринда айтиш жоизки, жорий йил давомида “Бахшичилик санъати”, “Шарқ тароналари”, “Мақом санъати” “Гуллар байрами”, “Баҳор нафаси”, Камер ва симфоник мусиқаси каби халқаро даражадаги фестиваллар ҳамда “Маданият карвони” мақом ансамбли концертлари ҳам ўтказилади.
Вазирлик тасарруфидаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан “Дўстлик” фестивали ва “Бағрикенглик” ҳафталиги каби муҳим тадбирлар ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган. Айни пайтда Давлат дастурида белгиланган вазифаларни пухта ва ўз муддатида бажариш бўйича вазирликнинг алоҳида режаси ишлаб чиқилиб, унда белгиланган вазифалар ижроси доимий назорат қилиб борилади.
Хулоса ўрнида айтганда, бугун туризм дунёда ҳар қандай мамлакатнинг ўзига хос “ташриф қоғози”, иқтисодиёт равнақ-ривожи, қулай инвестиция муҳити яратишда жозибадор, рақобатбардош соҳа сифатида эътироф этилиши бежиз эмас. Бу соҳага қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат яқин истиқболда Ўзбекистоннинг жаҳонда туризми энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин эгаллашига ишонч уйғотади.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири